Ўзбекистон | 10:18
3309
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 392 нафар шахс афв этилди

Ўзбекистон президенти фармони билан жазо муддатини ўтаётган, қилмишига пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган 392 нафар шахс афв этилди.

Мазкур қарор Наврўз умумхалқ байрами ва Рамазон ҳайити арафасида халқимизга хос эзгулик, бағрикенглик ва кечиримлилик тамойилларини намоён этиш ҳамда инсонпарварлик сиёсатининг амалий ифодаси сифатида қабул қилинган.

Фармонга мувофиқ, афв этилганларнинг 223 нафари асосий жазодан тўлиқ озод этилди, 82 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди, 34 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди.

Шунингдек, 53 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Афв этилганлар орасида 3 нафар чет эл фуқароси, 26 нафар аёл, 14 нафар 60 ёшдан ошган эркаклар, 166 нафар ёшлар ҳамда 24 нафар тақиқланган ташкилотлар фаолиятида иштирок этган шахслар бор.

Фармон ижроси доирасида афв этилганларни оиласи бағрига қайтариш, уларнинг жамиятга мослашиши, меҳнат фаолияти билан шуғулланиши ва соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиши учун масъул идораларга тегишли топшириқлар берилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид