Соғлом ҳаёт | 12:02 / 17.03.2026
1994
3 дақиқада ўқилади

Яшил чой мияни тозалашга ёрдам беради – олимлар

Бу ичимлик Альцгеймер касаллиги ва ёш билан боғлиқ мия ўзгаришларига қарши курашда муҳим кўмакчи вазифасини бажариш хусусиятига эга.

Олимлар аниқлашича, яшил чой таркибида кўп миқдорда мавжуд бўлган эпигаллокатехин галлат (EGCG) моддаси нерв ҳужайраларининг энергия мувозанатини тиклайди ва заҳарли оқсил тўпланмаларидан халос бўлишга ёрдам беради.

Ёш ўтиши ва Альцгеймер касаллиги ривожланиши жараёнида нейронларда гуанозинтрифосфат (GTF) даражаси кескин камаяди. GTF – бу ҳужайранинг ўзига хос “энергия валютаси” бўлиб, “тозалаш” тизимлари ишлаши учун зарур, яъни уни ҳужайранинг “ёқилғиси” деб тасаввур қилиш мумкин. Ушбу “ёқилғи” ёрдамида ҳужайра ўзини тозалаб туради, зарарли оқсиллар ва чиқиндиларни чиқариб ташлайди. Агар GTF камайиб кетса, ҳужайра яхши тозалана олмайди ва зарарли моддалар йиғилиб қолади.

Ёш ўтиши билан тиббий жиҳатдан GTF камаяди, тозалаш механизмлари бузилади ва нейронларда заҳарли оқсил йиғиндилари, жумладан, бета-амилоид тўпланади. Айнан у ҳозирда Альцгеймер касаллигининг асосий сабаби ҳисобланади.

Лаборатория тажрибалари давомида олимлар яшил чойдаги EGCG ва никотинамид (Б3 витаминининг шакли) комбинацияси атиги 24 соат ичида қариб бораётган нейронларда GTF даражасини тиклашини аниқлади. Бу эса бир қатор ижобий ўзгаришларга олиб келади: ҳужайраларнинг ўзини тозалаш жараёнлари фаоллашади, яшовчанлиги ошади ва мия қаришининг асосий сабабларидан бири бўлган оксидловчи стресс камайди.

Яшил чойнинг организм учун фойдали экани аллақачон маълум эди. Ушбу ичимлик турли антиоксидантларга бой бўлиб, улар орасида EGCG энг кучлиларидан биридир. Уни мунтазам истеъмол қилиш юрак-қон томир касалликлари хавфини камайтириши, моддалар алмашинувини яхшилаши ва ҳатто айрим саратон турларининг олдини олиш мумкин. Энди бу рўйхатга нейродегенератив касалликлардан ҳимоя функцияси ҳам қўшилди.

Қизиқ томони шундаки, EGCG мия учун “филтр” вазифасини бажарадиган махсус ҳимоя деворидан ўта олади. Одатда, бу девор кўп моддаларни мияга киритмайди. EGCG тўғридан-тўғри мияга етиб бориб, унга таъсир қила олади. Бу эса келажакда мия касалликларига қарши дори ишлаб чиқиш учун яхши имконият ҳисобланади.

Яшил чой – фойдали ичимлик, лекин у касалликни даволайдиган “мўжизали дори” эмас. Уни соғлом турмуш тарзининг бир қисми сифатида ичиш фойдали, бироқ касалликни фақат унга таяниб даволаб бўлмайди .

Диёрахон Набижонова
Тайёрлаган Диёрахон Набижонова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш