Иқтисодиёт | 13:47
627
1 дақиқада ўқилади

Крипто-активлар айланмаси бўйича лицензиялаш қоидалари янгиланди

Адлия вазирлиги крипто-активлар айланмаси соҳасидаги хизматлар провайдерлари фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимча ва ўзгартиришларни давлат рўйхатидан ўтказди. Янги нормаларга кўра, лицензия бериш ёки рад этишда лицензияловчи органнинг “асослантирилган мулоҳазаси” ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Адлия вазирлиги томонидан тегишли ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилди. Ҳужжатга мувофиқ, “асослантирилган мулоҳаза” — қонунчиликда белгиланган талабларга қўшимча равишда лицензияловчи орган томонидан қўлланиладиган, кўриб чиқилаётган масаланинг ҳақиқий мазмуни расмий мазмундан устуворлигини назарда тутувчи профессионал баҳолаш ҳисобланади.

Қайд этилишича, бундай мулоҳаза лицензияловчи органнинг назорат фаолияти доирасида олинган маълумотларига таянади. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар, халқаро ташкилотлар, давлат органлари, жумладан чет эл назорат органлари ва ташкилотларидан келиб тушган ахборотлар ҳам инобатга олиниши мумкин. Очиқ манбалардаги маълумотлар ҳам баҳолаш жараёнида аҳамият касб этади.

Янги тартибга кўра, лицензияловчи органнинг асослантирилган мулоҳазаси лицензия бериш тўғрисидаги аризани рад этиш учун асос бўлиши мумкин.

Мутахассислар фикрича, мазкур ўзгартишлар крипто-активлар айланмаси соҳасида шаффофликни кучайтириш, хавф-хатарларни камайтириш ва бозор иштирокчилари фаолияти устидан назоратни такомиллаштиришга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид