Иқтисодиёт | 16:05 / 28.01.2026
625
2 дақиқада ўқилади

Инвестиция платформалари учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилди

Янги ҳуқуқий тизим доирасида улушли инвестициялар, шериклик, венчур ва пай лойиҳалари электрон форматда амалга оширилиб, инвестиция жалб этиш жараёнларини соддалаштириш ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш назарда тутилмоқда.

Ўзбекистонда инвестиция платформалари фаолиятини тартибга солувчи махсус ҳуқуқий тизим жорий этилди. Fixygen нашрида қайд этилишича, мазкур режим доирасида улушли инвестициялар, шериклик лойиҳалари, венчур ҳамда пай лойиҳалари каби инвестициянинг электрон шакллари йўлга қўйилди. Муҳим жиҳати — бундай инвестициялар классик фонд бозоридан фарқли равишда қимматли қоғозлар чиқариш ва инвестиция воситачиларининг мажбурий иштирокини талаб этмайди.

Қоидаларга кўра, махсус ҳуқуқий режим иштирокчилари сифатида фақат Ўзбекистон резиденти бўлган юридик шахслар — инвестиция платформаси операторлари фаолият юритиши мумкин. Талабларда платформалар инвестиция таклифларининг шаффофлигини таъминлаши, шартномаларни электрон шаклда тузиши ва барча ҳисоб-китобларни фақат номинал ёки эскроу ҳисобварақлар орқали амалга ошириши шартлиги белгиланган.

Шунингдек, тизимда инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек AML/SFT (пул ювиш ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш) талабларига риоя этиш бўйича қатъий механизмлар жорий этилиши назарда тутилган.

Мазкур янгилик бизнес учун молия манбаларини диверсификация қилиш, хусусий ва хорижий инвесторларнинг иқтисодий лойиҳалардаги иштирокини кенгайтириш имконини беради. Инвестиция жараёнларининг рақамли каналларга ўтиши эса шаффофликни ошириб, тадбиркорлар ва инвесторлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлаши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид