Ўзбекистон | 12:01 / 10.02.2026
1177
1 дақиқада ўқилади

Президент қарори: “Навоий халқаро аэропорти”да лойиҳавий бошқарув жорий этилади

“Навоий халқаро аэропорти фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди. Навоий халқаро аэропортида лойиҳавий бошқарув тамойилларини жорий этиш орқали 2030 йилгача парвозлар, йўловчи ва юк ташиш ҳажмларини сезиларли ошириш мақсад қилинган.

Фото: Kun.uz 

Қарорда лойиҳавий бошқарув натижасида эришиладиган асосий мақсадли кўрсаткичлар белгиланган. Жумладан, 2030 йилга келиб:

аэропортда амалга оширилаётган парвозлар сони 2,3 баробарга оширилиб, йилига 7 мингтага етказилиши;
йўловчи ташиш ҳажми йилига 150 минг нафарга, юк ташиш ҳажми эса 45 минг тоннага етказилиши кўзда тутилган.

Шунингдек, қарорга мувофиқ, “Навоий халқаро аэропорти” МЧЖ Uzbekistan Airports АЖнинг марказлашган оператив бошқариш тизимидан ажратилган ҳолда унинг фаолиятига лойиҳавий бошқарув тамойиллари жорий этилади.

Қарор билан “Навоий халқаро аэропорти” МЧЖ ижро этувчи органига айрим масалаларни мустақил равишда амалга ошириш ҳуқуқи ҳам берилган. Хусусан:

ўз даромадлари ҳисобидан авиация хизматлари экспортини оширишга қаратилган қўшимча хизматлар турларини кенгайтириш;
ҳаво кемаларига авиаёнилғи қуйиш ҳамда хорижий авиаташувчилар олиб келган авиаёнилғини сақлаш бўйича жаҳон авиация бозори конъюнктурасига мос тарифларни белгилаш.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид