Доналд Трамп 23 март куни кутилмаганда АҚШ Эрон билан музокаралар ўтказаётгани ва урушни якунлаш бўйича музокараларга яқинлигини маълум қилди. АҚШ президенти 21–22 март кунлари «жуда яхши ва самарали мулоқот» бўлиб ўтгани ҳақида айтди.
Эрон томони музокаралар бўлиб ўтганини рад этиб, Трампнинг бу баёнотлари Уолл-стритда савдолар очилиши арафасида бозорни тинчлантириш ҳамда нефт нархини туширишга қаратилган қадам эканини билдиришди.
Маълум бўлишича, иккала томон ҳам бир-биридан бехабар ҳолда зид баёнотлар берган. The Wall Street Journal маълумотларига кўра, АҚШ ва Эрон ўртасида тўғридан тўғри алоқалар бўлмаган. Аммо халқаро воситачилар гуруҳи – Миср, Туркия, Саудия Арабистони ва Покистон билвосита алоқа каналини йўлга қўйишга муваффақ бўлган.
Асосий муаммо – музокараларда Эрон томонидан иштирок этадиган шахсни топишда бўлмоқда. Сўнгги ойларда бу вазифани Эрон сиёсати фахрийси, нуфузли консерватив клан вакили ва олий раҳбар Али Хоминаийнинг ишончли вакили бўлган, Миллий хавфсизлик олий кенгаши котиби Али Ларижоний бажараётганди. Аммо 17 март куни у Исроилнинг ҳаво ҳужуми натижасида ҳалок бўлди.
Миср махсус хизматлари Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси раҳбарияти билан алоқага чиққан ва уларга мулоқот бошлаш учун қисқа муддатли оташкесим бўйича таклифни етказган.
22 март куни Трамп агар Эрон икки кун ичида Ҳўрмуз бўғозини очмайдиган бўлса, АҚШ Эрондаги электр станцияларини бомбалашни бошлаши ҳақида огоҳлантирди. Фуқаролик инфратузилмаларини ўққа тутиш таҳдиди жиддий риторик эскалацияга айланди. Яқин Шарқдаги воситачилар Америка президентига Эрон билан алоқага чиқишганини билдиришди, у эса бундан риторик эскалация ҳарбий эскалацияга айланмаслиги учун фойдаланди ва ултиматум муддатини беш кунга узайтирди.
Музокараларда Эрондан ким қатнашади?
The New York Times нашри Америка ва Эрондаги манбаларига таяниб хабар беришича, 23 март куни Трампнинг махсус вакили Стив Уиткофф ҳамда Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтган.
Бу вазиятда Ароқчи – кўпроқ техник фигура. Эрон томонидан қарорларни у қабул қилмаслиги аниқ. Урушдан олдин «ядро муаммоси» бўйича Женевада ўтказилган музокараларда ҳам Эрон делегациясига Ароқчи раҳбарлик қилган, аммо Эрон позициясини у эмас, балки Али Ларижоний белгилаган ҳамда музокараларга раҳбарлик қилганди.



















