Жаҳон | 20:55 / 29.01.2026
1979
3 дақиқада ўқилади

Москванинг «Домодедово» аэропорти аукционда «Шереметево» аэропортига сотилди

Бошланғич 132,265 миллиард рубл (1,8 млрд доллар) нархда аукционга чиқарилган аэропорт якунда 66,132 миллиард рублга (880 млн доллар) сотилди. Энди аэропортнинг янги эгаси 75 млрд рублдан ортиқ кредит қарзини ҳам тўлаши керак.

Фото: РИА Новости

29 январ куни бўлиб ўтган аукцион натижаларига кўра, «Домодедово» компанияси активларининг янги эгаси «Перспектива» МЧЖ бўлди – у «Международный аэропорт Шереметьево» компанияси таркибига киради.

Шереметево тузилмаси савдога қўйилган иккита потенциал харидордан бири эди. Бундан ташқари, унда «Внуково» халқаро аэропортининг 100 фоиз шуъба корхонаси бўлган «Московский международный аэропорт» ҳам иштирок этди.

Активлар фақат иккинчи уринишда сотилди – биринчи савдолар 20 январга белгиланган эди, бироқ улар амалга ошмаган деб топилди: ягона даъвогар - якка тартибдаги тадбиркор Евгений Богатий савдога қўйилмади.

Харидорларга бошланғич нархи 132,265 миллиард рубл (1,8 млрд доллар) бўлган холдингнинг 25 та компаниясидан иборат лот таклиф қилинди. Бироқ, иккинчи ва муваффақиятли сотиш қийматни пасайтириш йўли билан амалга оширилди – натижада, аэропорт 66,132 миллиард рублга (880 млн доллар) сотилди.

Янги мулкдор Домодедовнинг қарз юки масаласини ҳам ҳал қилиши керак, бу унинг савдолар натижасидаги қиймати билан таққосланади. «Биздаги маълумотларга кўра, «Домодедово» аэропорти 75 млрд рублдан ортиқ кредит қарздорлигига эга. Жорий молиявий фаолият жамиятга қарз мажбуриятларини ўз вақтида ва тўлиқ қоплаш имконини бермайди», деб таъкидлади Шереметево вакиллари.

2025 йил январ ойида Москва вилояти ҳакамлик суди Бош прокуратуранинг «Домодедово» холдингига нисбатан даъвосини рўйхатдан ўтказди. Гуруҳ бенефициарлари Дмитрий Каменшчик ва Валерий Коган ҳам у бўйича жавобгар бўлди. Назорат органининг таъкидлашича, Каменшчик ва Коган Туркия, БАА ва Исроил фуқароси сифатида стратегик активга эгалик қилган. Июн ойида суд назоратчиларнинг даъволарини тўлиқ қаноатлантириб, аэропортни давлат фойдасига олиб қўйилди.

«Шереметево» халқаро аэропорти йўловчи ташиш ҳажми бўйича Россиянинг энг йирик аэропорти бўлиб, «Аэрофлот» миллий авиаташувчиси учун базавий ҳисобланади. 2025 йил ўн ойи якунларига кўра, Шереметево 36,8 миллион йўловчига ёки Москва ҳаво бандаргоҳидаги умумий трафикнинг 59 фоизига хизмат кўрсатди (Шереметево, Внуково ва Домодедовани бирлаштиради; ўн ой ичида учта аэропорт 62,4 миллион йўловчига хизмат кўрсатди). «Домодедово» аэропорти 2025 йил якунига кўра, 13,8 миллион йўловчига хизмат кўрсатди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид