Жаҳон | 09:45 / 19.03.2026
3302
2 дақиқада ўқилади

ЦАҲАЛ Эроннинг ҳар қандай юқори лавозимли амалдорини ўлдиради

Исроил сиёсати қатъий: Эронда ҳеч ким дахлсизликка эга эмас ва барча нишон остида, деди Исраэл Кац. Шу билан бирга, у Эрон разведка вазири Исмоил Хатиб йўқ қилинганини ҳам маълум қилди.

Фото: Fatemeh Bahrami/Anadolu/picture alliance

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мамлакат мудофаа вазири Исраэл Кац Исроил мудофаа армиясига (ЦАҲАЛ) нишонга тушган ҳар қандай юқори лавозимли эронлик амалдорни ўлдиришга рухсат берган, бунинг учун қўшимча келишув талаб этилмайди. Бу ҳақда Кац 18 март, чоршанба куни баёнот берди. У шундай деди: “Исроил сиёсати аниқ ва бир маъноли: Эронда ҳеч ким иммунитетга эга эмас, ҳамма нишон остида”.

Шу билан бир вақтда вазир яқин кунларда Исроил ҳарбийлари олиб бораётган операциянинг “барча йўналишларида жиддий кутилмаган ҳодисаларни кутиш лозим”лигидан огоҳлантирди. Унинг айтишича, бу ҳаракатлар Эронга ва у қўллаб-қувватлайдиган Ливандаги радикал “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига қарши урушни “янги босқичга олиб чиқади”, Эронга қарши ҳужумлар шиддати янада ошади.

Шу куни Кац Исроил ҳаво зарбаси натижасида Теҳронда Эрон разведка вазири Исмоил Хатиб ўлдирилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, зарба ўтган кечаси берилган. Исроил вазирининг таъкидлашича, Хатиб “Эронда қотилликлар ва репрессиялар учун, шунингдек ташқи таҳдидларни ёйиш учун жавобгар бўлган режимнинг ички аппаратини бошқарган”.

Исроил ва АҚШнинг Эронга қарши уруши бошланганидан буён Эрон ҳокимиятининг ўнлаб етакчи вакиллари ўлдирилган, улар орасида Эрон олий раҳбари Али Хоминаий ҳам бор.

17 март куни Миллий хавфсизлик кенгашининг бош котиби Али Ларижоний ва ҳарбийлаштирилган “Басиж” тузилмаси қўмондони Ғуломризо Сулаймоний ўлдирилгани эълон қилинди. Ларижонийнинг ўлдирилиши 28 феврал, яъни урушнинг биринчи куни Хоминаий ўлдирилганидан кейин Теҳрон раҳбариятига берилган энг жиддий зарба бўлди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид