Жамият | 23:14 / 13.02.2026
2335
9 дақиқада ўқилади

Трейдинг орзуси ёки кредит ботқоғи? Инфотрейдерлар қўяётган қопқонлар

Ижтимоий тармоқларда “кунига 50 доллар барқарор даромад” ёки “ойига 10 минг доллар топиш” ваъдаларини эшитмаган одам кам. Аммо бу орзулар ортида кредит, қарз ва тушкунлик ётаётганини ҳамма ҳам билмайди. Маълумотларга кўра, молия бозорида курс сотувчи блогерларнинг даромади трейдинг фойдасидан юқорироқ.

Ижтимоий тармоқларда трейдингни ўрганиб тезда бойиб кетишингизни ваъда қилган рекламаларни бир марта бўлсаям кўргансиз. Бугун шуларга ишонганлар бу ҳақида барча ҳақиқатни гапиришади.

Улар психологнинг 300 долларлик курсида ўқиб ҳаётини ўзгартирмоқчи эди. Чинданам шундай бўлади. Психолог ўз мижозларига трейдинг ўрганиш орқали ҳаётни ўзгартириш мумкинлигини ва шундай “ишончли” трейдер борлигини айтади. Аммо нархи 3 минг доллар бўлган бу курс учун пуллари йўқлигини айтишганда кредит олиб ўқишса, тезда тўлашлари мумкинлиги айтилади. Маълум бўлишича, бу курсда ўқиган 10 га яқин одам кредит олиб фаолият бошлашган.

Нозима, мурожаатчи: “Кунига 50 доллардан барқарор даромад қилишингизга ваъда берамиз деди. Мен бу трейдер ишончли бўлгани учун сизларга тавсия қиляпман деб зўр реклама қилди. Кўпчилик трейдерлар алдайди деб бошқаларни ёмонлаб ташлади. Ҳаммагаям ишонаверманг, мен сизларга ёрдам бераман. Охиригача туриб бераман, икки ойлик курс ўтаман, токи ундан кейин ҳам натижа қилмагунингизгача ёнингизда бўламан, деди.

Кейин админига ёздим, пулим етмаётганини, ойма-ой ойлигимдан тўлишим мумкинлигини айтдим. У бошқалар кредит олиб ўқишганини, мен ҳам шундай қилишим мумкинлигини миямга қуйди. Кредитни икки ҳафтада ёпиб юборишим мумкинлигини айтди. Бу умуман хаёлимга келмаган эди. Ўшалар айтгандан кейин ҳаракат қилиб 33 миллион кредит олдим. 31 миллионни уларга ўтказиб бердим.

Икки ойлик дарс бошланди. Биринчи ойда назарийда фақатгина бинанс ва бошқа дастурларда рўйхатдан ўтишни ўргатди. Бир сидра тушунтириб чиққан бўлди. Буларни биз интернетдаям кўриб бемалол ўрганиб олсак бўладиган нарсалар экан. Бунинг бизга фойдаси ҳам теккан йўқ. Иккинчи ой амалий бўлади деди. Унда бизга иккитагина анализни ўргатди. Икки кунда ўргатса бўладиган нарсани бир ойда чўзиб ўргатди”.

Салима, мурожаатчи: “Дарслар ўтиб тушунтирди, лекин буни соҳага кириб келганимиздан кейин тагини интернетдан қидириб ўргансам, бизга денгиздан бир томчини ўргатган экан. Бу соҳа жуда чуқур соҳа экан. “Кунига ишламасдан туриб, шундоқ бозорга кириб 50 доллардан пул топасизлар” деган ваъдани берди. Ҳисобимизга 1000 доллар қўйдик, фючерсда ишладик. Лекин унақа натижа йўқ. “Доим алоқада бўламан, қачон ёзсангиз ўргатаман, бозордан узоқ муддатли валюталарни олиб қўйишни ўргатаман”, деганди. Аммо ундан кейин бизга умуман жавоб бергиси келмади. Сунъий интеллектнинг пулли дастури орқали ўрганиб олишимизни айтди. Унга савол бериб, бозорни анализ қилиб ишласак бўларкан”.

ESMA (Европа молиявий назорат органи) маълумотига кўра, Forex ва CFD савдосида иштирок этувчи чакана трейдерларнинг 74–89% қисми зарар кўради.

Аммо рекламаларда фақат ютуқлар кўрсатилади. Бу курс сотувчи инфотрейдерлар қўядиган қопқон. Молия бозорида курс сотувчи блогерларнинг даромади трейдинг фойдасидан юқорироқ эканлигини кўрсатади.

Унутманг, бу курслар инфотрейдер даромад модели ҳисобланади. Кўп ҳолатда уларга даромад савдодан эмас, аудиториядан, яъни рекламалар қурбонларидан келади. Ўзингиз ўйлаб кўринг, агар ўша одам трейдингдан яхши даромад топиб турган бўлса, нега у курс сотишга муҳтож?

Нозима, мурожаатчи: “Кузатиб борсам кўп ёлғон гапиряпти. Қўрқмасдан барқарор даромад, катта-катта ваъдалар беряпти. Унда ўқиганларнинг ҳаммаси натижа кўриб, фойда олаётганини айтиб мақтанди. Биз буни кўриб ҳайрон бўлдик, курсни ўқиб тугатдик, фойда кўрмадик, зарар кўрганмиз, тушкунликка тушганмиз. Шунча пулни уйдагиларга айтмасдан тўлаганмиз. Камига бинансдаям минусга кириб кетганмиз.

Курсни ўқиб биляпмизки, интернетдан йиғиб олинган нарсалар. Натижа берадиган тажриба йўқ, оддий маълумотлар ва “ҳаммаси ўзларингга боғлиқ” деб қўяди. Пул олгунча зўр, катта-катта ваъдалар беради, “натижага аниқ чиқариб бераман” дейди, лекин бу бўлмайдиган нарса.

Курсда ўқиганимиз ҳақида мақтаб ёзиб беришимизни айтди, саҳифасига қўйиш учун. Бир қизимиз энди натижа бўлар деган умидда ёзиб берганини айтди. Айримлар натижа кўрмагани учун ёзмаслигини айтди. Мен кредитим учун (курсга олинган) пул келганини ёзиб, берган билимлари учун раҳмат айтиб ёздим. Лекин кредитни ёпиш учун бу пулни акаларимдан олган эдим. Ойма-ой фоиз тўламай, трейдингдан ишлаб уларга қайтараман деган мақсадда акаларимдан олиб ёпгандим. Лекин унинг чатида эшитсам, ёлғон гапириб манипуляция қиляпти – мени кредитимни ёпиб юборганимни айтяпти. Мен унга буни трейдинг қилиб, трейдинг фойдасидан ёпдим демаганман. Ҳали ишламай туриб кредит ёпганман, буларни ёлғон гапирди”.

Бу ботқоқ ичидаги яна бир қопқон – фойда кўрганларнинг изоҳлари, мақтовларидан фойдаланиш. Бу мақтовлар ишончингизни оширади ва қармоққа қандай илинганингизни билмай қоласиз.

“Трейдингчилар” фақатгина курс сотишмайди. Улар орасида пулингизни кўпайтириб беришни ваъда қилаётганлариям бор. Муҳожирда яшаётган ёлғиз она бу ҳақида гапириб берди:

Ирода, мурожаатчи: “Россияда ишлайман, ёлғиз онаман. Уй олиш учун ишлаяпман, лекин кредитимни вақтида тўлай олмай қийин вазиятга тушиб қолдим, шу учун инстаграмда ..... деган профилда трейдингда пул кўпайтириб бераман деган болага ёздим. Телеграм каналига уландим. Ишонишим учун паспортларигача ташлади, лицензиясини кўрсатди, ишондим. 5 минг рублни 70 минг рублга кўпайтириб беришга ваъда берди. Шундан 15 фоизини унга беришимни айтди. Жон деб рози бўлдим. 5 минг рубл ташладим. Кейин пулим 123 минг рубл бўлганини, лекин уни ечиш учун яна 18 минг рубл комиссия ўтказишимни айтди. Менда унақа пул йўқ эди, кредит олинг деди. Ўзи кредитимни тўлаш учун бу ишга қизиққандим. Бу пулни тополмаганим учун куйганимни айтди. Биламан, инсон қийин вазиятда ҳамма нарсага рози бўлади, лекин менга ўхшаган нечтасини уйини куйдиряпти бу. Чунки обуначилари жуда кўп”.

Қимматбаҳо автолар, пачкалаб долларлар иллюзияси қурбонларни шундай оғир вазиятларга тушириб қўяди. Айтиш керакки, нормал брокерда ўз пулингизни ечиш учун қўшимча пул қўйиш талаб қилинмайди. Шу ернинг ўзида бир нечта ёлғон маълумот бор: тезда фойда олиш, пул ечиш учун комиссия тўлови ва ҳоказолар. Таҳлилларга кўра, янги трейдерларнинг 70–90% биринчи йилда асосан зарар кўради. Аммо инфотрейдерлар ва псевдоброкерлар бу ҳақида умуман гапиришмайди.

“Соҳанинг ичида бўлганимиз учун бу каби ҳолатларни тез-тез эшитиб турамиз. Кўпчиликда молиявий саводхонлик етишмаслиги сабабли турли ваъдаларга, баландпарвоз сўзларга ишониб қолиши, натижада асли бепул ўрганиши мумкин бўлган маълумотларни катта пулга сотиб олиши ёки пул бериб алданиб қолиш ҳолатларини тез-тез кўриб турибмиз. Афсуски энг катта муаммолардан бири – унинг ортида қанча риск (зарар кўриш эҳтимоли) борлигини айтишмайди. Риск қанча юқори бўлса даромад ҳам шунча юқори бўлади, лекин бу юқори даромад кўриш учун доим катта риск билан ишлаш керак дегани эмас. Бу ерда шаффофлик йўқ, бу қанақа жараён, қанақа билимлар кераклиги, рисклар, пул бошқаруви очиқ, шаффоф кўрсатилмайди.

Тан олиш керак, биринчидан кўпчиликда молиявий саводхонлик паст. Филтр қилмасдан, текширмасдан ишониб кетиш. Иккинчидан, ўргатадиганлар томонидан зўр натижалар, ҳашаматли ҳаёт, қиммат машиналарни кўрсатиб, “агар курсимни олсанг, сен ҳам худди шундай ҳашаматли ҳаётда яшайсан, шунақа зўр машиналар минасан” деган ғояни сингдиришга ҳаракат қилади”.

Мутахассисга кўра, бу каби ҳолатлар Ўзбекистонда янги бўлган соҳанинг ривожланишига катта тўсиқ бўляпти: ҳақиқий мутахассисларга нисбатан ҳам одамларда шубҳа билан қараш пайдо бўлган.

Гулмира Тошниёзова
Муаллиф Гулмира Тошниёзова

Мавзуга оид