Ўзбекистон | 09:08
1985
2 дақиқада ўқилади

Лаҳор–Тошкент йўналишидаги илк юк рейси 17 тонна гўшт олиб келди

Ўзбекистон ва Покистон ўртасида озиқ-овқат соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқди. 12 март куни икки давлат ўртасидаги илк чартер юк рейси амалга оширилиб, Лаҳордан Тошкентга озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, 17 тонна гўшт етказиб берилди.

Фото: Uzbekistan Airports

Маълум қилинишича, маҳаллий вақт билан соат 21:10 да Лаҳор шаҳридан учиб келган Boeing 737 ҳаво кемаси «Тошкент» халқаро аэропортига муваффақиятли қўнган. Мазкур рейс Ўзбекистон ва Покистон ўртасида озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш соҳасидаги амалий ҳамкорликнинг илк натижаси сифатида баҳоланмоқда.

Томонлар ушбу лойиҳа доирасида келгусида юк ташиш ҳажмини босқичма-босқич кенгайтиришни режалаштирган. Истиқболда битта рейс орқали ташиладиган юк ҳажмини 100 тоннагача етказиш кўзда тутилмоқда. Бу эса икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ва логистика имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Таъкидланишича, ушбу илк юк рейси келгусида юқори сиғимдаги юк парвозларини амалга оширишни режалаштираётган Air Speed Charter авиакомпанияси ташаббуси билан Покистоннинг Air Eagle авиакомпанияси томонидан бажарилган.

Мазкур рейс нафақат озиқ-овқат соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, балки Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги транспорт-логистика йўналишларини ривожлантиришда ҳам муҳим қадам бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид