Ўзбекистон | 16:26 / 28.01.2026
8068
2 дақиқада ўқилади

Ички ишлар вазирининг икки ўринбосари ишдан кетди

Аюбхон Раҳматуллаев ва Даврон Назармуҳамедов ИИВ раҳбариятини тарк этди.

Полковник Аюбхон Раҳматуллаев бошқа ишга ўтиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Тезкор-қидирув департаменти бошлиғи лавозимидан озод этилди.

Раҳматуллаев муқаддам ички ишлар вазирининг ўринбосари – молия ва моддий техника таъминоти бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган, 2021 йил мартидан Андижон вилояти ИИБ бошлиғи бўлган, 2025 йил мартида ИИВ раҳбарига ўринбосарликка қайтарилганди.

Унинг энди қайси ишга ўтаётгани ҳозирча маълум эмас.

Шунингдек, генерал-майор Даврон Назармуҳамедов Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ўринбосари – Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи лавозимидан озод этилган.

Даврон Назармуҳамедов 2014 йилга қадар Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги ДХХ) ижро аппаратида ишлаган. 2014–2015 йилларда Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари – Ўзбекистон ИИВ Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармаси бошлиғи бўлган. 2014–2015 йилларда президентнинг Ташкилий-кадрлар ишлари бўйича давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаган.

2017–2019 йилларда ҳам ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари бўлган, 2019 йил июлида Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланганди.

2023 йил вазир ўринбосари лавозимига қайтарилганди. Унинг кейинги фаолияти ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид