Жамият | 11:16
8512
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда мактаб ўқувчиси ЙТҲ содир этди

У Lacetti'да пойтахтнинг Ўзбекфилм кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб, йўл четида турган икки автомобилга урилган ва уларга жиддий зарар етказган. Ҳодиса жойига келиб ўзини “4-баталёндан Бекзод” деб таништирган ЙҲХБ ходими суриштирув чораларини кўрмасдан ҳодиса жойини тарк этган.

Фото: Kun.uz

16 феврал куни Тошкент шаҳри Чилонзор туманида вояга етмаган шахс бошқарувидаги Lacetti иштирокида ЙТҲ содир бўлди. 

Kun.uz'га маълум бўлишича, Новза кўчаси (Ўзбеккино миллий агентлиги жойлашган кўча)да вояга етмаган (2009 йилда туғилган) шахс бошқарувидаги Lacetti йўлнинг бурилиш қисмида бошқарувни йўқотган. Бунинг оқибатида у қарама-қарши йўналишга чиқиб кетиб, йўл четида ҳаракатсиз турган Cobalt автомобилига бориб урилган. Тўқнашув зарбидан Cobalt сурилиб бориб, ёнидаги Honda Crider’га урилган. Ҳар учала автомобил ҳам шикастланган.

Cobalt'нинг эгаси берган хабар бўйича воқеа жойига етиб келган, ўзини “4-баталёндан Бекзод” деб таништирган ЙҲХБ ходими зарур суриштирув чораларини ўтказмаган.  Хусусан, ҳодиса иштирокчилари ва гувоҳларнинг тушунтириш хатлари олинмаган. Воқеа жойи чизмаси чизилмаган. Тормоз излари ҳам кўздан кечирилмаган. 

Ходим машина эгаларидан тегишли ҳужжатлар (техпаспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномалари)ни йиғиб олган ва Lacetti ҳамда қолган икки автомобилни жарима майдончасига олиб боришни мулк эгаларининг ўзларига “юклаб”, ҳодиса жойини тарк этган. Lacetti'ни бошқарган шахснинг шахсига оид ҳужжатлари бўлмаган.

ЙТҲни содир этган ҳайдовчи вояга етмаган бола эканига қарамай унинг шахсига аниқлик киритилмаган. Боланинг шахси ҳодиса жойига йиғилган кўнгиллилар томонидан сўраб-суриштириб аниқланган.

Kun.uz пойтахт ИИББ расмийси Қаҳрамон Худойбергановдан ЙТҲларни расмийлаштириш тартиб-қоидалари ҳақида сўради. Унинг тушунтиришича, ҳар қандай ЙТҲ содир бўлганда аввало воқеа жойи чизмаси чизилиб, ҳодиса иштирокчилари ва холислар томонидан имзоланади. Бундан ташқари, ҳодиса жойининг ўзида ЙТҲ иштирокчиларининг шахсига аниқлик киритилиб, батафсил тушунтириш хатлари олинади.

Асрор Абдуназаров
Тайёрлаган Асрор Абдуназаров

Мавзуга оид