Жамият | 20:34 / 15.01.2026
3811
2 дақиқада ўқилади

Хатирчида 6 ойлик чақалоқ отаси оғзига пайпоқ тиқиши оқибатида вафот этди

Ота боласини йиғлагани учун урган ва сўнгра оғзига пайпоқ тиқиб қўйган. Оқибатида у кўкара бошлаган. Бола зудлик билан шифохонага олиб борилган. Аммо кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай 5 кун ўтиб, вафот этган.

Фото: Shutterstock

Навоий вилоятининг Хатирчи туманида эркак ўзининг 6 ойлик ўғлини ўлдириб қўйди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.

Маълум бўлишича, ҳолат 9 январ куни содир бўлган. Чақалоқ йиғлагани учун ота ўғлини урган ва унинг оғзига пайпоқ тиққан. Шундан сўнг чақалоқнинг аҳволи оғирлашиб, кўкара бошлаган.

Чақалоқ онаси томонидан зудлик билан шифохонага олиб борилган. Аммо кўрсатилган тиббий ёрдам унинг ҳаётини сақлаб қолмаган: бола 14 январ куни соат 11:30 лар атрофида шифохонада вафот этган.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (қасддан оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи Ф.Н. қўлга олинган.

Марҳум боланинг онаси гумонланувчининг шаръий никоҳдаги иккинчи турмуш ўртоғи бўлган. Бу оиласидан 2 фарзанди бўлиб, иккала бола доимий равишда калтакланган. Вафот этган чақалоқ йиғлаганда унинг оғзига нам салфеткалар, ёстиқ ёки пайпоқ тиқилган. Шунингдек, эркак аввалги оиласидаги фарзандларига нисбатан ҳам мунтазам равишда жисмоний зўравонлик қилиб келгани айтилмоқда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид