Жаҳон | 22:08 / 05.03.2026
3043
5 дақиқада ўқилади

“Хоминаийнинг ўлдирилиши Путинни хавотирга солди” – сиёсатшунос

Кремл мафкурачилари Теҳроннинг йиқилишига нафақат минтақавий иттифоқчидан айрилиш, балки Ғарб билан қарама-қаршиликда бундай сценарий навбати Россияга ҳам келиши мумкинлиги призмасидан қарамоқда. Президент Путин ҳам олий раҳбарга қилинган суиқасдни жиддий қоралади. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар шу ҳақда сўз юритди.

— Эрондаги уруш ва олий раҳбарнинг ўлдирилишига Россия қандай муносабатда бўлди?

Камолиддин Раббимов: 2025 йилда журналистлар билан учрашув чоғида Владимир Путинга шундай савол берилган эди: агар имом Хоминаий АҚШ ёки Исроил томонидан ўлдирилса, бунга қандай баҳо берасиз? Путин бу саволга икки бор бир хил жавоб қайтарган: “буни ҳатто изоҳлашни ҳам, тасаввур қилишни ҳам истамайман”.

Путин психологиясини ўрганган айрим таҳлилчиларга кўра, у Муаммар Қаззофий ўлдирилишини шахсий ва сиёсий жиҳатдан оғир қабул қилган. Унинг дунёқарашида уруш бўлиши мумкин, аммо давлат раҳбарига бевосита зарба бериш номақбул ҳолат сифатида кўрилади.

Шу нуқтаи назардан, Эрон раҳбариятига таҳдидлар ҳам Кремл учун жиддий масала ҳисобланади.

Яқинда россиялик файласуф Александр Дугин ҳам кескин баёнот бериб, “агар Эрон йиқилса, кейинги навбат Россияга келади”, дея огоҳлантирди. У ҳатто Ғарб билан айрим келишувлар Россия зарарига ишлаётганини таъкидлади. Дугин расмий амалдор бўлмаса-да, Кремл мафкуравий доираларига яқин шахс сифатида тилга олинади.

Минтақавий даражада Эроннинг заифлашуви табиийки, Исроил манфаатларига мос келади. Чунки Тел-Авив Эронни ўзининг асосий хавфсизлик таҳдиди сифатида кўради.

Бироқ геосиёсий жараён фақат минтақа билан чекланмайди. Глобал миқёсда АҚШ ва Хитой ўртасидаги рақобат кучайган бир пайтда, Россия ва Эрон Пекин учун муҳим ҳамкорлар саналади. Шу контекстда Куба ва Венесуэладаги иқтисодий инқироз ҳам эътиборга лойиқ. Венесуэладан энергия оқимининг қисқариши Кубада жиддий энергетик танқисликни келтириб чиқарди: электр таъминоти чекланган, ёқилғи етишмай, айни вақтда ижтимоий инфратузилма издан чиқмоқда.

Агар Эрон ҳам жиддий заифлашса, глобал майдонда Россия ва Хитойнинг стратегик юкламаси янада ортади.

Шу боис Москва бир томондан Эронга тўлиқ ҳарбий ёрдам бера олмайди, иккинчи томондан эса вазиятни хавотир билан кузатмоқда. Украинадаги уруш Россия ресурсларини сезиларли даражада чеклаб қўйди ва Кремл учун ҳар қандай янги геосиёсий силкиниш янада мураккаб оқибатларга олиб келиши мумкин.

Шуҳрат Расул: Россия жамоатчилиги учун муҳим воқеалардан бири икки кун аввал Масъуд Пизишкиён ва Владимир Путин ўртасида телефон суҳбати бўлди. Бу ҳақда россиялик сиёсий таҳлилчи Валерий Соловей маълумот берди. У кўпинча мухолиф сифатида кўринса-да, айрим ҳолларда Кремл етказишни истаган, аммо расмий айта олмайдиган тезисларни оммага чиқариши билан танилган.

Соловейнинг таъкидлашича, Кремл ҳозир янги нарративни илгари сурмоқда: гўёки Эрон билан вазият Россия учун иқтисодий жиҳатдан ҳатто фойдали. Энергия нархлари ошаётгани Москва манфаатига хизмат қилаётгани айтилмоқда. Шу билан бирга, “Эрон тўлиқ ҳарбий иттифоқчи эмас эди, ўз вақтида Теҳроннинг ўзи чуқурроқ ҳамкорликни ўзи истамаган”, деган фикр ҳам илгари сурилмоқда.

Бироқ айни суҳбатда Пизишкиён ҳарбий ёрдам сўрагани, Путин эса ресурслар чекланганини билдиргани айтилади. Россия ҳозир ўзи ҳам қурол-аслаҳа ва ўқ-дори танқислигини бошдан кечирмоқда. Айниқса, Эрон сўраётган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Россиянинг ўзида ҳам етишмаяпти.

Хитой масаласига келсак, Россия–Хитой–Эрон яқинлиги кўпроқ сиёсий декларация даражасида. Улар ўртасида ўзаро ҳарбий ёрдам бериш мажбурияти мавжуд эмас. Масалан, тарихда Биринчи жаҳон уруши ва Иккинчи жаҳон уруши даврида аниқ ҳарбий блоклар ва мажбуриятлар бўлган. У даврда қудрат жиҳатдан ўзаро яқин рақобат мавжуд эди, ҳозирги ҳолат эса бундай эмас.

Хитой эҳтиёткор сиёсат юритмоқда: у тўғридан тўғри ҳарбий мажбурият олишдан қочади. Қурол савдоси эса алоҳида масала, бу урушда иштирок этяпти дегани эмас, балки бизнес сифатида талқин қилинади. Шу сабабли бугунги зиддиятларни автоматик равишда “жаҳон уруши” деб аташ асосли эмас: бунинг учун ўзаро мажбуриятларга эга кучли ҳарбий блоклар шаклланган бўлиши керак.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид