Жаҳон | 13:24
5945
4 дақиқада ўқилади

Эл-Нино хавфи: янги иссиқлик рекордлари кутиляпти

Ер иқлими кузатувлар тарихида ҳеч қачон бу даражада мувозанатдан чиқмаган, дея огоҳлантирди БМТнинг метеорология агентлиги.

Фото: REUTERS

Жаҳон метеорология ташкилоти маълум қилишича, сайёра чиқараётганидан кўра кўпроқ иссиқлик энергиясини қабул қилмоқда. Бу эса углерод диоксиди каби иссиқликни ушлаб қолувчи газлар чиқиндилари билан боғлиқ.

Бу рекорд даражадаги “энергетик номутаносиблик” ўтган йили океанларни янада қиздирди ва музликларнинг эришига олиб келди.

Олимлар шунингдек табиий исиш босқичи — Эл-Нино бу йил охирида бошланиши мумкинлигидан хавотирда. Бу эса яна янги иссиқлик рекордларига сабаб бўлиши мумкин.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ушбу ҳисоботга жавобан мамлакатларни қазилма ёқилғилардан воз кечиб, қайта тикланувчи энергия манбаларига ўтишга чақирди.

У шундай деди: “Ер сайёраси ўз чегарасидан чиқиб кетмоқда. Барча асосий иқлим кўрсаткичлари хавф сигналини бермоқда”.

Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотига кўра, сўнгги 11 йил Ер тарихидаги энг иссиқ 11 йил бўлган.

2025 йилда глобал ўртача ҳарорат саноатгача бўлган даврга нисбатан тахминан 1,43°C га юқори бўлган.

Табиий Ла-Ниня совитиш таъсири туфайли 2025 йил 2024 йилчалик иссиқ бўлмади. 2024 йил эса аксинча Эл-Нино таъсири билан янада иссиқ бўлган.

Шунга қарамай, ўтган йил кузатувлар тарихидаги энг иссиқ уч йилдан бири бўлиб қолди.

Кўплаб олимлар глобал исиш тезлашмоқда, деб ҳисоблайди, аммо ҳароратлар ҳали ҳам узоқ муддатли прогнозлар доирасида эканини таъкидлайди.

Жаҳон метеорология ташкилоти иқлим ўзгариши ҳеч қачон бу қадар тез бўлмаганини кўрсатувчи кўплаб далилларни келтирмоқда.

Энг муҳим кўрсаткич — Ер қанча ортиқча иссиқлик энергиясини қабул қилаётганидир. Бу “энергетик номутаносиблик” ўтган йили яна янги рекордга етди.

Олимлар аниқ сабабларни ўрганмоқда, аммо улар иссиқхона газлари (айниқса CO₂) асосий сабаб эканига шубҳа қилмайди. Атмосферадаги CO₂ даражаси сўнгги камида 2 миллион йил ичидаги энг юқори нуқтага етган. Бу асосан инсон фаолияти — қазилма ёқилғиларни ёқиш натижасидир. Ушбу ортиқча энергиянинг бир қисми атмосфера ва қуруқликни қиздиради, шунингдек музликларни эритади.

2024–2025 йилларда музликлар энг ёмон беш йилдан бирига дуч келди. Қутблардаги денгиз музлари ҳам 2025 йил давомида рекорд даражада камайди.

Ортиқча энергиянинг 90 фоиздан ортиғи океанларга сингади, бу эса: денгиз ҳаётига зарар етказади, кучли бўронларни келтириб чиқаради, денгиз сатҳининг кўтарилишига олиб келади.

Океаннинг юқори 2 км қатламидаги иссиқлик ўтган йили яна рекорд даражага етди. Сўнгги 20 йилда у 20-аср охирига нисбатан икки баравар тезроқ қизимоқда.

Жаҳон метеорология ташкилоти раҳбари Селесте Сауло шундай деди: “Инсон фаолияти табиий мувозанатни издан чиқармоқда ва биз бу оқибатлар билан юзлаб, ҳатто минглаб йиллар яшаймиз”.

Ҳисоботга кўра, ҳарорат ошиши: экстремал об-ҳаво ҳодисаларини кучайтирмоқда, денге каби касалликлар тарқалишига ёрдам бермоқда.

Ҳозир АҚШнинг жанубий-ғарбий қисмида рекорд даражадаги иссиқлик тўлқини кузатилмоқда. Ҳарорат баъзи жойларда 40°C дан ошди, бу ўртача кўрсаткичдан 10–15°C юқори.

Олимлар таҳлилларига кўра, бу даражадаги иссиқлик инсон сабабли иқлим ўзгаришисиз “деярли имконсиз” бўлар эди.

Олимлар Тинч океанидаги ўзгаришларни диққат билан кузатмоқда. Башоратларга кўра, 2026 йил иккинчи ярмида Эл-Нино шаклланиши мумкин.

Бу эса 2027 йилгача янги ҳарорат рекордларини олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид