Жамият | 12:52 / 19.03.2026
2069
1 дақиқада ўқилади

23 мартдан Тошкент — Чорвоқ автобус қатнови қайта тикланади

2026 йил 23 мартдан бошлаб Тошкент шаҳридан Чорвоқ йўналиши бўйича автобус қатнови қайта йўлга қўйилади. Янги йўналиш ички туризмни ривожлантириш ва аҳолига қулай транспорт хизматларини таъминлашга қаратилган.

Фото: Тошшаҳартрансхизмат

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ таркибидаги «Тошавтобустранс» МЧЖ томонидан 1226-сонли «Машинасозлар метроси — Чорбоғ (Ҳумсон қўрғони)» автобус йўналиши фаолияти қайта тикланади.

Йўналишга 47 ўриндиқли, кондиционерлар билан жиҳозланган MAN RR3 русумли замонавий туристик автобуслар бириктирилади. Йўлкира нархи 25 минг сўм этиб белгиланган.

Автобуслар Машинасозлар метроси бекатидан ҳар куни соат 06:00 да ҳаракатни бошлайди. Қатновлар ҳар 1,5 соатда амалга оширилиб, сафар вақти тахминан 1 соат 30 дақиқани ташкил этади. Сўнгги қатнов Чорвоқ томондан соат 20:30 да амалга оширилиб, соат 22:00 да Машинасозлар метросида якунланади.

Йўналиш Машинасозлар метроси бекатидан бошланиб, Махтумқули кўчаси, Янги Ўзбекистон боғи, Ҳожикент мавзеси ва Чиноркент орқали Хумсон қўрғонигача ҳаракатланади.

Қайд этилишича, йўловчилар учун нақд пул ва банк карталари орқали тўлов қилиш имконияти яратилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид