Жаҳон | 09:45
542
3 дақиқада ўқилади

Германия канцлери суриялик қочқинларни уйига қайтишга чақирди

Фуқаролик уруши тугаганидан бир йил ўтиб, Суриядаги вазият сезиларли даражада яхшиланди. Шунинг учун суриялик қочқинларни ҳимоя қилишга бўлган эҳтиёжни қайта кўриб чиқиш керак, деди Германия канцлери.

Фото: Julius-Christian Schreiner/dpa

Германия канцлери Фридрих Мерц Суриядан келган қочқинларни ўз юртига қайтиб, мамлакатнинг урушдан кейинги тикланишига ёрдам беришга чақирди. Башар Асад режими ҳукмронлиги даврида Германиядан бошпана топган тахминан бир миллион сурияликнинг “қарийб 80 фоизи” яқин уч йил ичида ватанга қайтиши керак. Мерц бу ҳақда 30 март, душанба куни Берлинда Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шаръа билан ўтказилган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди.

Канцлернинг сўзларига кўра, Германия ва Сурия суриялик қочқинларни ватанга қайтариш устида “ҳамкорликда иш олиб бормоқда”. 2024 йил декабридан — Асад режими қулагани ва фуқаролик уруши якунланганидан сўнг Суриядаги вазият анча яхшилангани учун қочқинларни ҳимоя қилиш заруратини қайта баҳолаш лозим, деди у.

Фото: Nadja Wohlleben/REUTERS

Мерцнинг айтишича, устувор вазифа — Германияда ҳуқуқбузарлик содир этган ва амалдаги яшаш рухсатномасига эга бўлмаган сурияликларни репатриация қилиш.

“Бизда бу ерда кичик бир гуруҳ бор, аммо бу бизга муаммо туғдираётган гуруҳ”, — дея қўшимча қилди у. Шу билан бирга, “Германияда қолишни истайдиган ва яхши интеграциялашган сурияликлар Германияда қолиши мумкин”, деди канцлер.

Фридрих Мерц Берлин Сурия иқтисодиётини тиклашга ёрдам беришини ва бу қочқинлар қайтиши учун шароит яратиши кераклигини билдирди. Шу мақсадда қўшма ишчи гуруҳ тузишга қарор қилинган, ва яқин кунлардаёқ Германия вазирликлари вакилларидан иборат делегация Сурияга йўл олиши керак.

“Ёруғ келажак сари йўлингизда Германия қўлловига таянишингиз мумкин”, — деб ишонтирди канцлер.

Шу билан бир вақтда, у Сурия муваққат президентини мамлакатда озчилик гуруҳлар ҳимоясини таъминлашга чақирди.

“Янги Сурияда барча сурияликлар учун — уларнинг дини, этник мансублиги ва жинсидан қатъи назар — жой яратинг. Озчиликлар ва ўзгача фикрловчиларга нисбатан зўравонлик ўтмишда қолиши керак”, — деди Мерц.

У келажакдаги қўшма лойиҳалар Сурияда қонун устуворлиги тамойилларига риоя этилишига ҳам боғлиқ бўлишини таъкидлади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид