Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Она, мени ўлдиришди” – тушда фош бўлган жиноят
Қўқон шаҳрида 17 ёшли Хуршид Ҳайдаровни поезд уриб кетди. Суриштирув органи ўсмир ўз жонига қасд қилган, деган хулоса томон кетаётганди. Аммо орадан бир ой ўтиб, марҳумнинг онаси туш кўра бошлайди. Унда марҳум ўғли ўз жонига қасд қилмаганини, аксинча, ўлдириб, кейин поезд йўлига ташлаб кетишганини айтади. Шу туш сабаб кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноят фош бўлди. Айбдорлар бор, иш судга чиққан, бироқ она жиноятга алоқадор айрим шахслар “сувдан қуруқ чиқиб кетиш”га уринаётганини айтмоқда.
Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ҳолат содир бўлди: орган ходимлари поезд уриб кетган 17 ёшли йигитни ўз жонига қасд қилган, дея хулосага келган бир пайтда онанинг тушлари ортидан бу аслида қотиллик экани ойдинлашди. Айни пайтда жиноят иши судга чиққан. Аммо иш суд ажрими билан терговга қайтарилган. Марҳум Хуршид Ҳайдаровнинг онаси айрим айбдорлар гумонланувчидан гувоҳга айланиб қолганини айтмоқда.
Жиноят иши ҳали суд жараёнида. Шу сабабли кимнидир қотилликда айблашдан чекинган ҳолда иш ҳолатини тергов материаллари ҳамда жабрланувчи ва гувоҳларнинг интервюлари орқали борича эътиборингизга ҳавола этишни лозим топдик.
Ганжиравонни қўрқитган сигнал
2025 йил 20 июн. Соат 00:07. Қўқоннинг Кичик Ганжиравон маҳалласи. “Қўқон–Поп” йўналишида ҳаракатланиб келаётган юк поезди кутилмаганда тўхтовсиз ва қўрқинчли сигнал берди. Ҳар куни ўтиб-қайтувчи поездлар одатда ушбу ҳудудда бу каби сигнал бермасди. Бироқ бу сафар у нафақат сигнал чалди, ҳаракатсиз қотган темир ғилдираклари релс устида шовқинли сирғалиб тўхтади ҳам.
Пастга тушиб келган машинист релслар орасидаги жонсиз тана ҳамда сал нарида ётган одам бошини кўриб, даҳшатдан бир лаҳза жойида қотиб қолди. Сўнгра бўлган воқеа ҳақида ИИБга хабар берди.
Тергов ҳужжатларига кўра, гувоҳ сифатида сўроқ қилинган машинист шундай кўрсатма берган:
“2020 йилдан буён Қўқон локомотив депосида электровоз машинисти бўлиб ишлаб келаман. Мен ва ёрдамчи машинист 2025 йил 20 июн куни соат 23:00 ларда ўзимизга бириктирилган электровоз билан юк поездини қабул қилиб олдик. Ушбу поездни Наманган станциясига олиб боришимиз керак эди. Поезд таркибида жами 63 та ҳар хил турдаги вагонлар мавжуд эди.
Шу куни Қўқон станцияси навбатчисининг кўрсатмасига асосан соат 23:52 ларда “Қўқон–Бувайда–Наманган” йўналишида ҳаракатни бошладик. Ҳаракатланиб кетаётган вақтимизда соат 00:06 ларда тахминан 200-250 метр узоқликда темирйўл излари орасида шарпа кўринди. Тун қоронғи бўлгани учун дастлаб уни аниқ кўриш имкони бўлмади. Мен бир марта қаттиқ сигнал чалдим, лекин ушбу шарпа жойидан қимирламади. Шундан кейин поезд нури ушбу шарпага тушганида унинг одам эканини билиб, дарҳол шошилинч тормоз бердим ва поездни тўхтатиш чораларини кўрдим.
Ушбу одам темирйўл изларига кўндаланг бўлиб, юзи осмонга қараган ҳолда бош аралаш бўйин қисми йўналиш бўйича чап томон релс устида турганди. У одам қимирламасдан, ҳаракатсиз ҳолда ётган эди. Поезд яқинлашиб келганида ҳам умуман қимирламади.
Шошилинч тормоз беришимга қарамасдан соат 00:07 да ушбу фуқарони уриб кетиб, тўхтадик. Шундан кейин дарҳол ушбу шахсга биринчи ёрдам кўрсатиш мақсадида поезддан тушиб, унинг олдига бордим. У ерга борганимда унинг боши танасидан тўлиқ узилиб кетиб, ўлганини билдим. Бу ҳақида Бувайда, Қўқон станциялари ва Қўқон локомотив депоси навбатчиларига ҳамда ИИБ ходимларига хабар бердик”.
Машинистга кўра, орадан 30-35 дақиқа вақт ўтиб, ИИБ ходимлари етиб келган ҳамда воқеа жойини кўздан кечирган. Сўнгра машинистга ҳаракатни давом эттиришга рухсат берилган. Поезд соат 00:55 да йўналиш бўйича ҳаракатни давом эттириб кетган.
“Темирйўлга боргунча ўлиб бўлганман”
Эртаси куни тонгда бутун Ганжиравон қишлоғида автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси ишчиси Хуршид Ҳайдаров поезд йўлида ўз жонига қасд қилибди, деган дув-дув гап тарқалди.


Суд-тиббий экспертизасининг марҳум ўз жонига қасд қилгани ҳақидаги хулосасидан сўнг ўсмир тупроққа қўйилди.
Марҳумнинг онаси Гулсанам Тожиевага кўра, суриштирув ишлари давомида орган ходимлари Хуршид Ҳайдаров ўз жонига қасд қилган, деган хулосага келган.
“2025 йил 20 июн куни кечқурун Хуршиджон ая, ҳозир келаман, деди. Қаерга кетаётганини сўрасам Шоҳжаҳон ва Муртоз қўнғироқ қилганини, бироз қарашиб келишини айтди. Кеч бўлганини, бормаслигини айтдим, бироқ у 1 соатда келаман, дея кўчага чиқиб кетди.
Соат 23:00 ларда ўғлим келавермагач, хавотирланиб қўнғироқ қилдим, телефони ўчиқ экан. Эҳ, телефони ўчиб қолибди-да, ҳозир тоғасидан гап эшитади, деб кутиб ўтирдим. Кейин соат 00:30-1:00 ларда акамга мени уйга олиб бориб қўйишини айтдим.
Акам хавотир олмаслигимни, Хуршиджонни ўзи қидириб топиб келишини билдирди. Шу билан мен уйга кирдим. Уйда дадаси ётган экан. Дадасига туринг, Хуршиджон йўқ, телефони ўчиқ, акам излаб кетди, боринг, дедим ва чиқариб юбордим. Шу пайт кичкина қизим инжиқлик қила бошлади. Уни ухлатаётиб, ўзим ҳам ухлаб қолибман.
Эрталаб чиқсам, турмуш ўртоғим йўқ. Уйга қараб кетдим. Борсам, аям ҳовли супураётган экан, келиним тикиш тикиб ўтирган экан. Хуршиджон келдими, десам, йўқ, дейишди. Кейин дарҳол Шоҳжаҳоннинг аммасига қўнғироқ қилдим. Маъмура, кеча жиянинг қўнғироқ қилувди, Хуршиджон сизларникида ётиб қолмадими, уйга келмади, десам, “йўқ, Хуршиджон келгани йўқ, Шоҳжаҳоннинг ўзи ухлаб ётибди”, деди.
Ўша куни дадаси ва тоғаси эрталабгача излабди. Кейин турмуш ўртоғим менга қўнғироқ қилиб, Хуршиджон келмадими, устида қанақа кийими бор эди, деб сўради. Оқ футболка ва қора шимда чиқиб кетганини айтдим. Шу билан телефон ўчди. Кейин акам йиғлаб келди, поезд урган Хуршиджон экан, деди. Мен ҳушимни йўқотдим”, дейди Гулсанам Тожиева.

Аёлнинг айтишича, у эртаси куни тонгда туш кўрган. Тушига марҳум ўғли кирган.
“Эртаси куни азонда туш кўрдим. Тушимда 789 рақамдан қўнғироқ бўлдим. Алло десам, ая, деди. “Хуршиджон, сенмисан ўғлим?” дея сўрасам “Ҳа, менман, ая”, деди. Қаерда юрибсан, десам, “ая, мен борсам кўйлак тикиб ўтирган экансиз, мен ўлиб бўлдим”, деди. Темирйўлда нима қилаётгандинг, деб сўрасам “ая, мен темирйўлга етиб бормай ўлиб бўлганман, мени ота-бола қўйиб кетди темирйўлга, телефонни Муртоз билан Шоққига олиб боринг, чала қолган ишим бор менинг”, деди. Кейин уйғониб кетдим.
Югуриб чиқиб, тушимни акам ва хўжайинимга айтдим. Улар бу стрессдан, дея тез ёрдам чақириб, укол қилдириб қўйишди. Шу билан ушбу тушимни 3-4 кун кўрдим. Маърака куни ҳам эрталаб чиқиб, шу тушни айтаётсам, кичкина акам тез ёрдам чақиринглар, Гули яна алаҳсирашни бошлаяпти, деди. Шунда катта акам тўхтанглар, бу бекорга бунақа туш кўрмаётгандир, Муртоз деяпти, Муртозниннг олдига бориб кўриш керак, 3 кун бўлди, телефони, велосипеди, шиппаги йўқ, оёғи таги тоза деяпсанлар, бу ерда бир гап бор, деди.
Акам чиқиб кетиб, Муртоз билан кўришди. Муртоз Хуршиджонни ўша куни ичиб келган, деди. Сўнгра мени терговга олиб боришди. Мен терговчи Собиров Толмасга ушбу тушимни айтиб бердим. Терговчи “бу туш, туш инобатга олинмайди, болангизнинг ўзи кириб кетган”, деди. Туш кўрмасимдан олдин оперлар “бу бола ўз жонига қасд қилган, темирйўлга ўзи бориб ухлаб қолган, кайфда бўлган, “кристал” чеккан, биз болани олиб кетаётганимизда оғзидан пивонинг ҳиди анқиб ётганди”, дея ўғлимни роса қоралашди.
Тушим орқали Муртозни бориб суриштирдик, улар бўйнига олмади. Терговчилар “бу туш, нималар кирмайди”, дейишди. Кейин 9 июл куни соат 4:30 ларда яна туш кўрдим. Ўғлим “ая, бу айтганларим далил бўлмади. Сиз эплолмаяпсиз. Дўстим Фаёзнинг олдига боринг, у ҳаммасини билади”, деб қўймади. Тушимни акамга айтдим ва Муҳаммадфаёзнинг олдига олиб борасиз, олиб бормасангиз ўзим бораман, дея улар билан уришдим.
Муҳаммадфаёзнинг олдига борсак, у ҳам қўрққанидан озиб кетибди. Мени кўриб “жон холажон, менинг гумоним ҳам шулардан, лекин мен билмайман, деб туриб олди. Бир-икки кундан сўнг Фаёзбек шулар ўлдирганини, темирйўлга олиб бориб, қўйиб кетганини, нарсаларини йўқотганини, телефонини ёқиб юборганларини айтиб берди”, дейди марҳумнинг онаси.
Шундан сўнг терговчилар аёлни чақирган ва тушларини бошқатдан айтиб беришни сўраган. Ўша ерда онанинг тушлари муҳокама қилинган.
Гулсанам Тожиеванинг айтишича, Хуршиднинг велосипедини Муртознинг дадаси Мурод Пирматов учга бўлиб, сойга оқизган, опоқиси эса телефонларини майдалаб, шиппакларини ёқиб юборган. Фақатгина Хуршид Ҳайдаров ишлатган сим-карта устахона ёнидан топилган. Униям терговчилар атрофни элакда элаб чиқиб топишган.
“Шоҳжаҳон ва Муртоз ўлдирганини бир-бирига тўнкаяпти. Қотиллар топилган куни ИИБда турсам, Иқбол исмли опер чиқди-да, “опа, ўғлингиз ичмаган ва чекмаган экан, ҳаммаси аниқланди, мен ўшанда пивонинг ҳиди келиб ётганди, деб айтгандим. Лекин улар Хуршиджонни ўлдириб бўлиб, оғзидан пивони қуйган экан. Шунинг учун Хуршиджоннинг оғзидан пивонинг ҳиди анқиб ётганига амин бўлгандим. Мени кечиринг. Лекин булар клей ҳидлатган экан”, деди.
Булар Хуршиджонга пиво олиб кел, дея 30 минг сўм пул берган. Улар 4 киши бўлган. Хуршиджон умуман ичиб-чекмасди. Ўғлим 3 та бир марталик стаканни пули етмасдан қайтариб берган. Сўрида учаласи ичган, клей ҳидлатганмиз дейишяпти. Кейин орқасидан келиб Шоҳжаҳон бўғган, бўғаётганида у Муртозга “юрагига пичоқ санч”, деб бақирган. Муртоз пичоқ санчишга қўрқиб турган вақтида Абдуллоҳ орқасидан Хуршиджонга қараб итариб юборган, пичоқ ерга тушиб кетган. Йўқ, мен пичоқ санчолмайман, деганидан кейин Шоҳжаҳон Хуршиджоннинг юрагига қўлининг тирсаги билан 5-6 марта уриб, “ана, ўлиб бўлди, энди буни поезд йўлга олиб борамиз. Бўлмаса менинг ўлдирганимни билиб қолишади”, деган. Сўнгра боламни темирйўлга олиб келишган ҳамда қўйиб кетишган. Улар шунақа кўрсатма берган.
Якка-ю ягона ўғлим эди. Уни зўрға улғайтириб, уста қилгандим. 17 ёшга кирганди, қўлидан иш келиб қолганди”, дейди Гулсанам Тожиева.
Онанинг таъкидлашича, учаласи ўғлини қасддан ўлдирган.
Тергов версияси
Жиноят иши Фарғона вилояти прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчиси томонидан олиб борилган.
Айблов хулосасида келтирилишича, Шоҳжаҳон Ғаниев вояга етмаган, 2009 йилда туғилган Муртозхон Мансуров ҳамда 2011 йилда туғилган Абдуллоҳ Содиқов билан олдиндан жиноий тил бириктириб, Хуршиджон Ҳайдаровни қасддан ўлдириш мақсадида жиноий режа тузган. Бунга сабаб сифатида Хуршиджон Ҳайдаров у ва Муртозхоннинг онасини ҳақорат қилгани кўрсатилган.
Шоҳжаҳон Ғаниев 2025 йил 20 июн куни Хуршиджон Муртозхон Мансуров билан Қўқон шаҳар 24-сонли умумий ўрта таълим мактабида жойлашган футбол стадионига футбол ўйнаш учун бирга бориши ҳақида эшитган. У Муртозхонга футбол ўйини тугагач Хуршиджоннинг олдига бориб, 50 минг сўм қарзи масаласида гаплашиб олиши учун телефон қилиб беришини айтган.
Ўша куни соат 21:00 ларда футбол ўйини тугагач, барча уйига қайтаётган вақтида Муртозхон Шоҳжаҳон билан бироз аввал келишганидек Хуршиджоннинг олдига борган ва 50 минг сўм қарзи масаласида Шоҳжаҳонга қўнғироқ қилишини айтган. Хуршиджон шу ернинг ўзида Шоҳжаҳон Ғаниевга қўнғироқ қилган. Телефондаги ўзаро суҳбат давомида Шоҳжаҳон 50 минг сўм қарзи эвазига Қўқон шаҳар Кичик Ганжиравон маҳалласи ҳудудида жойлашган дала майдонига бориб, спиртли ичимлик истеъмол қилишни таклиф қилган. Уларнинг жиноий режасидан бехабар бўлган Хуршиджон Ҳайдаров ушбу таклифга рози бўлган.
Шоҳжаҳон Ғаниев футбол ўйинидан қайтиб келган Муртозхон Мансуровни яшаш хонадони олдида кутиб олган ҳамда унга зарур ҳолатда фойдаланишлари учун уйидан пичоқ олиб чиқишни айтган. Муртозхон Мансуров хонадон ошхонасидан ошхона пичоғини олиб, қайтиб чиққан.
Шоҳжаҳон ва Муртозхон келишилган жойга бораётган вақтда уларнинг олдига Хуршиджон ўзига тегишли бўлган велосипедда етиб келган. Унинг қўлида 2 литр пиво, қурут ва семичка бўлган.

