Ўзбекистон | 10:40 / 21.01.2026
1570
2 дақиқада ўқилади

Туркияда қамоқдаги ўзбеклар билан консуллик суҳбати ўтказилди

Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Туркиянинг Сиверек туманида жойлашган Marmara ёпиқ турдаги аёллар жазони ижро этиш колониясига навбатдаги консуллик ташрифини уюштириб, қамоқдаги фуқаролар ҳолати, жазони ўташ шароитлари ва ҳуқуқий масалаларни ўрганди.

Фото: "Дунё" АА

“Дунё” АА хабар беришича, ташриф давомида Туркияда содир этган жиноятлари учун қамоқда сақланаётган Ўзбекистон фуқаролари билан суҳбатлар ўтказилди. Уларнинг аҳволи ҳақида маълумот олиниб, жазони ўташ шароитлари ўрганилди, зарур консуллик ҳамда ҳуқуқий ёрдам кўрсатилди.

Қайд этилишича, аввалги ташрифда ҳамюртлар ўзбек тилидаги адабиётларга эҳтиёж билдирган. Шу муносабат билан Бош консулхона ташаббуси ва Ўзбекистон Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “Асахи” ҳамда “Ҳилол нашр” босмахоналари кўмагида муассаса кутубхонасига Ўзбекистондан олиб келинган 100 дан ортиқ маърифий, илмий, диний ва оммабоп адабиётлар тўплами тақдим этилди.

Шунингдек, ташриф чоғида тергов ҳибсхонасида сақланаётган Ўзбекистон фуқароларининг яшаш шароитлари, озиқ-овқат таъминоти, тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятлари ҳамда яқин қариндошлари билан телефон орқали мулоқот қилиш тартиби ўрганилди.

Фуқаролар билан якка тартибда ўтказилган суҳбатларда уларни қийнаётган муаммолар аниқланиб, ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек, Туркия қонунчилигида белгиланган мажбуриятлар юзасидан тушунтиришлар берилди.

Ташриф якунлари бўйича Бош консулхона томонидан аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли чоралар кўрилиши билдирилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид