Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“15 млн кишининг маълумоти сотувда тургани йўқ” — Шерзод Шерматов
Январ ойи охирида 3 та идора (номлари очиқланмаяпти) киберҳужумга учраши натижасида, ўзбекистонликларнинг 60 мингга яқин датаси ўғирланган. Бу ҳақда айтган вазир Шерзод Шерматов “15 млн кишининг маълумоти даркнетда сотилаётгани” ҳақидаги миш-мишларни рад этди. “15 млн уникал одамнинг интернетда сотувда турган маълумоти йўқ. Агар бўлса, топинглар, олинглар, кўринглар. Унақа маълумот йўқ”, деди у.
2 феврал куни Ўзбекистондаги давлат идораларига ҳакерлик ҳужумлари бўлгани ҳақида Reddit'да хабар қолдирилган, хабарда бузиб кириш натижасида ҳакерлар қарийб 15 миллион шахснинг маълумотини қўлга киритгани иддао қилинган эди.
12 феврал куни рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов матбуот анжумани ўтказиб, шу масалада изоҳ берди.
Унинг айтишича, 27–30 январ кунлари Ўзбекистон ҳукуматининг учта идораси киберҳужумга учраган. Бунда 15 миллионта эмас, 60 мингга яқин шахсий маълумотлар ўғирланган.
Булар – фуқароларнинг исм-шарифи, туғилган санаси, манзили, телефон рақами каби маълумотлар ёки расмидан иборат. Ҳозирда ваколатли органлар томонидан ўрганишлар давом этяпти.
“15 млн нафар уникал одамнинг интернетда сотувда турган маълумоти йўқ”
Шерзод Шерматовга кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда 107 млндан ортиқ киберҳужумлар қайд этилган. Бу йил рақамлар 2 баробарга ошиш эҳтимоли бор. Бу – онлайн тизим, веб-сайтлар кўпаяётгани билан боғлиқ.
“Мана, ўтган йили Ўзбекистоннинг ресурсларига 100 млндан ошиқ ҳужум бўлган бўлса, кейинги йил 200 млндан ҳам ошиши ҳеч гап бўлмай қолади. Чунки унинг ёнига сунъий интеллект орқали ҳам қўшимча янги-янги ҳужум турлари кириб келяпти. Яъни борган сари бу бўйича талабни кучайтириб боришимиз керак.
Бу ҳолат бўйича интернетда 15 млн нафар одамнинг шахсий маълумоти сотувда турибди, деган гап чиқди. Даркнетда, масалан. 15 млн нафар уникал одамнинг интернетда сотувда турган маълумоти йўқ. Агар бўлса, топинглар, олинглар, кўринглар. Чунки 15 млн деган катта рақам-да, у ҳар бир одамга таъсир қилади. Бир томондан, шу масалага эътибор қаратиш учун жуда яхши кўринишда ишлатиладиган рақам. Лекин 15 млн нафар фуқаро, агар бундоқ болаларни ҳисобламаса, деярли паспорт олган аҳолимизнинг ярмидан кўпининг маълумоти интернетда турибди деган савол чиқади-да. Унақа маълумот йўқ. У сотилаётгани йўқ”, – деди вазир.
“Тест режимидаги ёки сертификациядан ўтмаган тизимларда “утечка” бўлади”
Шерматовнинг айтишича, айни муаммонинг келиб чиқишига киберхавфсизликка бўлган эътиборнинг етарли эмаслиги, киберхавфсизлик тизими 3 босқичда сертификациядан ўтмагани ёки тизимларни тест режимида ишлатиш сабаб бўлиши мумкин.
“Айнан шу тест масалаларида ёки сертификациядан ўтмаган тизимларда “утечка” бўлади ва шулар орқали бошқа тизимларга кириш эҳтимоли ортиб боради. Шунинг учун ҳам мана шунақа хабарлар тарқагандан кейин, албатта, ҳолатлар махсус ваколатли орган – Киберхавфсизлик маркази томонидан оператив равишда ўрганиляпти деган хабар тарқатилди, ўзингиз хабарингиз бор. У ўрганиш ҳам бошланди, уни тегишли мутахассислар ҳам ўрганди.
Ўрганиш деганда турли нарсалар ўрганиш керак-да. Уни биз фуқаровий хизматдаги одамлар ҳар доим ҳам, масалан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаларини ҳаммасини тўлиқ айта олмаслигимиз ҳам мумкин. Лекин, биринчидан, шу факт бўлганми? Факт бўлган бўлса, уни қаердан ўрганади? Ҳаммасининг логлари бўлади. Логларида кирган-чиққанини кўриш имконияти бўлади. Қаердан маълумотлар сотиляпти деган бўлса, ўша Даркнетга ҳам кирилади. Даркнетда сотиляпти деб эълон бўлгандан кейин, демак, сотиб олиш имконияти бор. Сотиб олиш имконияти борми, йўқми, текширилади. Яъни бу ҳаммаси – ўрганиш жараёни. Ундан кейин ҳар бир ҳолатда нима сабаби деган савол ҳам чиқади.
Масалан, ҳакер томонидан ҳужум бўлган бўлиши мумкин ёки тизим администраторининг ўзи ҳам сотаётган бўлиши мумкин. Ёки инсайдер билан гаплашиб олиб, у билан бўлган ҳолат ҳам бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам бу ерда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, яна бошқалар ҳам бор. Ҳар хил ҳолат ёки оддий бир мисол, ҳалиги “social engineering” деб, одам ўзи гапирган бўлиши мумкин ёки қанақадир вирус тушган бўлиши мумкин. Жуда кўп йўли”, – деди у.
Қўшимча қилинишича, 107 млндан ортиқ киберҳужумларнинг ҳаммаси ҳам маълумотлар сизиб чиқиб кетиши билан боғлиқ эмас.
“Шунинг учун 15 млн фуқаронинг ҳаммасининг маълумоти интернетга чиқиб кетди, ҳаммаси сотиляпти деган нарса, у ҳақиқатга тўғри келмайди. Агар бўлса, сотиб олинглар-да, мана кўрсатинглар. Бу масала бор. Иккинчидан, албатта ҳужум бўлган, яхши, кучли ҳакер бўлган. Ҳаракатини қилган, қайсидир тизимга кирган ҳам. Яхши нарса бу, шу баҳонада бошқа тизимларни ҳам ўрганишга, яна шу нарсага сергаклик ортишига ёрдам беради. Қанчадир миқдордаги қайсидир тизимлардан қанақадир маълумотлар ҳам чиққан. Энди у 15 миллион тугул, 100 минг ҳам эмас”, – дейди РТВ раҳбари.
“Энг асосийси – кибергигиена бўйича ишлашимиз керак”
Вазир давлат идораларига тегишли ахборот тизимларидан чиқиб кетиб қолган маълумотлар хавфсизлиги, қолаверса, молиявий фирибгарликлар ҳақида гапираркан, бунда фуқароларнинг масъулиятини оширишга алоҳида урғу берди.
“Сизнинг паспорт нусхангиз ҳозир ўзингиздан бошқа кўп жойда бор. Масалан, энди биз жуда ишонувчан одаммиз: мактабга ҳам берамиз, боғчага ҳам берамиз, маҳаллага ҳам берамиз, эртага саёҳатга чиқмоқчисизлар, ички туризмни ривожлантириб, унга ҳам берасизлар, яна бошқага. Меҳмонхонага борсангиз ҳам дарров нусхасини берасизлар. Ҳамма ерда бор дейлик. Мана бу ҳолат бўлмасдан олдин ҳам нусха бўлгандан кейин, сизнинг номингиздан мол-мулкингизни олиб қўйиши ёки пулингизни олиб қўйиш ҳолати бўладими-йўқми деган савол бор. Ана шунинг олдини олиш бўйича ҳам, албатта, чоралар кўрилади, кўриляпти ҳам. Бу фақат юқоридаги ҳолатга боғлиқ эмас, бундан олдинги молиявий фирибгарлик ҳолатлари бўйича ҳам”, – дейди у.
Вазир “борган сари тизимни такомиллаштириш бўйича ҳам давлат томонидан, ҳам энг асосийси – кибергигиена бўйича ишлаш керак”лигини билдирди.
Шунингдек, у молиявий фирибгарликларнинг олдини олишда лимит ва чекловлар киритиш юзасидан Рақамли технологиялар вазирлиги, Марказий банк ва бошқа тегишли идоралар ишлаётганини айтди.
Шундан кейин вазир матбуот анжуманига йиғилган журналистлар саволларига жавоб берди. Савол-жавоб билан юқоридаги видео орқали танишишингиз мумкин.
Мавзуга оид
11:02 / 12.02.2026
Киберҳужумда 60 мингтага яқин шахсий маълумот тарқалган – Шерзод Шерматов
08:14 / 08.02.2026
OneID'га киберҳужум, ҳайдовчиларга огоҳлантириш ва Самарқанддаги шов-шув — ҳафта дайжести
11:41 / 03.02.2026
Ўзбекистон фуқароларининг маълумотлари даркнетга чиқиб кетгани ҳақидаги хабар тарқалди
12:46 / 26.12.2025