Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Сурияда курдлар мухторияти тугатилди
Улар Асадга қарши курашган ва ИШИД устидан ғалаба қозонганди. АҚШ азалий иттифоқчисини эмас, Суриядаги янги ҳокимиятни танлади. Энди ушбу мухторият Дамашқ ҳукмронлиги остига ўтади.
Фото: Bakr ALkasem / AFP / Scanpix / LETA
Сурияда Рожава номи билан танилган курдлар мухторияти тугатилди. У қарийб 14 йил мобайнида мавжуд бўлиб, Башар Асад режими, суриялик ишидчилар ҳамда турклар ҳомийлигидаги «прокси» кучларнинг ҳужумларига бардош бериб келганди. Улар ИШИД устидан ғалаба қозонган – ва «демократик конфедерализм» намунасига айланганди. Аҳмад аш-Шаръа раҳбарлигидаги кучлар Асад ҳокимиятини ағдаргач, Рожава ташқи қўлловдан, биринчи навбатда Америка ёрдамидан маҳрум бўлди. Суриянинг янги режими бир йил мобайнида куч тўплади ва январ ойида қатъий ҳужумга ўтди. Мухторият икки ҳафта қаршилик кўрсатди ва кейин амалда тўлиқ таслим бўлди.
Рожавани курдлар мухторияти деб аташ у қадар тўғри эмас: курдлар бу ҳудуд аҳолисининг ярмидан бироз кўпроғини ташкил этиб, араблар, оссурияликлар, туркманлар ва бошқа халқлар билан тинч-тотув яшаб келишган. Мухторият асосан курд кўнгиллилари устунлик қилган қуролли гуруҳлар коалицияси – Сурия демократик кучлари (SDF аббревиатураси билан машҳур) томонидан ташкил этилган. Сиёсий ишлар билан эса Демократик иттифоқ шуғулланган – бу амалда ўзини ўзи мудофаа қилиш отрядларининг сиёсий қаноти ҳамда Курдистон ишчилар партиясининг Суриядаги бўлими ҳисобланган.
Рожавадаги муҳим рамзий фигура Абдулла Ўжалан эди – у Курдистон ишчилар партияси етакчиси бўлиб, айни дамда Туркия қамоқхонасида сақланмоқда. Энг машҳур шиор Ўжалан томонидан илгари сурилган «Аёл, ҳаёт, эркинлик» шиори бўлган. Рожава номининг ўзи эса курдчада «ғарб» дегани.
Sertac Kayar / Reuters / Scanpix / LETA
Мухторият 2012 йилда, Сурияда фуқаролик уруши бошланган даврда, Сурия шимоли-шарқидаги ҳудудда, Фрот дарёсининг нариги соҳилида (Фроторти минтақаси) ташкил этилган. 2013 йилда ИШИДнинг асосий зарбаси айнан мазкур ҳудуд бўйлаб берилганди. Минтақадаги энг йирик шаҳар ҳисобланган Раққа ўшанда ИШИД пойтахтига айланади. Аммо гуруҳ барибир ҳудуд устидан тўлиқ назорат ўрната олмайди ва бунга биринчи навбатда SDF кучлари, яъни курдлар ва уларнинг иттифоқчилари қаршилиги туфайли эришилади.
ИШИДга қарши урушда АҚШ, Россия, Эрон ва бошқа кўплаб мамлакатлар ҳам иштирок этган, аммо бу давлатлар асосан ҳаво зарбалари йўллаш билан чекланган, қуруқликда эса SDF жанг қилганди. Уларни асосан АҚШ қуроллантирган ва молиялаштирган. 2015 йил январида SDF кучлари Кобани остонасида ИШИДнинг Сурия шимолига юришини тўхтатади, 2017 йил октябрида эса Раққани қайтариб олади – бу амалда ИШИДнинг тўлиқ мағлубиятини эди.
Рожава янги тарихда де факто курдларнинг иккинчи мухторияти бўлди – 1990-1991 йилларда АҚШнинг Саддам Ҳусайн бошқарувига қарши «Чўл бўрони» операциясидан кейин пайдо бўлган Ироқ Курдистонидан кейин. Аммо Ироқ Курдистонида сиёсат асосан Яқин Шарққа хос бўлган қабилалар курашига (бу ҳолатда Барзоний ва Талабоний) қаратилган бўлса, Рожавада мафкуравий тамойил устунлик қилди.
Мухторият «демократик конфедерализм»га асосланган – бу Абдулла Ўжалан томонидан ишлаб чиқилган ва Ижтимоий шартномада мустаҳкамланган ўзига хос сиёсий тизим бўлиб, амалда конституциянинг муқобили эди. Ушбу тизим қуйидагиларни назарда тутади:
- ҳокимиятни максимал даражада марказсизлаштириш: энг катта ваколатлар муниципал даражада жамланади;
- тўғридан тўғри демократия усуллари билан ўзини ўзи бошқариш: жойлардаги энг муҳим қарорлар депутатлар ёки амалдорлар томонидан эмас, балки аҳолининг ўзи томонидан қабул қилинади;
- кўнгиллилардан тузилган ўзини ўзи мудофаа қилиш кучлари фойдасига профессионал армиядан воз кечиш;
- дунёвийлик, диний бағрикенглик, толерантлик ва «жинеология» (феминизмнинг ўзига хос кўриниши); ИШИД устидан ғалаба қозонган Рожавадаги икки лашкарнинг бири фақат аёллардан иборат бўлгани бежиз эмас;
- атроф-муҳитга сидқидилдан қайғуриш.
Рожава асосан Ғарбдаги сўл кучларнинг саъй-ҳаракатлари билан романтик маконга айлантирилди: бутун дунёга қарши курашаётган халқ томонидан қурилган либертар-социалистик утопия. Шу билан бирга, ҳатто азалдан миллий озодлик ҳаракатларини ёқлаб келган Amnesty International ташкилоти ҳам SDF’ни ҳарбий жиноятларда, жумладан, зўравонлик ишлатиш ва қишлоқларни йўқ қилишда айблади (лекин гуруҳни «миллий озодлик ҳаракати» деб эмас, балки «АҚШ иттифоқчилари» деб аташни афзал кўрди). «Демократик конфедерализм» амалда Демократик иттифоқнинг (SDF’нинг сиёсий қаноти) партиявий авторитаризмига айланди. Мухториятнинг иқтисодий асоси эса қора бозордаги нефт савдоси эди.
2024 йил декабрига келиб, Башар Асад режими қулаганида, SDF сафларида 100 мингга яқин жангчи бор эди – бу амалда Суриядаги энг йирик ҳарбий гуруҳ бўлиб турганди. Рожава расмийлари Суриядан ажралиб чиқмоқчи эмаслиги ва янги ҳукумат билан урушмоқчи эмаслигини билдиришди. Аммо улар янги давлатга интеграция қилиниши учун ўз шартларини қўйишди. Биринчидан, улар Дамашқ курдлар мухториятини расман тан олишни ва умуман олганда, Сурия тўлақонли федерацияга айланишини талаб қилишди. Иккинчидан, курд лашкарлари тарқатиб юборилмаслиги, балки ўз тузилишини сақлаб қолган ҳолда махсус бўлинмалар сифатида янги армия таркибига киритилиши керак эди.
Суриянинг янги раҳбари Аҳмад аш-Шаръага бу шартлар маъқул келмади. У Сурия федераллаштирилишига мутлақо қарши эди: унинг учун бу амалда давлат парчаланишини англатарди. Курдлардан кейин бошқа жамоалар, биринчи навбатда, друзлар ва алавийлар мухториятни талаб қилган бўларди. Бундан ташқари, Рожавада Суриянинг энг йирик нефт ва газ конлари жойлашган бўлиб, мамлакатни иқтисодий тиклашга жиддий киришиш учун уларни Дамашқ назоратига олиш керак бўлади.
Масаланинг ташқи сиёсатга оид жиҳати ҳам бор эди. Рожава ИШИДга қарши уруш давридан буён АҚШ ҳомийлигидан фойдаланиб келган, аш-Шаръа ҳам ушбу мамлакат билан муносабатларни йўлга қўйишни истарди. Шу билан бирга, янги режимнинг асосий иттифоқчиси бўлган Туркия кўп йиллардан буён ўз ҳудудида ҳам, қўшни давлатлар ҳудудларида ҳам курдларга қарши кураш олиб борган (масалан, Ироқ Курдистонида Курдистон ишчилар партияси паноҳ топган Қандил тоғларини бомбалаб келган).
Асад ҳокимиятдан ағдарилиши билан Суриядаги турклар таъсиридаги бир неча гуруҳлар SDF позицияларига юриш бошлаганди. Курдлар Манбижни ташлаб чиқишига тўғри келди – бу шаҳар Рожаванинг Фрот дарёси ғарбий соҳилидаги муҳим таянчи ҳисобланарди. Шундан кейин ҳудудда бир муддат тинчлик ҳукм сурди. Сўнгги бир йил давомида бу сукунат майда тўқнашувлар билан бузилиб турди, аммо улар кенг кўламли ҳарбий ҳаракатларга айланиб кетмади.
Шаръанинг ҳукумати шафқатсиз чоралар қўллаган ҳолда бошқа бир «муаммоли» регионни – алавийларнинг Ўрта ер денгизи соҳилларидаги Тартус ва Латақия вилоятларини ўзига бўйсундирди. Кейин друзлар кўпчиликни ташкил этувчи Сувайдада ҳам шундай йўл тутишга уринди, аммо Исроил томонидан қўлловга эга бўлган маҳаллий қўшин қаршилигига учраб, ортга чекинди.
Фуқаролик уруши йилларида пайдо бўлган кўплаб қуролли гуруҳлар аста-секинлик билан Суриянинг янги армияси таркибига киритилди. Аммо Шаръа бу армияни SDF’га қарши ташлашга шошилмади: бу кенг кўламли урушга олиб келиши мумкин эди, узоқ йиллик уруш давомида вайронага айланган Сурия бунга тайёр эмасди. Президент ва унинг вакиллари 2025 йил давомида SDF қўмондони Мазлум Абди билан музокаралар олиб борди, аммо тинч интеграция бўйича келишувга эришилмади.
Шу билан бир вақтда аш-Шаръа Сурияни халқаро изоляциядан чиқаришга муваффақ бўлди. У ҳали Сурия президенти бўлмаган, «Ҳайят таҳрир аш-Шом» гуруҳига етакчилик қилиб юрган даврларидаёқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған ҳамда Қатар амири Тамим бин Ҳамад билан яқин алоқалар ўрнатганди. Энди эса унинг дўстлари қаторида Саудия Арабистони тахти валиаҳди ва мамлакатнинг амалдаги ҳукмдори Муҳаммад ибн Салмон ва Доналд Трампнинг кўп йиллик қадрдони ва сафдоши, ўтган йили АҚШнинг Туркиядаги элчиси ҳамда Сурия бўйича махсус вакилига айланган Том Баррак ҳам бор.
Трамп маъмурияти бир муддат икки ёндашув ўртасида иккиланиб турди: Сурия қўшни давлатларга хавф туғдирмаслигининг гарови сифатида уни номарказлаштириш; ёки, аксинча, барқарорлик гарови сифатида уни кучли раҳбар қўл остида бирлаштириш. Биринчи ёндашувни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, иккинчисини эса АҚШнинг Яқин Шарқдаги бошқа иттифоқчилари, биринчи навбатда, Муҳаммад ибн Салмон ва Тамим бин Ҳамад тарғиб қилди.
Май ойида аш-Шаръа Трамп билан бир вақтда Саудия Арабистонига борди ва Америка президенти билан илк бор учрашди. Муҳаммад ибн Салмон мезбон сифатида уларни бир-бирига таништирди. Ноябр ойида эса Трамп аш-Шаръани Оқ уйда қабул қилди – бу вақтга келиб АҚШ талаби билан Сурия президентидан охирги халқаро санкциялар ҳам олиб ташланганди.
Трамп маъмурияти Сурияда ҳокимиятни марказлаштиришни танлади. Албатта, чекловларсиз эмас. Афтидан, аш-Шаръага жанубдаги дахлсизлиги Исроил томонидан кафолатланган друзлар мухториятига тегинишга рухсат берилмаган. «Курдлар муаммосини» куч билан ҳал қилиш учун эса аш-Шаръада карт-бланш бор эди.
Январ ойи бошида Сурия ҳукумати армияси Шайх-Мақсуд ва Ашрафияга юриш бошлади – Ҳалаб шаҳрининг бу икки тумани фуқаролик уруши бошидан буён SDF назорати остида эди. 11 январ куни курд лашкари мағлубиятини тан олди ва ушбу анклавни тарк этди.
Moawia Atrash / picture alliance / Getty Images
Қисқа муддатлик танаффусдан кейин Дамашқ назорати остидаги кучлар Рожава томон йўлга тушишди. 17–18 январ кунлари улар Фрот дарёси бўйидаги муҳим шаҳарлар – Раққа ва Дайр-аз-Зорни, шунингдек, минтақадаги йирик нефт конларини ҳам олишди. SDF кучлари эса йирик шаҳарлар ва стратегик пунктлардан жангсиз чекинди.
Ghaith Alsayed / AP / Scanpix / LETA
18 январ куни Сурия ҳукумати SDF билан ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув имзоланганини эълон қилди. Бунда Америка махсус вакили Том Баррак воситачилик қилган: у аввалига Арбилда (Ироқ Курдистони пойтахти) курдлар қўмондони Мазлум Абди билан, кейин эса Дамашқда аш-Шаръа билан учрашди. Абди ва аш-Шаръа ўзаро мулоқот қилишга ҳам улгуришди – фақат видеоалоқа орқали.
Ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги келишув амалда SDF учун тўла таслим бўлиш эди. Улар Дайр-аз-Зор, Раққа ва Ҳасака вилоятларини – яъни Рожаванинг бутун ҳудудини Дамашқ назоратига топшириш мажбуриятини олишди. SDF сафларидаги барча гуруҳлар «индивидуал асосда» – яъни алоҳида бўлинмалар сифатида эмас, балки яккалик тартибида Сурия армияси ва полицияси таркибига интеграция қилиниши керак. Бу амалда SDF кучлари тарқатиб юборилишини англатади. Бундан ташқари, келишув Рожава ҳудудидан хорижликларни чиқариб юборишни назарда тутади – бу ўринда гап биринчи навбатда Туркия ҳукумати таъқибидан қочиб, кўнгиллилар сифатида келган ҳамда бошпана олган туркиялик курдлар ҳақида кетади.
Baderkhan Ahmad / AP / Scanpix / LETA
Ушбу шиддатли операция авжига чиққанида, 16 январ куни, аш-Шаръа курд тилига расмий мақом бериш ҳамда Наврўзни Сурияда расмий байрам сифатида тан олиш тўғрисидаги фармонини имзолади. Булар рамзий, лекин жиддий ён бериш ҳисобланади: ўнлаб йиллар мобайнида Суриядаги барча режимларнинг сиёсати бўлиб келган араблаштиришдан намойишкорона воз кечиш; нафақат арабларники бўлмаган, балки маъжусийларга мансуб бўлган байрамнинг расмий тақвимга киритилиши.
Ahmad Fallaha / EPA / Scanpix / LETA
Рожаванинг интеграция режаси, шубҳасиз, Том Баррак орқали АҚШ билан келишилган ёки унинг ўзи томонидан тузилган. Катта эҳтимол билан, режа камида SDF қўмондонлари учун дахлсизлик кафолатларини назарда тутади. Масалан, Мазлум Абди тез орада Дамашқда Шаръа билан учрашиши керак. Кўплаб жангчилар – биринчи навбатда Сурия фуқаролиги бўлмаганлар – Ироқ Курдистонига кетишини кутиш мумкин. Энди Ироқ шимолидаги бу ҳудуд яна курд халқининг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи қисман бўлса-да амалга ошириладиган дунёдаги ягона жой бўлиб қолди.
Мавзуга оид
12:20 / 21.01.2026
Германияда минглаб киши курдларни қўллаб-қувватлаш акцияларига чиқди
15:22 / 19.01.2026
Германияда Сурия раҳбари аш-Шаръанинг ташрифига қарши акциялар ўтказилади
10:40 / 19.01.2026
Сурия ҳукумати ва курдлар ўт очишни тўхтатиш бўйича келишув имзолади
17:30 / 18.01.2026