Шу тариқа, учаласи дала майдонига борган ва ўша ердаги сўрида ўтириб, пиво ича бошлаган. Сўнгра Шоҳжаҳон гўёки аммасини яшаш хонадонига олиб бориб қўйиши кераклигини айтиб, у ердан кетган. Чамаси ярим соат вақт ўтиб, у Абдуллоҳ Содиқов билан қайтиб келган.
Жиноий мақсадларини амалга ошириш учун қулай фурсат келганига амин бўлган Шоҳжаҳон Ғаниев Хуршиджонни физиологик ва жисмоний жиҳатдан ўзини ҳимоя қилишга қодир бўлмай қоладиган вазиятга тушириб қўйиш учун чўнтагида бўлган “сиқма клей”ни олган Сўнгра уни пакетга тайёрлаб, ҳидлаб кўриши учун Хуршиджонга тақдим қилган.
Хуршиджон “сиқма клей”ни бироз ҳидлаб, маст ҳолатга тушиб қолган. Шу вазиятни кутиб турган Шоҳжаҳон Ғаниев Хуршиджоннинг орқа томонига ўтиб, икки қўлини бўйин соҳасидан ўтказган ҳолда уни бўға бошлаган. Муртозхон Мансуров эса Хуршиджоннинг оёқларини ушлаб, ҳаракатланиш ва қаршилик қилиш имкониятини чеклаб турган.
Хуршиджон Ҳайдаров ҳушсиз ҳолда бўлса-да, нафас олаётганини сезган Шоҳжаҳон Муртозхонга бўғишда фойдаланиш учун ип топиб келишини айтган. Муртозхон Мансуров Абдуллоҳ Содиқов билан бирга 70-80 метр нарида бўлган, бобосига тегишли дала шийпонга борган. Бироқ ип топа олмай, ортга қайтишган. Шундан сўнг Муртозхон ўзлари ўтирган сўри ёнидан ип топиб, уни Шоҳжаҳонга берган. Шоҳжаҳон эса ипни Хуршиджоннинг бўйнидан айлантирган ҳолда қаттиқ тортиб, боғлаб қўяди.
Бироз вақт ўтиб, Хуршиджон Ҳайдаровнинг ўлганига ишонч ҳосил қилишади. Сўнг ўта оғир жиноят изларини яшириш ва жиноий жавобгарликдан қутулиш мақсадида гўёки Хуршиджон ўз жонига қасд қилиб, вафот этгандек қилиб кўрсатиш учун унинг мурдасини темирйўлга олиб боришади. Бу жараёнда Шоҳжаҳон мурданинг қўлларидан, Муртозхон эса оёғидан кўтариб борган.
Шу тариқа, улар мурданинг бўйин қисмини релс устига тўғрилаб қўйишган, танани эса темирйўл излари оралиғига жойлаштиришган. 2025 йил 20 июндан 21 июнга ўтар кечаси соат 00:07 да “Қўқон–Поп” йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган юк поезди Хуршиджон Ҳайдаров мурдасини бош қисмидан босиб кетган.
Ким нима деяпти?
Kun.uz ҳолат юзасидан марҳум ва гумондорларнинг яқинларидан, гувоҳлардан интервю олди. Уларнинг фикрлари шундай бўлди.
Ҳамдам Турсунов, марҳумнинг тоғаси:
“Жияним темирйўлга олиб келинганида оёқ яланг бўлган. Бу ерга юриб келишнинг иложи йўқ, тошлар оёқ тагини кесиб юборади. Кейин бу ер жуда тиканзор. Бу ерга судраб олиб келингани аниқ факт эди. Сабаби, оёғининг таги тоза бўлган, ҳеч қандай жароҳат ёки тикан кириш бўлмаган. Оперлар, экспертиза ўз жонига қасд қилган деяверди.
Тушга ишонмасдим. Бир-икки марта синглимнинг гапига ишонмадим, туш-ку, дедик. Кейин акам буни бориб суриштиргин, деди. Шундан сўнг суриштиришни бошладим. Биринчи Муртознинг олдига бордим. У “менинг олдимга кайф ҳолатида келган. Қўлида пиво ва сигарет бор эди, мен билан ўтириб ичасан деди. Опоқим ва дадам мени чиқармади. Хуршид тўғрига, томорқага қараб ўтиб кетди”, деди.
Кейин секин камераларни кўра бошладик. Борган сари гумон ўшаларга қараб кетаверди. Жияним Хуршиджоннинг руҳи безовта бўлиб, онасини қўймади: кетма-кет битта тушни кўраверди. Охири шу синглимнинг туши орқали жиноятчилар чиқиб келди.
Таъзиянинг эртаси куни шу жойга келиб, бедазорни текширдик. Судралган излар бор эди. Буни оперларга айтдик. Оперлар бу далил бўлолмайди, дейишди. Эртаси куни оперларни олиб келиб кўрсатсак, бедазор тозалаб қўйилган экан. Биз ёниб-пишавердик, аммо бир ой мабойнида очилмади жиноят. Кейин ҳаммаси туш орқали очилди”.

Авазжон Сатторов, гувоҳ:
“Соат 00:17 ларда темирйўл “участковойи” қўнғироқ қилди. Кўтардим. Аваз ака, уйдамисиз, темирйўлга келиб-кетинг, деди. Тинчликми, десам, келаверинг тезроқ, деди. Келсам, марҳум Хуршиджон пачақланган ҳолатда темирйўлда ётарди. Ака, танийсизми, деб сўраганида “бу ўртоғимнинг ўғли-ку”, дедим.
Кичиклигидан ёнимизда катта бўлган, яқин ўртоғимнинг ўғли эди. Кейин мени ҳаяжон босиб қолди. Телефонимни олиб, дадасига қўнғироқ қилмоқчи эдим, айтмай қўяқолинг, дейишди. Бу атайлаб ўлдириб, ташлаб кетилган, дедим. Қаердан биляпсиз, деб сўради “участковой”. Қон чиқмаган, ўлган одамдан кам, тирик одамдан кўп қон чиқади, оддий хўрозни сўйсанг ҳам қанча қон чиқишини ўзинг биласан, дедим.
Мен келиб қараган ҳолатимда танаси бошсиз ётарди. Бошнинг ярми шиполнинг чап томонида эди. Ҳаяжон босиб, нима қилишимни билмай турдим”.

Абдуҳошим Тожиев, марҳумнинг дадаси:
“Экспертизага бордик ва нима бўлибди, нима сабабдан ўлибди, десак экспертиза хулосаси чиқсин, ўшанда билаверасизлар, дейишди. 28 кунда чиқди экспертиза хулосаси. Унда бола темирйўлга ўзи ётган, релс билан поезд ғилдираги орасида бўйин узилган, бошқа жойида тан жароҳати йўқ, жароҳат бўйин қисмидан тепасида, ҳеч нарсани аниқлай олмадик, дейилган.
2 дона хулоса берган. Кейин жони ўша ерда чиққан, дейилган. Биз қон чиқмаган-ку, қон сачраб кетиши керак эди, десак, йўқ, аниқ шунақа бўлган, дейишди. Кейин қотиллар топилиб, кўрсатмасида бўғиб ўлдирганмиз, ип билан боғлаганмиз бўйнидан дегандан кейин экспертиза хулосага қўшиб берди. Унгача экспертиза ҳам қарийб яширган ҳисоб бўляпти, хулосани тўлиқ бермади. Гумонимиз бор-у, бировни айблаб бўлмайди, экспертиза юрак билан ишланмаган”.

Ғайрат Пирматов, айбланувчи Шоҳжаҳон Ғаниевнинг дадаси:
“Воқеа бўлган куни кечқурун, соат 10 минут кам 00:00 лар эди, ишдан келаётгандим, кўчамизнинг бошида газ қуйиш шохобчаси бор, шунинг олдида газли сув, музқаймоқ сотилади, шу жойда ўғлим Шоҳжаҳон Ғаниев ҳамда жияним Муртозхон Мансуровга кўзим тушди. Мен ўзимнинг шахсий машинамда эдим. Келиб олдиларига тўхтадим. Тўхтаган вақтимда ўғлим менинг олдимга келди-да, лекин жияним мен билан сўрашмади ва тўғри ўтиб кетди. Ўғлим “Муртозхоннинг дўстлари шу ерда экан, 5 минут гаплашиб кириб кетамиз”, деган гапни айтди. Рулда ўтирган вақтимда, машинанинг ойнасидан орқага қараганимда Муртозхон кўча бошидаги мотор ўраш устахонасининг олдида бир йигит билан гаплашиб турганди. Қоронғида унча танимадим. Демак ўртоқлари бор экан, деган мақсадда мен уйга қараб келдим.
Шоҳжаҳон мен қилмаганман, деяпти. Лекин ўғлим тан оляпти, булар ўлдириб қўйганидан кейин ёрдам сўрагач кўтаришиб, олиб боришиб қўйдим, лекин мен ўлдирмадим, Муртозхон ўлдирди, деяпти. Энди билмайман, у ерда бу ҳолатнинг гувоҳи бўлмаганим учун бировнинг боласига туҳмат қилишга ҳаққим йўқ”.

Айбланувчиларнинг кўрсатмалари
Марҳумнинг яқинлари айтгани каби, Шоҳжаҳон Ғаниев ҳамда Муртозхон Мансуров тергов жараёнида айбига иқрорлик билдирмаган ва бир-бирига тескари кўрсатма берган. Яъни Хуршиджон Ҳайдаровнинг ўлдирилишини Шоҳжаҳон Муртозхонга, Муртозхон эса Шоҳжаҳонга юклаган. Уларнинг терговдаги кўрсатмалари қуйидагича.
Шоҳжаҳон Ғаниев, гумондор, қотилликда айбланмоқда:
“Хуршиджон Ҳайдаровга нисбатан ҳеч қандай адоватим бўлмаган. 2025 йил 20 июн куни Муртозхон Мансуров, Абдуллоҳ Содиқов ва Хуршид Ҳайдаров билан Қўқон шаҳар Кичик Ганжиравон маҳалласи ҳудудида жойлашган қурилиши тугалланмаган ер участкасининг сўрисида бирга ўтирган вақтимда мен пиво спиртли ичимлигини истеъмол қилмаганман. Ўша куни Хуршиджон Ҳайдаров ва Муртозхон Мансуров пиво истеъмол қилган.
Муртозхон Мансуров Хуршиджон Ҳайдаровни бўйнидан ип билан бўғиб, уни ўлдирди. Мен текшириб кўрганимда Хуршиджон нафас олмаётганини билдим. Ўша вақтда Муртозхон мен унинг қариндоши эканимни айтиб, илтимос қилгани сабабли Хуршиджоннинг мурдасини оёқ қисмидан кўтариб, поезд йўлига олиб чиққанмиз.
Ўша вақтда қўрққаним сабабли Муртозхон Мансуровнинг ўта оғир жинояти олдини ололмаганман. Айнан нимадан қўрққанимни билмайман. Хуршиджоннинг мурдаси поезд йўлининг иккита релси орасига қўйилган эди, боши қандай ҳолатдалигини эслолмайман. Ҳодиса содир бўлган куни Хуршиджон Ҳайдаровга тегишли велосипедни Муртозхон Мансуров олиб, яшаш хонадонига кириб кетган.
Муртозхон Мансуров бобосининг боғига ип олиб келиш учун бир ўзи кетганди, мен ва Абдуллоҳ Содиқов Хуршиджоннинг олдида, сўрида қолганмиз. Ҳодиса содир бўлган куни мен стресс ҳолатида бўлиб, қаттиқ қўрқиб кетганим сабабли нима қилишни билмай қолганман.
Сўрига бориб ўтириш таклифи ўша куни Муртозхон Мансуровдан чиққан. Сўнгра қоронғи тушганида мен, Абдуллоҳ Содиқов ва Муртозхон Мансуров бирга у ерга борганмиз. Ортимиздан Хуршиджон Ҳайдаров пиво, сигарет ва семичка олиб келган.
Хуршиджон Ҳайдаровдан қарз олди-берди муносабатларим бўлмаган. Хуршиджонни Муртозхон Мансуров бўғиб ўлдириб, ўта оғир жиноят содир қилгани ҳақида эртаси куни ёки ундан сўнг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълум қилиш ниятим бўлган. Лекин Муртозхон Мансуровнинг дадаси эртаси куни яшаш хонадонига мени чақириб, “битта пластинкани айлантириб туравер, сен Муртозхонни сотма, у сени сотмайди”, деб сўкиб чиқариб юборган. Бу ҳолат ҳақида дадамга ва бошқа яқинларимга ҳам айтишга қўрққанман. Охирги тергов ҳаракатлари давомида бу ҳақида айтиб берганман”.
Муртозхон Мансуров, гумонланувчи, қотилликда айбланмоқда:
“Ўша куни соат 21:00 ларда футболдан уйга қайтиб борганимда эшик олдида Шоҳжаҳон Ғаниев телефон ўйнаб ўтирганини кўрдим. Унинг олдига бориб, саломлашдим. Яшаш хонадонимга кириб кетаётган вақтимда Шоҳжаҳон “тезроқ чиқ, гапим бор”, деди. Мен хўп, дея уйга кириб кетдим.
Орадан 10-15 минут вақт ўтгач, мен қайтиб чиқдим. Ташқарида Шоҳжаҳон Ғаниев Хуршиджон Ҳайдаров билан суҳбатлашиб турганини кўрдим ва улар билан такроран сўрашдим. Шунда Шоҳжаҳон ҳам, Хуршиджон ҳам бугун ўтирамиз, деб гапиришди. Мен хўп деганимдан кейин Хуршиджон ўзи миниб келган велосипедида дўкондан нарса олиб келишини айтиб, кетди.
Хуршиджон бизнинг олдимиздан кетганидан сўнг Шоҳжаҳон менга “бор, яшаш хонадонингга кириб пичоқ олиб чиқ. Хуршид дўконга кетди-ку, нарса олиб келса истеъмол қиламиз”, деди. Хўп, дея уйга кирдим ва ошхонадан бир дона тахта сопли пичоқни олиб чиқдим.
Биз яшаш хонадонимдан 120 метр масофада жойлашган қурилиши тугалланмаган даладаги жой томонга қараб юрдик. Йўлда кетаётганимизда Хуршиджон велосипедини миниб, олдимизга етиб келди. У қўлида қора целлофан пакет ушлаб олганди. Кейинчалик билишимча, унинг ичида қурут, семичка, сигарет ва 2 литр пиво бор экан. Учаламиз сўрига бориб ўтирдик.
Мен Хуршиджон олиб келган целлофан пакетнинг ичини очганимда, унда пичоқ ишлатиш керак бўлган нарса йўқлигини кўриб, пичоқни тўшак тагига қўйдим. Шоҳжаҳон ва Хуршиджон пиво истеъмол қилишди, мен эса семичка чақиб, қурут едим. Бироз ўтирганимиздан сўнг Шоҳжаҳон Ғаниевга қўнғироқ бўлди. У телефонда суҳбатлашиб бўлгач, “аммамни яшаш хонадонига ташлаб келишим керак экан”, деб гапирди ва бизнинг олдимиздан кетди.
Орадан 30 минутларча вақт ўтганидан сўнг Шоҳжаҳон Абдуллоҳ Содиқов исмли таниши билан бирга келди. Шоҳжаҳон пиво ичди, Абдуллоҳ эса ўзида бўлган электрон сигаретни чекди. Мен эса Хуршиджон ва Шоҳжаҳон билан бирга Хуршиджон Ҳайдаров олиб келган сигаретдан чекдик.
Шу жараёнда Хуршиджон электрон сигаретини сўраб, Абдуллоҳга гапирди. Бироқ Абдуллоҳ Содиқов электрон сигаретини бермади. Шу сабабли, Хуршиджон аччиқ қилиб, унга сўкиниб гапирди ва улар ўзаро тортишиб кетишди. Лекин уришишмади ва тезда тўхтаб қолишди.
Шундан сўнг Шоҳжаҳон Ғаниев чўнтагидан оқ-кўк рангли “сиқма клей” олиб, унинг бир қисмини қурут пакетига сиқиб майдалади ва чекиб кўришини айтиб Хуршиджонга берди. Хуршиджон пакетдаги нарсани олиб, уни 5 минутларча дамлади, яъни ичига ҳаво тортиб, чиқарди. Шунда у ўзини бироз йўқотиб қўйганини сездим. Кейин Шоҳжаҳон қўлида бўлган “сиқма клей”нинг қолганини ҳам семичка пакетига солиб, тайёрлади ва уни бир маротаба ўзи тортиб, дамлади. Шунда Хуршиджон “ака, зўр нарса экан”, деганида Шоҳжаҳон қўлидаги пакетни ҳам унга берди. Хуршиджон уни ҳам олиб бироз дамлаганидан сўнг ўзини эплолмай қолди.
Шунда менинг чап тарафимда ўтирган Шоҳжаҳон ўрнидан туриб, қарама-қарши томонда ўтирган Хуршиджоннинг олдига ўтди ва унинг бўйнидан қўлларини устма-уст қилиб ўтказиб, томоғидан бўғди. Шу орада Абдуллоҳ Содиқов менинг олдимга ўтириб олди.
Хуршиджонни қўллари билан бўғиб турган Шоҳжаҳон менга “пичоқни олиб, юрагига тиқ”, деб бақирди. Мен эса пичоқни тўшак тагидан олиб, сўридан 2 метр масофага бордим ва “йўқ, мен тиқмайман”, дедим. Кейин сўрига қайтиб бориб ўтирдим ва пичоқни тўшак тагига қўйдим. Хуршиджонга қараганимда унинг оғзидан кўпик келганини, бурнидан эса бироз қонга ўхшаш ажралмалар чиққанини кўрдим.
Кейин Шоҳжаҳон менга опоқингнинг даласидан ип олиб кел, деди. Бу жойдан 70-80 метр масофада опоқимнинг даласи бор эди. Мен Абдуллоҳ Содиқов билан бирга опоқимнинг даласига бориб, Абдуллоҳни ташқарида қолдириб, ўзим ип олиб чиқаман, дея эшикдан ичкарига кирдим. Ичкарида 3-4 минут туриб, ип қидирмасдан ташқарига қайтиб чиқдим ва Абдуллоҳга ип йўқ экан, деб айтдим. У билан бирга Шоҳжаҳоннинг олдига қайтиб бордик. Қайтиб келганимизда Шоҳжаҳон Ғаниев ҳали ҳам Хуршиджонни бўғган ҳолатда турган экан. У биздан ип олиб келдингларми, деб сўради. Мен ип тополмаганимизни айтдим.
Мен Абдуллоҳ Содиқов билан бирга сўрига ўтирганимдан сўнг Шоҳжаҳонга “ака, буни ўзига келтиринг, ўлиб қолса муаммо бўлади”, дедим. Шоҳжаҳон менга “онамдан келгани учун жавоб бериб ўтирибди”, деди.
Шу жараёнда Шоҳжаҳон Ғаниев сўридан пастга қўлини узатиб, ип олди. У ипни Хуршиджоннинг бўйнидан айлантириб, икки учини икки ён томонга тортди ва боғлаб қўйди.
Шоҳжаҳон қулоғи билан Хуршиджоннинг кўксига бошини қўйиб, нафас олаётган ёки йўқлигини текширди ва бу ҳали ўлмабди, деди ҳамда қўли билан 3-4 маротаба унинг юрак соҳасига муштлаб урди.
Биз Абдуллоҳ билан унинг телефонида видео кўриб ўтирдик. Соат тахминан 23:30 ларда Шоҳжаҳон ҳушсиз ётган Хуршиджон Ҳайдаровни қўлларидан тортиб, сўридан пастга туширди. Хуршиджон бирон бир ҳаракат қилмасди. Шоҳжаҳон Ғаниев менга Хуршиджонни кўтаришиб юборишимизни, уни бирга поезд йўлига олиб бориб ташлаб келишимизни айтди. Мен бунга рози бўлмадим. Шоҳжаҳон “шундай қилмасак Хуршиджонни мен ўлдирганимни билиб қолишади”, деди. Мен яна рад жавобини берганимда эса сени ҳам ўлдириб юбораман, деб гапирди. Шу жараёнда ортга юрмоқчи бўлганимда ортимда Абдуллоҳ Содиқов туриб олганини билдим. Кейин Шоҳжаҳон Ғаниевдан қўрқиб, бунга рози бўлдим.
Мен Хуршиджоннинг икки оёғидан, Шоҳжаҳон Ғаниев эса икки қўлидан ушлаб кўтардик. Поезд йўли томонга қараб 20 метр масофа юрганимиздан сўнг Шоҳжаҳон Абдуллоҳ Содиқовга оғир экан, сен ҳам кўтар, деди. Кейин мен Хуршиджоннинг ўнг оёғидан, Абдуллоҳ эса чап оёғидан ушладик. Шоҳжаҳон қўлларидан ушлаб кўтарди”.
Шунингдек, Муртозхон Мансуров ўз кўрсатмасида Хуршиджон Ҳайдаровнинг мурдасини темирйўлга олиб чиқиб қўйишганидан сўнг нималар қилишганини айтиб ўтган. Хусусан, марҳумнинг велосипедини Шоҳжаҳоннинг кўрсатмаси билан бирга иккаласи томга чиқариб қўйишганини билдирган. Ушбу велосипедни кейинчалик Муртозхон Мансуровнинг дадаси олиб, бўлакларга бўлган ҳолда сойга оқизиб юборган.
Муҳаммадфаёз Ёқубов, гумондор, жиноятни яширишда айбланмоқда:
“Асфалт бўйида мотор ўрашда ишлаймиз. Ишлаб турган вақтимизда кечқурун Бегмуҳаммад исмли ўртоғим кўчага чиқиб кетди. 10 минутдан кейин қайтиб кириб, мени чақирди. Эшик ёнига чиққанимда Муртозхон ва Шоҳжаҳон турган экан. Соат тахминан 23:30 лар атрофида эди ўша пайтда. Чиқиб сўрашганимда Хуршиджонни ўлдириб келдик, деди Муртозхон. Мен ишонмадим. Кейин нима қилиб ўлдирдинг, деб сўрадим. “Пиво ичдирдик, клей чектирдик, кейин орқасидан 3-4 та сигарет чектиргандик, ҳушидан кетди. Бўғдик ва ўлди, кейин темирйўлга олиб бориб, ташлаб келдик”, деди.
Мен ишонмадим ва нима билан исботлайсан, деганимда Шоҳжаҳон Хуршиджоннинг телефонини чўнтагидан чиқариб кўрсатди. Унгаям ишонмадим. Чунки телефонини ҳамма ўртоғимизга бераверарди, қизғанмасдан. Мен нима қилай ҳозир шунга, деганимда велосипедингни бериб тур, уйимизга кириб кетамиз, деди. Қачон қайтаришини сўраганимда эртага, деб жавоб берди. Ҳа, бўпти, деганман. Улар кетган, кейин мен кириб кетганман.
Соат кечқурун 00:00 дан ўтган пайтида поезд қаттиқ сигнал чалди. Фақат йўлидан нимадир чиққанда ёки нимадирни уриб юборганда қаттиқ сигнал чаларди. Ўшанда Муртозхон ва Шоҳжаҳоннинг гапига ишонгандай бўлдим. Кечлиги учун бир ўзим чиққани қўрқдим, у ерлар хилват жойлар.
Эртаси куни ишга кетдим. Тушда гўрковимиз қўнғироқ қилиб, “Хуршиджон ўртоғинг ўлибди”, деди. Кейин жанозага келдим.
Хуршиджоннинг тоғасига бўлган нарсаларни айтмоқчи эдим, аммо уруш бўлиб кетади деб қўрқдим. Орада 10 кунча жим юрдим. Хуршиджон 2-3 марта тушимга кирди. Яшириб юравердим. Яна 5-10 кун ўтиб Хуршиджоннинг тоғаси Ҳамдам ака ва аяси Гулсанам холам ёнимга келишди. Сўрашди, ундаям айтмасдан яширдим: 2-3 марта келишди, айтмадим. Кейин онам билан Зуҳриддин тоғамникига бордик. Тоғамга бўлган воқеани айтдим. Сўнгра мени терговхонага олиб боришди. У ерда терговчиларга бўлган воқеанинг ҳаммасини гапириб бердим”.

Суд ишни терговга қайтарган
Юқорида таъкидлаганимиздек, марҳум Хуршиджоннинг онаси Гулсанам Тожиева терговдан норози. У айрим айбдорлар “ўйиндан” чиқиб кетганини айтмоқда.
Гап шундаки, Хуршиджон Ҳайдаровнинг ўлдирилиши ва мурдаси темирйўлга чиқариб қўйилиши жараёнида Абдуллоҳ Содиқов ҳам иштирок этган. Аммо жиноят ишида у йўқ. Айблов хулосасида Абдуллоҳ Содиқов гумонланувчи сифатида сўроқ қилингани ва унинг кўрсатмалари келтирилган. У ўз кўрсатмасида воқеа жойида бўлганини тасдиқлаган.
“Бошидан охиригача қатнашган Абдуллоҳ умуман гувоҳ бўлиб қолиб, қамоқдан чиқиб кетди. Жиноятни очган Муҳаммадфаёзга Жиноят кодексининг 241-моддасини қўйишди жиноятни яширгансан деб. Лекин ўғлимни бошидан охиригача кўтаришиб, оғзидан кўпик ва бурнидан қон келганини кўрган Абдуллоҳ вазиятдан чиқиб кетяпти ҳозир.
Ким қатнашган бўлса, ҳаммаси жазо олишини хоҳлайман. Энг оғир жазони беришларини сўрайман. Соппа-соғ уйдан чиқиб кетган ўғлимнинг қайтиб совуқ танасини ҳам кўрмадим. Ҳатто қабрга қўйишганида ҳам кўрмадим. Қаерга мурожаат қилишни ҳам билмаяпман”, демоқда Гулсанам Тожиева.
Шунингдек, воқеани эшита туриб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермаган Муҳаммадфаёз Ёқубов жиноятни яширишда айбланмоқда. Бироқ яшаш хонадони томидан Хуршиджоннинг велосипедини олиб, уни бўлакларга бўлган ҳолда сойга оқизиб юборган Мурод Пирматов жиноят ишида йўқ. У ўз кўрсатмасида “велосипедни яқин қариндошларига ёки ваколатли ташкилотларга олиб бориб берсам, биздан шубҳаланишади ва гумон қилишади деб қўрқиб, бўлакларга ажратган ҳолда сойга оқизиб юбордим”, дея тан олган.
Шу каби ҳолатлар сабабли суд 2026 йил 7 январ куни ажрим чиқариб, жиноят ишини терговга қайтарган.
Айни пайтда айбланувчилар Шоҳжаҳон Ғаниев ҳамда Муртозхон Мансуровга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланиб, тергов ҳибсхонасида сақланмоқда. Албатта, қайта тергов ҳаракатларидан сўнг иш судга қайтади ҳамда Хуршиджон Ҳайдаровнинг қотиллари, бу ишга алоқадорларнинг барчаси ўз жазосини олади. Ҳарқалай ёлғиз ўғлидан айрилган бир муштипар она шунга ишониб яшамоқда.
Kun.uz мавзуни кузатишда давом этади.
Мавзуга оид
10:53 / 29.01.2026
Самарқандда ёлланма қотил орқали танишини ўлдирмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди
20:52 / 28.01.2026
“У яхши ниятининг қурбони бўлди” — Дурдона Ҳакимова фожиаси ҳақида
13:25 / 25.01.2026
Туркияда ўзбекистонлик аёл ваҳшийларча ўлдирилди
12:28 / 24.01.2026