Ўзбекистон | 13:22 / 23.03.2026
1145
1 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Франция билан қўшма аграр тадқиқот лойиҳаларини йўлга қўймоқчи

Ўзбекистон элчиси Нодир Ғаниев Франция пойтахтида Агрономик тадқиқотлар ва тараққиёт халқаро маркази (CIRAD) бош директори Элизабет Клавери де Сен-Мартен билан учрашди.

Фото: “Дунё” АА

“Дунё” АА хабар беришича, музокаралар чоғида қишлоқ хўжалигини инновацион ва барқарор ривожлантириш, ерлар унумдорлигини ошириш ҳамда сув ресурсларини самарали бошқариш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар барқарор пахтачилик, чорвачиликни ривожлантириш, шўрланган ерларни тиклаш ва агроэкологик ташаббусларни амалга ошириш каби йўналишларда ҳамкорлик имкониятларига алоҳида эътибор қаратди.

Учрашувда амалий ҳамкорлик масалаларига урғу берилиб, Ўзбекистонлик мутахассисларнинг Монпеледаги CIRAD илмий базасига ташрифини ташкил этиш, шунингдек, халқаро молия институтлари иштирокидаги қўшма тадқиқот лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш бўйича келишувга эришилди.

Маълумот учун, CIRAD Франциянинг қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат тизимларини барқарор ривожлантиришга ихтисослашган давлат илмий-тадқиқот ташкилоти бўлиб, унинг асосий илмий маркази Монпеле шаҳрида жойлашган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид