Ўзбекистон | 21:07
4310
2 дақиқада ўқилади

Март ойининг об-ҳавоси баҳорий беқарор бўлиши кутилмоқда

Гидрометеорология хизмати маълумотига кўра, ойнинг биринчи ўн кунлиги ёғингарчилик даври бўлади, иккинчи ва учинчи ўн кунликларда ҳарорат кўтарилади.

Фото: Kun.uz

2026 йил март ойининг об-ҳавоси баҳорий беқарор бўлиши кутилмоқда, деб хабар берди Гидрометеорология хизмати агентлиги.

Қайд қилинишича, баҳорнинг биринчи кунида кўпчилик вилоятларда ҳаво ҳарорати +12...+17 даража илиқ ва қуруқ бўлиши кутилмоқда.

Таъкидланишича, 2 мартда Ўзбекистон ҳудудига жануби-ғарбдан нам ҳаво массалари кириб келиши бошланади. Республика бўйича ёмғир ёғади, тоғли ҳудудларда ёмғир ва қор кўринишидаги ёғингарчилик кузатилади.

Кейинчалик, ойнинг биринчи ўн кунлиги охиригача ёғингарчилик даврий бўлиб, текислик ҳудудларда баъзан ёмғир ёғади, тоғларда ёмғир ва қор ёғади. Бу даврда ҳаво ҳарорати +10...+15 даража илиқ атрофида бўлиши кутилмоқда, айрим кунларда +6...+9 даражагача пасайиши мумкин.

Март ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат кечалари +3...+8 даража илиқдан +8...+13 даражагача, кундуз кунлари +12...+17 даражагача ўзгариб туриши кутилмоқда. Ҳарорат пасайиши даврлари қисқа, исиш даврлари эса давомий бўлади.

Таъкидланишича, метеорологик кузатувлар тарихида 2008 ва 2023 йилнинг март ойи энг илиқ ойлар сифатида қайд этилган — ўша даврда ҳарорат иқлим меъёридан 5–8 даража юқори бўлган. Умуман, март ойида қайд этилган энг юқори ҳарорат республиканинг катта қисмида +30...+35 даража илиқни, жанубий ҳудудларда эса +35...+37 даражани ташкил этган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов

Мавзуга оид