Жаҳон | 14:38
1796
4 дақиқада ўқилади

Киевда жосусликда гумонланган журналист аёл ушланди

УХХ маълум қилишича, ушланган шахс бошқа нарсалар қатори Украина томонида жанг қилаётган Россия ва Беларус фуқаролари ҳақида маълумот тўплаган. Идорага кўра, журналист аёл Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармасига ҳам яқинлашишга уринган.

Фото: Украина Хавфсизлик хизмати

Украина Хавфсизлик хизмати (УХХ) ва Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси Киевда Беларус фойдасига жосуслик қилганликда гумонланаётган журналист аёлни қўлга олди. УХХ Telegram-каналида сешанба, 27 январ кечқурун эълон қилинган хабарда: “Кўп босқичли махсус операция натижасида Киевда 2015 йилдан бери БР КГБ учун ишлаб келган, қаттиқ махфийланган жосус ушланди. Иш материалларига кўра, 2020 йилда у Минскдан Украинада агентлик фаолиятини олиб бориш учун юборилган”, — дейилади.

Гумонланувчи яшаш жойи яқинида ушланган, ундан “ёпиқ маълумотларни қайд этган смартфон ва диктофон” олинган. Унга Украина Жиноят кодексининг 114-моддаси 1-қисми (жосуслик) бўйича гумон (айблов) эълон қилинган, бу модда 15 йилгача озодликдан маҳрум этишни назарда тутади.

Ушланган шахснинг фамилияси ҳозирча расман ошкор қилинмаган. Бироқ, DW’нинг Украина махсус хизматларидаги манбаларига кўра, гап Инна Кардаш ҳақида кетмоқда. Беларусдаги “Наша Ніва” нашри ёзишича, Кардаш 2012–2015 йилларда “Юнайтед компани” ва “Максбет” компанияларида ишлаган, 2018–2019 йилларда эса “Тутбаймедиа” билан ҳамкорлик қилган. Украина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари маълумотига кўра, у, шунингдек, ОАВда Путинга яқин шахс деб аталадиган Виктор Медведчукка тегишли, санкциялар остида бўлган “112” телеканалида ҳам ишлаган.

2020 йилда Инна Кардаш Беларусда “Украина” телеканалида ишлаган, кейин эса “Интерфакс” ахборот агентлигига ишга жойлашган. “Интерфакс-Украина” сайтида унинг исм-фамилияси билан имзоланган материаллар бор. “Интерфакс-Украина” агентлиги аллақачон Кардаш 2021 йил июн ойидан 2024 йил сентябр бошигача таҳририятда мухбир бўлиб ишлаганини тасдиқлади. Агентлик хабарига кўра, 2024 йил ноябрда у “бутунлай ишдан бўшатилган”, шундан сўнг “агентлик у билан ҳеч қандай алоқада бўлмаган”.

35 ёшли аёл 27 январ куни ушланган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари қайд этишича, у журналистлик фаолияти ва ОАВдаги ҳамкасбларининг алоқаларидан “украин сиёсатчилари, ҳарбийлари ва хорижий дипломатлар орасида шахсий контактларини кенгайтириш” учун фойдаланган. “Кенг кўламли ҳужум даврида агент куратори унга қўшимча йўриқнома олиш учун ЕИ давлатларидан бирига бориш топшириғини берган. Аёл чегарадан ўтишни тиббий текширув баҳонаси билан амалга оширган”, — дейилади хабарда.

УХХ маълумотига кўра, йўриқнома вақтида эҳтимолий жосус аёлга Россияга қарши мудофаа курашида Украинага ёрдам бераётган Россия ва Беларус фуқаролари ҳақида маълумот йиғиш вазифаси юклатилган. “Шунингдек, агентга Беларус КГБ томонидан мамлакатдаги Хитой Халқ Республикаси элчихонаси мансабдорлари билан норасмий алоқалар ўрнатиш ва Украинадаги Хитой дипломатларининг фаолияти ҳақида разведка маълумотлари тўплаш вазифаси ҳам берилган”, — деб даъво қилади махсус хизмат.

Хабарда айтилишича, Киевга қайтгач, аёл Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармасининг штаб бўлинмаларидан бирига ишга жойлашишга уринган. “Жосус ўз вақтида фош этилгани туфайли УХХ ва Бош разведка бошқармаси ходимлари Беларус агенти билан узоқ муддатли оператив ўйин олиб боришни бошлади. Бу нафақат унинг ҳар бир қадамини ҳужжатлаштиришга, балки у орқали Беларус махсус хизматига мунтазам равишда дезинформация беришга имкон яратди”, — дейилади УХХ баёнотида. Украина ҳуқуқ-тартибот идоралари, шунингдек, КГБ агентура аппаратига ёллаш учун эҳтимолий номзодларни танлашга бўлган уринишларни ҳам қайд этган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид