Авто | 11:42
1235
2 дақиқада ўқилади

Январ ойида автобозор: электромобиллар сегменти юқори суръатда ўсди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази январ ойи якунлари бўйича бирламчи автомобил бозори таҳлилини эълон қилди. Унга кўра, янги енгил автомобиллар савдоси 28,6 минг донани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 фоизга ошган. Энг юқори ўсиш электромобиллар сегментида қайд этилган.

Фото: Kun.uz

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази жорий йил январ ойи якунлари бўйича Ўзбекистон бирламчи автомобил бозорининг динамикаси ва ҳудудий тузилмасига оид янгиланган таҳлилни тақдим этди. Таҳлилда бозор сегментларидаги ўзгаришлар, жумладан электромобиллар бозоридаги тенденциялар ҳам қамраб олинган.

Марказ маълумотларига кўра, январ ойида маҳаллий ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган янги енгил автомобиллар савдоси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,2 фоизга ўсиб, 28,6 минг донани ташкил этди. Ҳудудлар кесимида энг юқори бозор фаоллиги Бухоро, Қашқадарё, Фарғона ва Сурхондарё вилоятларида қайд этилди. Шу билан бирга, янги енгил автомобиллар сотуви Самарқанд ва Хоразм вилоятларида, шунингдек Тошкент шаҳрида камайган.

Сегментлар бўйича таҳлилда маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси ўтган йил январ ойига нисбатан 11 фоиздан ортиқ ўсиб, 24 минг дондан зиёдни ташкил этгани таъкидланди. Айни пайтда хорижий ишлаб чиқарилган янги автомобиллар реализацияси қарийб 4,4 минг донани ташкил этиб, ўтган йил январ ойига нисбатан 10 фоизга камайган.

Электромобиллар сегменти эса бозор ўсишининг асосий драйверига айлангани қайд этилди. Январ ойида электромобиллар савдоси 9 фоизга ошиб, 6,1 минг донани ташкил этди. Ҳудудий кесимда сотувларнинг асосий қисми Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келиб, пойтахтда 3,7 мингта электромобил сотилган — бу жами ҳажмнинг 62 фоиздан ортиғини ташкил қилади.

Кейинги ўринларда Самарқанд (3,5 баробар), Наманган (2,4 баробар), Сурхондарё (5 баробар) ҳамда Хоразм (3 баробар) вилоятларида электромобил савдоси сезиларли ўсган. Шунингдек, электромобилларнинг бирламчи бозори рекорд даражада 45,3 фоизга ўсиб, 4,7 мингта электромобилни ташкил этгани маълум қилинди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид