Ўзбекистон | 09:17 / 29.01.2026
3809
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон мудофаа доктринаси қайта кўриб чиқилади

Полшадаги Kierunek Kaukaz электрон порталида Ўзбекистон мудофаа соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида мақола эълон қилинди. Унда президент Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида 8 йил аввал қабул қилинган мудофаа доктринаси ҳамда 1997 йилги Миллий хавфсизлик концепциясини замонавий таҳдидлардан келиб чиқиб қайта кўриб чиқишни таклиф этгани қайд этилган.

Фото: Kun.uz

“Дунё” ахборот агентлиги хабар беришича, Полшанинг Kierunek Kaukaz портали журналист Каспер Охман қаламига мансуб, Ўзбекистон мудофаа соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган материални эълон қилди.

Нашрда таъкидланишича, президент Шавкат Мирзиёев Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида мамлакат мудофаа доктринасини қайта кўриб чиқиш ташаббусини илгари сурган. Унинг фикрича, минтақавий ва глобал вазият тез ўзгариб бораётган бир шароитда ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа тизимини мустаҳкамлаш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда.

Материалда қайд этилишича, 2018 йилда қабул қилинган мудофаа доктринаси ва 1997 йилги миллий хавфсизлик концепциясини қайта кўриб чиқиш вақти келган. Бу ҳужжатлар янги хавф-хатар ва таҳдидлар манзараси, шунингдек, ҳарбий соҳада технологияларнинг жадал ривожланиши ҳисобга олинган ҳолда янгиланиши зарурлиги урғуланган.

Йиғилишда мудофаа соҳасидаги хавф-хатарларнинг олдини олишга қаратилган тизимли ва фаол (проактив) ёндашувга ўтиш зарурлиги айтилади. Шу билан бирга, Қуролли кучларни модернизация қилишда ҳаракатчанликни ошириш, бошқарув самарадорлигини кучайтириш, ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш, шунингдек, рақамли ечимлар ва замонавий технологиялардан кенг фойдаланиш устувор йўналишлар сифатида кўрсатилган.

Нашрда, шунингдек, технологик даража ва барқарорликни ошириш мақсадида мудофаа саноатини ривожлантириш, рақамли ечимлар билан бир қаторда сунъий интеллект элементларини жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилгани келтирилади.

Кадрлар масаласи ҳам кун тартибида бўлган: армиянинг инсон капиталини ривожлантириш, ҳарбий таълим тизимини такомиллаштириш, жумладан Ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университетида рақамли ҳамда интеллектуал таълим технологияларини кенг қўллаш муҳимлиги таъкидланган.

Бундан ташқари, материалда ҳарбий хизматнинг янги модели устида ишлаш вазифаси қайд этилган: у ҳарбий хизматчиларга профессионал кўникмаларни эгаллаш, демобилизациядан кейин эса ўзини реал ҳаётда (меҳнат бозорида) топиши учун имконият ва истиқбол яратиши керак.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид