Жамият | 22:25 / 31.03.2026
2208
5 дақиқада ўқилади

Наманганда аёл укол олаётганда вафот этди

Янгиқўрғон тумани Бирлашган қишлоғида яшовчи 39 ёшли Муножот Тўрабоева оилавий шифокор пунктида қон кўпайтирувчи осма укол олаётган пайти вафот этди. Яқинлари у соғлом, тетик бўлганини айтмоқда. Тиббиёт ходимларига кўра, марҳума унга ўтган йили берилган препаратни олиб келган, дорининг яроқлилик муддати ўтмаган. Ўлимга экспертиза аниқлик киритиши кутиляпти. Kun.uz воқеа тафсилотларини ўрганди.

Бахтсиз ҳодиса 28 март куни Янгиқўрғон тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли Ғовазон оилавий шифокорлик пунктида бўлган.

Марҳум Муножот Тўрабоева кунлик ишларда меҳнат қилган. Давлат томонидан бепул бериладиган қон кўпайтирувчи препаратларни олиб келган. Бундай препаратлардан навбатдагиси унга ўтган йили сентябр ойида, кейинроқ эса жорий йил 4 март куни берилган.

Тиббиёт ходимларига кўра, Тўрабоевага ўтган йили сентябрда “Ферлек”, жорий йил март ойида эса “Неофер” номли қон кўпайтирувчи препаратлар берилган. У вафотидан 3-4 кун олдин уч кунлик “Неофер” курсини якунлаган. Лекин 28 март куни яна пунктга келиб, танасида оғриқлар борлигидан шикоят қилган ва сентябрда берилган “Ферлек”дан бир дона қолиб кетгани, уни уйида сақлаб келгани, жорий курснинг давоми сифатида ана шу бир донани ҳам ишлатиб юборишни сўраган.

Врач назоратида олинг, бизга мумкин эмас, деб айтдим. Лекин “йўлкира қилиб бориб-келишга пулим йўқ” деганидан кейин, раҳмим келганидан улаб қўйдим. Улашдан олдин “Ферлек”нинг яроқлилик муддатини кўрдим – 2026 йил октябргача. Натрий хлорники 2027 йилгача.

Олдин ҳам қон кўпайтирувчи дорини бошқа жойда олганида, сал мазаси қочган экан. Биз биринчи ёрдам учун ҳеч нарса қилолмадик, бунинг учун зарур ҳеч нарсамиз йўқ”, – деди марҳумга укол улаган ҳамшира Гулбаҳор Эргашева.

Оилавий шифокор Худойберди Алижоновга кўра, оилавий шифокор пунктларида доим ҳам врач бўлавермайди – кадрлар етишмовчилиги бор. Унинг ўзи ўша пайтда Ғовазон маҳалла тиббиёт пунктида (маҳалланинг асосий тиббий маскани) бўлган, ҳамшираларнинг чақирувига асосан чеккароқ жойда жойлашган оилавий шифокор пунктига етиб борганида аёл вафот этган бўлган.

Мутахассис сифатида ҳозир аниқ хулоса айтолмайман. Ҳали экспертиза хулосаси йўқ. Дори реакция бердими ёки ўзида қандайдир бошқа касаллик бўлганми, аниқ маълумот йўқ”, – дейди шифокор.

Биз марҳумнинг яқинлари билан ҳам суҳбатлашдик. Улар Муножот Тўрабоева соғлом ва тетик бўлганини айтмоқда.

Овсиним поликлиникага соғлом ҳолатда ўз оёғи билан юриб келиб, шифокорлар томонидан берилган осма укол олиши натижасида вафот этди. У бақувват аёл эди. Кунлик ишда ишларди. Турмуш ўртоғи Тошкентда ишлагани учун рўзғор ишларини ҳам ўзи бажарарди. Тетиклигидан қопдаги унни ҳам кўтара оларди.

Энг ачинарлиси, у кенжа ўғли ёнида жон берди. Ўғли онасининг жон бераётганини ўз кўзи билан кўрди.

Оилавий поликлиникамиз абгор ҳолатда, ҳатто қон босимини ўлчагич ҳам йўқ. Оддий термометри ҳам йўқ эди. Овсинимнинг ўлганини кўриб ўзимнинг ҳам мазам қочиб қолди, оддий глицин ҳам топиб бериша олмади. Ўша куни поликлиникада тўрт ҳамширадан бошқа врач ҳам бўлмаган. Муолажадан аввал шифокор кўригидан ўтмаган. Сизларнинг келишларингни билишиб янги, тоза ўриндиқ ва ётоқлар тайёрлаб қўйишибди. Овсиним ўлган куни ётган тўшагини ҳам кўриб бўлмас даражада ифлос эди”, – дейди овсини Наргиза Турсунова.

Турмуш ўртоғи Ботир Турсунов рафиқаси билан вафотидан тахминан 20 дақиқа аввал телефонда гаплашган.

Тошкентда ишлайман. Ўша куни турмуш ўртоғим ишга чиқмаган экан. Телефон қилиб бугун бўшман, поликлиникага чиқиб уколимни олсам майлими, 20 дақиқада уйга қайтаман деди. Хўп, майли дедим. Орадан бироз вақт ўтиб, қўшним телефон қилди: “Аёлингизнинг мазаси қочиб оғирлашиб қолди, тез етиб келмасангиз бўлмайди”.

Турмуш ўртоғимга қўнғироқ қилсам, телефон ўғлимнинг қўлида экан. “Дада, аям...” деганидан кейин телефонни бир аёл олиб, хотиним ўлганини айтди. Экспертизадан чиқишига мен ҳам қишлоққа етиб бордим.

Икки ўғлим бор. Ўша куни 1-синфда ўқийдиган кичик ўғлим билан поликлиникага бирга боришган экан...

Турмуш ўртоғим соғлом эди. Шу ишни қилганлар жавобини берсин. Икки фарзандим етим қолди. Бугун билинмаяпти, эртага билинмас, индинга “онам қаерда?” деса нима деб жавоб бераман? Аёлим поликлиникага соғлом келган. Ўлимидан 20 дақиқа олдин ҳам гаплашган эдим”, – дейди у.

Ҳолат бўйича Янгиқўрғон тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сарвар Зияев
Муаллиф Сарвар Зияев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид