Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон дунёдаги энг йирик газ мажмуаларидан бирига ҳужум қилди
Теҳрон “Жанубий Форс” газ конига берилган зарбаларга жавоб тариқасида Қатар ва Саудия Арабистонидаги нефт-газ саноати объектларига ҳужум қилди. Ар-Риёдда тўрт киши жабрланди.
Фото: MizarVision
Эрон Форс кўрфази мамлакатларига навбатдаги зарбани берди. Қатар мудофаа вазирлигининг 19 март, пайшанбага ўтар кечаси маълум қилишича, Қатардаги Рас-Лаффан саноат ҳудудида жойлашган дунёдаги энг йирик нефт-газ мажмуаларидан бири баллистик ракеталар ҳужумига учраган. Давлатга қарашли QatarEnergy нефт-газ компанияси маълумотига кўра, объект 12 соат ичида икки марта ҳужумга учраган.
Мажмуа ҳудудида ёнғин чиққан, аммо кейинчалик у назорат остига олинган, дея маълум қилди расмийлар. QatarEnergy Рас-Лаффандаги корхонага “сезиларли зарар” етганини билдирган, бироқ ходимлардан ҳеч ким жабрланмаганини таъкидлаган. Қатар ташқи ишлар вазирлиги юз бераётган воқеани “Эроннинг шафқатсиз ҳужуми” ва “миллий хавфсизликка тўғридан тўғри таҳдид” деб атаган.
Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёдда ушлаб қолинган ракетанинг аҳоли яшайдиган ҳудудга тушган бўлаклари оқибатида камида тўрт киши жароҳат олган, деб хабар қилди маҳаллий ҳокимият. Уларнинг маълум қилишича, ракета парчалари пойтахт жанубидаги нефтни қайта ишлаш заводи яқинига ҳам тушган. Бундан ташқари, мамлакат шарқидаги газ корхонаси яқинида учувчисиз учиш аппарати уриб туширилган, деб қўшимча қилди Саудия Ички ишлар вазирлиги.
Бирлашган Араб Амирликларида ҳам Эрон Ислом Республикаси томонидан учирилган дронлар ва ракеталарга қарши ҳаво мудофааси тизимларини ишга солишга тўғри келган, дея хабар берди мамлакат мудофаа вазирлиги.
Бундан бир неча соат олдин, Эронга қарши урушда АҚШ билан бирга иштирок этаётган Исроил Эрон ва Қатар ўртасида бўлинган, дунёдаги энг йирик газ кони ҳисобланган “Жанубий Форс”га зарбалар берган эди. Эрон президенти Масъуд Пезешкиён бу “назорат қилиб бўлмайдиган оқибатлар”га олиб келишидан огоҳлантирди.
Теҳрон, ўз талқинига кўра, ҳужумлар амалга оширилган давлатлардаги ёнилғи, энергетика ва газ инфратузилмаси объектларига зарба бериш билан таҳдид қилди. Дунёдаги энг йирик мазкур кон ҳисобига Эрон ички газ эҳтиёжининг тахминан 70 фоизини қоплайди.
Шу орада Қатар Эроннинг ҳарбий атташеси ҳамда хавфсизлик масалалари бўйича атташесини persona non grata — яъни исталмаган шахслар деб эълон қилди. Қатар Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, улар мамлакатни 24 соат ичида тарк этиши керак. Расмий Доҳа бу қарорини Эрон Ислом Республикасининг такрорий ҳужумлари билан изоҳлади.
АҚШ ва Исроил 28 феврал куни Эронга ҳаво зарбалари берган эди. Шундан сўнг Теҳрон Форс кўрфази минтақасидаги қўшни давлатларга ракета ва дронлар ёрдамида ҳужум қила бошлади. Эрон Ислом Республикаси баёнотига кўра, ҳужумлар нишонлари орасида минтақадаги Америка ҳарбий базалари ҳам бор.
Жанг ҳаракатлари бошланганидан бери Эрон ҳужумлари остида Форс кўрфази минтақасидаги қатор мамлакатлардаги нефт омборлари ва нефт ташувчи танкерлар ҳам қолган. Шунингдек, Эроннинг зарбаларидан Озарбойжон ва Европа Иттифоқига аъзо Кипр ҳам жабр кўрган.