Ўзбекистон | 13:11
676
2 дақиқада ўқилади

Риэлторлик ташкилотлари учун ички назорат қоидалари кучайтирилмоқда

Риэлторлик ташкилотларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш, терроризмни молиялаштириш ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш таклиф этилди.

Лойиҳага кўра, риэлторлик ташкилотларида масъул шахс мақоми янада аниқлаштирилиб, у ташкилот раҳбариятига бевосита ҳисобот берадиган ва бошқа бўлинмалардан мустақил бўлган лавозим сифатида белгиланмоқда.

Шунингдек, ҳар бир риэлторлик ташкилоти пул ювиш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички қоидаларни ишлаб чиқиши, тасдиқлаши ва амалда жорий этиши шарт бўлади. Ушбу қоидалар мижозларни идентификация қилиш, таваккалчиликларни баҳолаш, шубҳали операцияларни аниқлаш ва улар ҳақида ваколатли органларга хабар бериш тартибини ўз ичига олади.

Лойиҳада мижозлар билан боғлиқ ҳисоб-китобларни нақдсиз шаклда амалга оширишни рағбатлантириш ҳамда нақд пул билан боғлиқ операциялар бўйича юқори хавфлар ҳақида огоҳлантириш чоралари назарда тутилган.

Бундан ташқари, риэлторлик ташкилотлари томонидан мижозларни текшириш, юқори хавфли операцияларни мониторинг қилиш, шубҳали ҳолатлар бўйича ахборот алмашиш ва комплаенс назоратини кучайтириш бўйича қатор янги талаблар жорий этилмоқда.

Ҳужжатда, шунингдек, риэлторлик ташкилотлари раҳбарларига қўйиладиган талаблар ҳам қатъийлаштирилиб, айрим тоифадаги шахсларни ушбу лавозимга тайинлашга чекловлар киритилмоқда.

Таклиф этилаётган ўзгартишлар кўчмас мулк бозорида шаффофликни таъминлаш, молиявий хавфларни камайтириш ва халқаро стандартларга мувофиқ комплаенс тизимини кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш