Жамият | 13:42
766
1 дақиқада ўқилади

Telegram-бот орқали гиёҳвандлик воситаси сотганлар аниқланди

Хоразм вилоятида Telegram-бот орқали гиёҳвандлик воситасини сотиш билан шуғулланган шахслар фаолияти фош этилди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги департамент

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиариқ тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Telegram мессенжерида канал-бот ташкил этган шахслар томонидан гиёҳвандлик воситасининг ноқонуний савдоси амалга оширилгани аниқланди.

Маълум бўлишича, ушбу шахслар фуқарога 0,5 грамм гашиш гиёҳвандлик воситасини сотишга келишиб, моддани бот орқали тақдим этилган геолокация бўйича Урганч тумани, “Киллавут” маҳалласидаги уй олдида қолдирган. Гиёҳвандлик воситаси учун тўлов сифатида эса 224,4 минг сўм фуқаро Я.Г.нинг банк картасига ўтказиб олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 273-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, иш материаллари терговга тегишлилиги бўйича юборилган.

Ҳозирда ушбу ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид