Спорт | 10:31 / 24.01.2026
1907
2 дақиқада ўқилади

Янги қарор: курашчиларни тайёрлаш тизими қайта ташкил этилади

“Спорт курашларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Ҳужжатда 2026 йилдан мунтазам мусобақалар ўтказиш, академия ташкил этиш ҳамда туманларда ихтисослашган спорт клубларини йўлга қўйиш каби чоралар белгиланди.

“Спорт курашларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2026 йилдан спорт курашлари бўйича мусобақаларни мунтазам ўтказиш тизими йўлга қўйилади. Жумладан, Ўзбекистон президенти кубоги, бош прокурор кубоги, “Ўзбекистон ботирлари” турнири, шунингдек, Қуролли кучлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимлари ўртасида кубок ва чемпионатлар ташкил этиб борилади.

Ҳужжатда Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси ҳузурида Минтақавий спорт курашлари академиясини ташкил этиш назарда тутилган. Шу билан бирга, Спорт вазирлиги ҳузуридаги кураш маҳорат мактабларида миллий кураш ва спорт курашлари бўйича спортчиларни тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.

Қарорга мувофиқ, 2026-2027 ўқув йилидан ҳар бир туман (шаҳар)да камида 1 тадан умумий ўрта таълим муассасасида спорт курашларига ихтисослашган спорт клублари ташкил этилади ва кураш маҳорат мактабларига бириктирилади.

Шунингдек, спортчиларни замонавий илмий-методик ёндашувлар асосида тайёрлаш мақсадида хорижий тренерлар ва мутахассисларни жалб этиш чоралари ҳам белгиланган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид