Охирги йилларда олтин билан нималар бўлди?
The New York Times маълумот беришича, 2022 йилда Россиянинг Украинага босқинидан кейин АҚШ ва Евроиттифоқ давлатлари Россия Банкининг асосан доллар ва еврода жойлаштирилган қарийб 300 миллиард долларлик захираларини музлатиб қўйган. WGC маълумотларига кўра, бунинг ортидан 2022–2024 йилларда марказий банклар ўз захираларига ҳар йили 1000 тоннадан ортиқ олтин қўшиб борган.

2026 йил январида олтиннинг бир унцияси 5405 долларгача кўтарилиб, тарихий максимумга етди, биринчи чорак бўйича ўртача нарх эса 4873 долларни ташкил этди - бу рекорд даражадаги чораклик кўрсаткич ҳисобланди. Май ойи бошларига келиб нархлар бир унция учун 4500 доллар атрофида бўлди.

Gold Demand Trends Q1 2026 ҳисоботига кўра, жаҳонда олтинга бўлган умумий талаб (биржадан ташқари бозорни ҳам ҳисобга олганда) ўтган йилга нисбатан 2% га ошиб, 1231 тоннани ташкил этди. Пул ифодасида эса умумий талаб 193 миллиард долларга етди.
Нега марказий банклар олтин улушини оширмоқда
Россия валюта захираларининг бир қисми музлатиб қўйилиши марказий банкларнинг хорижда жойлаштирилган валюта активлари санкциялар орқали блокланиши мумкинлигини кўрсатди. WGC таҳлиллари ва The New York Times нашри материалларида олтин бошқа бир давлат ёки банкнинг мажбурияти ҳисобланмайдиган актив деб таърифланади, шунинг учун у бундай хатарларга камроқ дучор бўлади.
2010 йилдан бошлаб марказий банклар умумий ҳисобда олтиннинг нетто-харидорларига айланиб, унинг захиралардаги улушини ошириб боришди, 2022 йилдан кейин эса бу жараён янада тезлашди. WGC маълумотларига кўра, 2026 йилда Яқин Шарқдаги уруш қўшимча омил сифатида таъсир қилди: 28 февралда АҚШ ва Исроилнинг Эронга зарбалари ортидан олтин нархи тарихий максимумларни янгилади.










