Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Шоир ва таржимон Қамчибек Кенжа вафот этди
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир ва таржимон Қамчибек Кенжа 80 ёшида вафот этди. У Пушкин, Брюсов каби шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган, 30 дан зиёд шеърий ва насрий асарлар муаллифи ҳисобланади.
Фото: Избоскан тумани ҳокимлиги
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, адиб, шоир, публицист ва таржимон Қамчибек Кенжа 80 ёшида вафот этди, дея хабар бермоқда Ёзувчилар уюшмаси.
Қамчибек Кенжа 1946 йил 15 августда Андижон вилоятининг Избоскан туманидаги Гуркуров қишлоғида туғилган, ТошДУнинг (ҳозирги ЎзМУ) филология факултетини тугатган.
Меҳнат фаолиятини «Ўзбекистон маданияти» (ҳозирги «Ўзбекистон адабиёти ва санъати») газетасида бошлаб, кейин Избоскан тумани «Пахтакор» газетасида адабий ходим, бўлим мудири бўлиб ишлайди, мактабларда ўқитувчилик қилади.
1980 йилдан эса Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бадиий адабиётни тарғиб этиш бюросининг Андижон вилоятидаги вакили бўлади.
1983 йилдан Ёзувчилар уюшмаси наср кенгашида адабий маслаҳатчи лавозимида фаолият кўрсатган. 1985–2006 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлимининг масъул котиби бўлади. Шу билан бирга, 1996–2015 йилларда «Холис» ижтимоий-маърифий газетасига бош муҳаррирлик қилади.
Шоир ва адибнинг турли йилларда 30 дан зиёд шеърий ва насрий асарлари, саёҳатномалари чоп этилган. