Жамият | 09:30 / 26.02.2026
5031
10 дақиқада ўқилади

“Ноҳақ айблашди” – Самарқандда собиқ ИИБ ходими Олий суддан адолат кутяпти

Ҳозирда таълим соҳасида ишлайдиган собиқ ИИБ ходими Талъат Шодмоновга кўра, у прокурор ўринбосарига алоқадор одамларни “безовта” қилиб қўйгани ортидан босимга учраган. Маълум қилишича, қонуний ишлаганига қарамай унга нисбатан жиноий иш очилиб, иш судгача борган. Судда эса ишни унга босим қилган прокурор ўринбосарининг дўсти бўлган судя кўрган.

Воқеалар қандай бошланди?

Талъат Шодмоновнинг айтишича, у 2015-2016 йилларда Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги Тошкент ва Зарафшон маҳаллаларида профилактика инспектори бўлиб ишлаган. Ўша пайтда ҳудудларда ИИБ ходимлари ва бошқа соҳа вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил қилиниб, турли хатлов ишлари ва жамоат тадбирларига жалб қилинган.

Шундай тадбирлардан бирида халқ таълими бўлими (ҳозирги мактабгача ва мактаб таълими бўлими)дан ишчи гуруҳга бириктирилган ходим қатнашган, бироқ хатлов жараёнида иштирок этмаган. Шундан сўнг Шодмонов ишчи гуруҳ раҳбари сифатида педагог ҳақида халқ таълими бўлимига билдирги киритган.

Шодмоновнинг айтишича, воқеалар ана шу ердан “кескин тус ола” бошлаган. У ўша пайтда Жомбой тумани прокурори ўринбосари бўлиб ишлаган Эркин Ҳайитов хонасига чақиртирилган. Инспектор прокурор хонасига кирганида, у ерда хатловга чиқмаган педагог ҳам бўлганини айтади. Унинг таъкидлашича, прокурор ўринбосари таҳдид ва ҳақорат билан гап бошлаган. Педагог қўшниси, таниши эканлигини иддао қилиб, инспекторга танбеҳ берган.

Шодмонов ўз вазифасини бажарганини, жамоат ишига бириктирилган ходим келмагани учун билдирги киритганини айтган. Собиқ инспекторнинг сўзларига кўра, шундан кейин прокурор ўринбосари “сен оддий участкавойсан, кимсан ўзи, ҳали сен билан гаплашаман”, деб чиқариб юборган.

Шодмонов бу каби ҳолат яна такрорланганини таъкидлайди. Жумладан, маҳалла масъуллари билан бирга ижара шартномасисиз уй берган фуқарога нисбатан маъмурий баённома расмийлаштириб, солиқ идорасига топширганидан кейин ҳам прокуратурага чақирилган. Унинг айтишича, прокурор ўринбосари мазкур фуқарони “ўзимиздан” деб атаб, нега баённома тузилганини сўраган ва уни бекор қилишни талаб қилган. Инспектор қонуний ҳаракат қилганини айтгач, яна таҳдид билан хонадан чиқариб юборилган.

Шодмоновнинг сўзларига кўра, Ҳайитов “қараб тур, мен сенинг погонингни ечаман” деган мазмунда таҳдид қилган ва ана шундан сўнг у ҳақиқий босимни ҳис қилган.

“Прокурорча тузоқ” иш берди”

Бир муддат ўтиб, прокуратурадан ИИБга хат келади. Унда Зарафшон маҳалласидаги қўриқхона ҳудудида Жамшид Дўланов исмли фуқаро ноқонуний яшаб келаётгани сабабли маъмурий жавобгарликка тортиш сўралган. Ушбу маҳалла ҳудудий жиҳатдан Шодмонов назоратида бўлгани учун ишни у ўрганган. Гувоҳлар, маҳалла раиси ва котиби иштирокида қўриқхона ҳудудига бориб, маъмурий баённома расмийлаштирган.

Шу баённома ортидан Шодмонов “тузоққа тушганини” айтмоқда. Унинг сўзларига кўра, Дўланов прокурор ўринбосарига шикоят қилиб борган ва “участкавой мендан уй олдидаги темир қувурларни талаб қилди, бермасанг жарима қиламан деб таҳдид қилди”, мазмунида ариза ёзган. Шундан кейин Шодмонов яна прокуратурага чақиртирилган.

Шодмоновга кўра, прокурор ўринбосари “Ана, қўлга тушар экансан-ку… сен Дўлановнинг имзосини ўзлаштиргансан, темир қувурларни сўрагансан, ҳозир шу ерда тушунтириш хати ёзасан”, деган. Шодмонов бу айбловларни рад этган ва барча ҳаракатлари прокуратура хати асосида амалга оширилганини айтган.

2016 йил август ойида мазкур ҳолат юзасидан Жомбой туман прокуратураси Самарқанд вилояти ИИБга унинг устидан хизмат текшируви ўтказишни сўраб хат юборган. Шодмоновнинг айтишича, 27 август куни ўтказилган текширув хулосасида унинг ҳаракатларида жиноят аломатлари йўқлиги қайд этилган. Аммо кейинчалик иккинчи текширув тайинланган ва 2016 йил 10 ноябрдаги такрорий текширувдан сўнг унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Олий судга киритилаётган шикоятда ҳимоя томони айнан шу нуқтага эътибор қаратмоқда: дастлаб “жиноят аломати йўқ” деган хулоса чиққани ҳолда, кейинги қарорлар кескин бошқача бўлиб кетгани, бу фарқнинг сабаблари тўлиқ очиқланмагани таъкидланади.

Судда очиқ қолган саволлар кўп

Олий судга тақдим этилаётган шикоятда Шодмоновга нисбатан айблов моҳияти сифатида 2016 йил 11 май куни SD№0247989 рақамли маъмурий баённома расмийлаштирилгани, унда Дўланов қўриқхона ҳудудида рўйхатдан ўтмасдан яшаган деб кўрсатилгани, баённомадаги имзо ҳақиқий эмас деган важлар асос қилингани қайд этилади. Шодмоновга кўра, тафтиш (кассация) инстанцияси ишни бир томонлама кўриб, ҳимоя томон келтирган далилларга етарлича ҳуқуқий баҳо бермаган.

Шикоятда бир қатор далиллар санаб ўтилган. Жумладан, 2015 йилда фуқаролик суди қарорлари билан Дўлановлар оиласини қўриқхона балансидаги 10-уйдан мажбурий чиқариш ва ноқонуний қурилмаларни бузиш белгилангани, мазкур ҳал қилув қарор кейинги инстанцияда ҳам ўзгаришсиз қолгани айтилган. Шунингдек, ижро ишлари қўзғатилгани ва 2016 йил июн ойида қўриқхона ҳудудидаги ноқонуний қурилмалар бузилгани ҳамда қарздорлар чиқарилгани ҳақида далолатнома расмийлаштирилгани келтирилади. Бу далолатномада Шодмоновнинг ҳам иштирок этгани қайд этилгани айтилади.

Агар ҳуқуқбузарлик ҳолати ҳақиқатда мавжуд бўлган бўлса, ишни фақат “имзо кимники” масаласига суянган ҳолда жиноятга буриш тўғри эмас.

Шикоятда яна бир муҳим баҳсли нуқта кўтарилган: баённомадаги имзо Шодмонов томонидан қўйилмагани ҳақида эксперт хулосаси бўлгани қайд этилади, бироқ имзони ким қўйгани терговда аниқланмаган. Ҳимоя томонининг фикрича, имзо кимники аниқланмаган шароитда, барча айбни баённома тузган ходим зиммасига тўлиқ юклаш ҳам нотўғри.

Қувур масаласи исботланмаган

Шодмоновга қўйилган айбларда унинг Дўлановга “темир қувур бермагани учун” ғараз сақлагани ҳақида важ ҳам келтирилган. Лекин қувурнинг кимга тегишлилиги, қиймати, қай мақсадда ишлатилиши, ҳақиқатан кимнинг мулки экани, нима учун Шодмоновга керак бўлгани каби саволларга аниқ жавоб берилмаган. Шунингдек, иш материалларида қувур ҳақидаги иддаони тасдиқловчи мустақил далиллар - гувоҳ, аудио/видео ёзувлар мавжуд эмас, асосий манба сифатида Дўлановнинг кўрсатмаси инобатга олинган, холос.

Шодмонов томонидан Олий судга қилинаётган мурожаатда унинг ноҳақ айбланганини иддао қилувчи яна бир қатор масалалар ўрин олган.

Иш суддан судга кўчирилган

Шодмоновнинг даъво қилишича, иш ҳудудийлик нуқтаи назаридан аввал Жомбой туманида кўрилиши керак эди, аммо суддан судга кўчирилган. Унинг айтишича, дастлаб Жомбой туманида иш материаллари кўриб чиқилиб, “жиноят аломатлари йўқ” деган мазмундаги қараш билдирилган. Кейин иш Булунғур туманига ўтказилган, у ерда ҳам “жиноят таркиби йўқ” деган позиция айтилган. Шундан кейин иш Самарқанд шаҳрига кўчирилган.

Шодмоновнинг сўзларига кўра, Самарқанд шаҳар судида прокурор ўринбосари Ҳайитовнинг болаликдан таниш дўсти, курсдоши Марат Эргашев ишларди. Собиқ инспектор айтишича, суддан аввал судя Эргашев билан учрашув бўлиб ўтган ва унга “формангга рози бўлсанг, ишни ёпаман” деган талаб қўйилган. Шодмонов эса “айбим бўлмаса, нега тизимдан кетишим керак?” деб бу шартни рад этган. Унинг таъкидлашича, шундан кейин судя “симпатичний ҳукм чиқараман”, деган.

Судя билан бўлиб ўтган бу суҳбатга Жомбой тумани ИИБнинг ўша пайтдаги ўринбосари ҳам гувоҳ бўлганини айтмоқда Шодмонов.

Олий судга киритилаётган шикоятда ҳимоя томони, шу жумладан, иш бўйича далилларни ҳар томонлама ва холис текшириш талаблари бажарилмагани, айбловни исботлаш мезонларига оид қатор процессуал нормалар бузилгани қайд этилади. Шикоятда суд қарорларини бекор қилиш ва ЖПКнинг тегишли моддасига асосан оқлов ҳукми чиқариш сўралган.

Шодмонов: “Адолат истаяпман!”

Шодмонов прокурор ўринбосари каби мансабдорларнинг камситиши, ички ишлар ходимларига нисбатан паст муносабати кўплаб ходимларни тушкунликка тушириши, тизимдан совишига хизмат қилаётганини айтади. Унинг фикрича, ички ишлар ходими ҳам, прокурорлар ҳам бирдек халққа хизмат қилиши, адолат учун ишлаши керак.

Айни пайтда Талъат Шодмонов Ургут туманидаги умумтаълим мактабида инглиз тили фанидан дарс бермоқда. Бироқ шаъни ва адолат тикланиши учун ҳуқуқий имконият сифатида Олий судга мурожаат қилишни ният қилган. Унинг айтишича, бу иш юзага чиқишидан манфаатдор бўлмаганлар ҳали ҳам тизимда ва “курсдошлар сценарийси” яна такрорланиши мумкин.

Айтиш мумкинки, ички ишлар тизимининг собиқ ходими Талъат Шодмонов соҳадан четлатилишига сабаб бўлган ишда қонундан чиқмаганини, аксинча, вазифасини бажарганини таъкидламоқда. Бироқ иш бўйича суд ҳужжатлари мавжуд ва улар қонуний кучга кирган. Шу билан бирга, Олий судга киритилган шикоятда ҳимоя томони қатор далилларни санаб ўтган ҳолда, қуйи инстанциялар қарорларини қайта баҳолашни сўрамоқда.

Ҳолатда ҳали ҳам жавобсиз қолаётган саволлар бор: нега хизмат текширувларининг дастлабки хулосалари билан кейингиси ўртасида кескин фарқ пайдо бўлган? Нега иш бир неча марта суддан судга кўчирилган? Ходимнинг “урилиб кетишига” асос деб кўрсатилган қувур масаласи қанчалик холис ўрганилган? Баённомадаги имзо ким томонидан қўйилгани нега очиқ қолган?

Ҳозирча бу воқеанинг бир томони - Шодмонов ва унинг ҳимоячиси баён этган нуқтаи назар ҳисобланади. Ишда номи тилга олинган шахслар ва мутасадди органлар муносабати эълон қилинмаган. Таҳририят қарши томон фикри ва муносабатини эълон қилишга тайёр.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид