Кўчмас мулк | 07:23
5071
2 дақиқада ўқилади

Шаҳар қиёфасини қаватлар белгилайди: энг баланд бинолар рейтинги

Қурилишдаги қаватлар сони шаҳарларнинг умумий кўринишига таъсир қилади. Инфографикада дунё мамлакатлари энг баланд (кўп қаватли) бинолардаги қаватлар сонига қараб турли рангларда ажратиб кўрсатилган.

Фото: AP

Осмонўпар бинолар кўп мамлакатларда қурилади, аммо дунёда 100 қаватдан баланд бинолар унчалик ҳам кўп эмас. Энг кўп қаватли осмонўпар бино — Дубайдаги Бурж-Халифа (БАА). Унда техник қаватларни ҳисобга олмаган ҳолда 162 қават бор (айрим манбаларда 163 деб кўрсатилади).

Иккинчи ўринда Шанҳайдаги (Хитой) Шанҳай минораси — 128 қават. Қаватлар сони бўйича учинчи бино Сеулда (Жанубий Корея) жойлашган: Lotte World Towerда 123 қават бор.

Ғарбий яримшардаги энг кўп қаватли бино — Чикагодаги Уиллис-тауэр. Унда 108 қават бор. Европада энг кўп қаватли бино сифатида Москвадаги «Федерация минораси (Шарқ)» кўрсатилади — унда 95 қават. У баландлиги бўйича Санкт-Петербургдаги «Лахта Центр»дан ортда қолса-да, қаватлар сони жиҳатидан «Шарқ» уни ортда қолдиради.

Европада осмонўпар бинолар дунёнинг бошқа қисмларига нисбатан анча кам қурилади. Айрим шаҳарларда эса умуман кўп қаватли бинолар қуришга тақиқ мавжуд. Парижда бир нечта баланд бинолар бор бўлса-да, улар маҳаллий аҳоли норозилигига сабаб бўлган. Хусусан, 2023 йилда шаҳарда 12 қаватдан баланд бинолар қурилиши тақиқланган. Шунга ўхшаш чекловлар аввал ҳам жорий этилган, бироқ кейинчалик бекор қилинган ҳолатлар бўлган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид