Ўзбекистон | 15:50 / 03.03.2026
1775
2 дақиқада ўқилади

Олий касбий тиббиёт академияси ташкил этилади

2026 йил 1 январдан бошлаб Ҳамширалар академияси негизида Тошкент давлат тиббиёт университетининг Олий касбий тиббиёт академияси ташкил этилади. Янги тузилма ўрта тиббиёт ва фармацевтика кадрларини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Фото: oliygoh.uz

Тиббиёт ва фармацевтика таълими соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш доирасида янги олий таълим муассасаси — Олий касбий тиббиёт академиясини ташкил этиш белгиланмоқда.

Қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан бошлаб Ҳамширалар академияси негизида юридик шахс мақомига эга бўлган Тошкент давлат тиббиёт университетининг Олий касбий тиббиёт академияси ташкил этилади.

Белгиланишича:

академия олий таълим муассасаси ҳисобланади;
2028 йил 1 январдан бошлаб унга олий таълим муассасаларига берилган академик ва молиявий мустақиллик тамойиллари татбиқ этилади;
олий ва касбий таълимда ўрта тиббиёт ҳамда фармацевтика кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича барча таълим ташкилотларига услубий раҳбарлик қилади.

Шунингдек, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлашнинг икки йиллик ўқув дастурлари бекор қилинади. Тиббиёт техникумлари битирувчиларига белгиланган тартибда фақат “олий ҳамширалик иши” бакалавриат таълим йўналишида иккинчи курсдан ўқишни давом эттириш ҳуқуқи берилади.

Мазкур ислоҳотлар ўрта тиббиёт кадрларини тайёрлаш сифатини ошириш, таълим жараёнини халқаро стандартларга мослаштириш ва соҳада профессионаллик даражасини юксалтиришга қаратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид