Жамият | 20:05 / 26.02.2026
2515
3 дақиқада ўқилади

Олий суд: “Талъат Шодмонов яна тафтиш шикояти бериши мумкин”

Прокурор ўринбосарига алоқадор одамларни “безовта” қилиб қўйгани ортидан босимга учраганини айтган собиқ ИИБ ходими Талъат Шодмоновда Олий судга яна тафтиш шикояти бериш ҳуқуқи бор. Олий судга кўра, маҳкама томонидан собиқ ходимга берилган жавоб хатлари унинг тафтиш тартибида такроран шикоят келтиришига чеклов қўя олмайди.

Фото: Kun.uz

Ҳозирда таълим соҳасида ишлайдиган, прокурор ўринбосарининг босими ортидан ноҳақ судланиб, ишдан бўшатилганини айтган собиқ ИИБ ходими Талъат Шодмонов Олий судга яна тафтиш шикояти бериши мумкин. Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Обидов собиқ ходимга алоқадор ҳолат юзасидан баёнот берди.

Маълум қилинишича, 1988 йилда туғилган, Жомбой тумани ИИБ ХООБ МТП профилактика инспектори лавозимида ишлаган Талъат Шодмонов ЖИБ Самарқанд шаҳар судининг 2017 йил 3 мартдаги ҳукмига мувофиқ Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) 1-қисми ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 1-қисми билан айбли деб топилган. Унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолиш шарти билан 2 йил 6 ой ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.

Талъат Шодмонов Олий мажлис Сенатининг 2016 йил 12 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма тўрт йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарори 2-бандига асосан тайинланган асосий жазодан озод қилинган.

Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2017 йил 11 апрелдаги ажрими билан биринчи инстанция суди ҳукми, Самарқанд вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясининг 2025 йил 8 майдаги ажрими билан эса суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

“2025 йил 5 август куни Олий суд жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судяси томонидан суд қарорлари юзасидан Талъат Шодмоновнинг ҳимоячиси келтирган шикоят жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати тафтиш инстанциясида кўриб чиқиш учун асослар етарли эмаслиги сабабли рад қилинган.

Таъкидлаш жоизки, Талъат Шодмоновга оид жиноят иши юзасидан чиқарилган суд қарорларидан норози бўлиб, унинг адвокати Олий суд раиси қабулида топширган шикоят иш ҳужжатлари асосида ўрганиб чиқилган. Натижада адвокатнинг Талъат Шодмоновга оид жиноят ишини Олий суднинг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида кўриш ҳақидаги мурожаати қаноатлантирилмасдан қолдирилган. Бу ҳақда Олий суд томонидан 2025 йил 25 декабрдаги 13-1158-25-сонли, кейинчалик эса 2026 йил 26 январдаги 03-11/26-62-сонли ва 19 февралдаги 03-11/26-14436-сонли хатлар билан мурожаатчига маълум қилинган”, дейилади баёнотда.

Қўшимча қилинишича, Талъат Шодмоновга Олий суд томонидан берилган жавоб хатлари унинг тафтиш тартибида такроран шикоят келтиришига чеклов қўя олмайди. Собиқ ИИБ ходими Олий судга яна тафтиш шикоятини бериши мумкин.

Талъат Шодмонов аввалроқ Kun.uz’га прокурор ўринбосарига алоқадор одамларни “безовта” қилиб қўйгани ортидан босимга учраганини айтиб берганди. Маълум қилишича, қонуний ишлаганига қарамай унга нисбатан жиноий иш очилиб, иш судгача борган. Судда эса ишни унга босим қилган прокурор ўринбосарининг дўсти бўлган судя кўрган.

Руслан Сабуров
Тайёрлаган Руслан Сабуров

Мавзуга оид