Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Эрон бўйича музокаралар: нималар бўлмоқда?
Трамп Эрон билан музокаралар бошланганини айтди. Теҳрон барчасини рад этиб чиқди. Музокаралар чиндан ҳам олиб борилмоқда, аммо тўғридан тўғри эмас – ва истиқболлар жуда ноаниқ.
Доналд Трамп 23 март куни кутилмаганда АҚШ Эрон билан музокаралар ўтказаётгани ва урушни якунлаш бўйича музокараларга яқинлигини маълум қилди. АҚШ президенти 21–22 март кунлари «жуда яхши ва самарали мулоқот» бўлиб ўтгани ҳақида айтди.
Эрон томони музокаралар бўлиб ўтганини рад этиб, Трампнинг бу баёнотлари Уолл-стритда савдолар очилиши арафасида бозорни тинчлантириш ҳамда нефт нархини туширишга қаратилган қадам эканини билдиришди.
Маълум бўлишича, иккала томон ҳам бир-биридан бехабар ҳолда зид баёнотлар берган. The Wall Street Journal маълумотларига кўра, АҚШ ва Эрон ўртасида тўғридан тўғри алоқалар бўлмаган. Аммо халқаро воситачилар гуруҳи – Миср, Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон билвосита алоқа каналини йўлга қўйишга муваффақ бўлган.
Асосий муаммо – музокараларда Эрон томонидан иштирок этадиган шахсни топишда бўлмоқда. Сўнгги ойларда бу вазифани Эрон сиёсати фахрийси, нуфузли консерватив клан вакили ва олий раҳбар Али Хоминаийнинг ишончли вакили бўлган, Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Ларижоний бажараётганди. Аммо 17 март куни у Исроилнинг ҳаво ҳужуми натижасида ҳалок бўлди.
Миср махсус хизматлари Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси раҳбарияти билан алоқага чиққан ва уларга мулоқот бошлаш учун қисқа муддатли оташкесим бўйича таклифни етказган.
22 март куни Трамп агар Эрон икки кун ичида Ҳўрмуз бўғозини очмайдиган бўлса, АҚШ Эрондаги электр станцияларини бомбалашни бошлаши ҳақида огоҳлантирди. Фуқаролик инфратузилмаларини ўққа тутиш таҳдиди жиддий риторик эскалацияга айланди. Яқин Шарқдаги воситачилар Америка президентига Эрон билан алоқага чиқишганини билдиришди, у эса бундан риторик эскалация ҳарбий эскалацияга айланмаслиги учун фойдаланди ва ултиматум муддатини беш кунга узайтирди.
Музокараларда Эрондан ким қатнашади?
The New York Times нашри Америка ва Эрондаги манбаларига таяниб хабар беришича, 23 март куни Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ҳамда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтган.
Бу вазиятда Ароқчи – кўпроқ техник фигура. Эрон томонидан қарорларни у қабул қилмаслиги аниқ. Урушдан олдин «ядро муаммоси» бўйича Женевада ўтказилган музокараларда ҳам Эрон делегациясига Ароқчи раҳбарлик қилган, аммо Эрон позициясини у эмас, балки Али Ларижоний белгилаган ҳамда музокараларга раҳбарлик қилганди.
Ҳозир эса бу вазифани, катта эҳтимол билан, Эрон парламенти спикери Муҳаммадбоқир Ғолибоф бажармоқда. У Эрон элитасининг омон қолган кам сонли вакилларидан биридир. У кўп йиллар мобайнида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусида хизмат қилган, 1997–2000 йилларда бригада генерали сифатида корпуснинг ракета қўшинларини бошқарган, кейин эса Теҳрон шаҳрига мэрлик қилган, бир неча бор Эрон президентлиги учун номзодини қўйган, 2020 йилда эса парламент спикерига айланганди.
Icana / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Ғолибоф Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «Қудс» бўлинмасининг кўп йиллик раҳбари ҳамда Эроннинг Яқин Шарқдаги прокси кучлари тармоғи меъмори бўлган Қосим Сулаймонийнинг яқин дўсти ҳисобланган. Сулаймоний 2020 йилда Бағдодда Америка дрони зарбаси оқибатида ҳалок бўлганди — бу акцияни АҚШ президенти Доналд Трамп шахсан маъқуллаган. Ғолибоф Эрон кучишлатар аппаратининг амалдаги раҳбари бўлган Али Ларижонийга ҳам яқин эди ва унинг эҳтимолий вориси сифатида кўриларди.
The Jerusalem Post нашри ёзишича, айнан Ғолибоф воситачилар орқали АҚШ билан алоқа қилмоқда. Унинг ўзи эса Эрон АҚШ билан қандайдир музокараларга киришганини тасдиқламаган.
Журналистлар билан анонимлик шартида суҳбатлашишга рози бўлган экспертлар ҳам, воситачи давлатларнинг вакиллари ҳам вазиятга бир хилда шубҳа билан қарамоқда: Америка-Эрон музокаралари бошланган тақдирда ҳам, улар тез орада келишувга олиб келиши даргумон.
Томонлар ултиматум қўймоқда
Томонларнинг музокаралардаги позициялари назарий жиҳатдан маълум. АҚШ воситачилар орқали Эронга урушни тўхтатиш ҳақидаги келишув лойиҳасини етказган. The New York Times хабарига кўра, у 15 банддан иборат. АҚШ президенти тафсилотларини келтирмаган. The Atlantic нашри аниқлик киритишича, бу томонлар урушдан олдинроқ Женевада муҳокама қилган келишув лойиҳаси модификациясидир. Катта эҳтимол билан, у Эрон уранни бойитиш ишларидан бутунлай воз кечиши, ракета дастурини қисқартириши, Яқин Шарқдаги прокси кучларини қўллаб-қувватлашни тўхтатиши, шунингдек, Ҳўрмуз бўғозида кемалар эркин сузишини таъминлашини назарда тутади.
Ўз навбатида, Эрон Америка ва Исроил зарбалари оқибатида етказилган зарар учун товон тўланишини талаб қилмоқда ва бу талаби тўлиқ бажарилмагунича Ҳўрмуз бўғози орқали ўтадиган кемалардан тўлов ундирмоқчи. Шунингдек, ислом республикаси ўз ядровий дастури мутлақо тинч хусусиятга эгалиги, ракета дастурига ҳам халқаро ҳуқуқда кўзда тутилмаган ҳеч қандай чекловлар қўлланмаслиги, шунингдек, Яқин Шарқ гуруҳлар билан муносабатлари ўз суверен иши эканини таъкидлашда давом этмоқда. Эрон расмийлари ҳозирча бу масалалар бўйича ҳеч қандай ҳаракатлар ҳақида эълон қилмади.
Дипломатик жабҳада ўсишга эришилган бўлса ҳам, бу урушнинг тўртинчи ҳафтасида бўлмоқда. Ҳозирча иш реал музокараларга етиб боришига, айниқса, улар барча томонлар риоя қиладиган келишувларга олиб келишига ишонч йўқ. Исломобод музокаралар бўлиб ўтиши учун эҳтимолий жой сифатида кўрилмоқда – Покистон бунга розилик берган; эҳтимолий иштирокчилар – Стив Уиткофф, Жаред Кушнер, Аббос Ароқчи, воқеалар ривожига қараб Муҳаммадбоқир Ғолибоф ва АҚШ вице-президенти Жей Ди Вэнс.
Тўғридан тўғри музокаралар бошланадими, йўқми, буниси номаълум, аммо можаронинг икки томони ҳам олдиндан ўзини ғолиб деб ҳисобламоқда. АҚШ ҳам, Эрон ҳам келишиб бўлмайдиган максималистик талабларни илгари сурмоқда.
АҚШ президенти берган навбатдаги муҳлат эса 27 март куни тугайди, агар шунда ҳам музокаралар бошланмаса, уруш давом этади.