Жаҳон | 22:20 / 14.05.2026
1498
2 дақиқада ўқилади

Зеленский Россиянинг энг кенг кўламли ҳужумига жавоб тайёрлашни буюрди

Украина президентининг таъкидлашича, асосий муаммо Россия баллистикасига қарши ҳимояни кучайтиришдир.

Фото: Telegram / V_Zelenskiy_official

Украина президенти Володимир Зеленский ҳарбийларга 13 май ва 14 майга ўтар кечаси амалга оширилган Россиянинг энг йирик ҳаво ҳужумига жавоб вариантларини тайёрлашни топширди. Бу ҳақда давлат раҳбари Олий Бош қўмондон қароргоҳи йиғилиши якунлари бўйича маълум қилди.

«Украина Мудофаа кучлари ва махсус хизматларга Россиянинг ушбу зарбасига жавоб беришимизнинг эҳтимолий шаклларини таклиф этишни топширдим», деб таъкидлади Зеленский.

Президент сўзларига кўра, у украиналик дипломатлар билан бугунги кунда ҳаво ҳужумидан мудофаа учун ракеталарни излашда турган вазифаларни батафсил муҳокама қилади.

«Ҳамма баллистик тизимларга ва уларнинг ракеталарига эътибор қаратиши керак. Бу биринчи даражали устувор вазифа бўлиб, хусусан, Украина дипломатиясининг май-июнь ойларидаги фаолиятини баҳолаш осмонни ҳимоя қилиш кучларимизнинг етарли даражада таъминланишига боғлиқ бўлади», деб қўшимча қилди Зеленский.

Президентнинг эслатишича, 13 ва 14 май кунлари оммавий ҳужумлар чоғида россияликлар 1567 та дрон ва 56 та турли хил ракеталардан фойдаланган. Шу билан бирга, 94 фоиз дрон ва 73 фоиз ракета уриб туширилган.

«Асосий муаммо - баллистика ва минглаб фронторти инфратузилма объектлари ҳамда шаҳарларимизни ҳимоя қилишдир», деди президент.

Шунингдек, Украина Қуролли кучлари Бош штаби, Ҳарбий ҳаво кучлари ва Мудофаа вазирлигига Украина осмонни ҳимоя қилиш кучларининг эҳтиёжларини қондириш ва зарур ускуналар, хусусан, радарларни етказиб беришни кўпайтириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

13 май ва 14 майга ўтар кечаси Россия Украинага ракета ва дронлар билан энг катта ҳаво ҳужумларидан бирини амалга оширди. Ҳужумларнинг бир неча тўлқини асосан Украина ғарби ва Киевга қаратилди.

Киевда ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар сони аллақачон саккиз кишига етди. Пойтахтда қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид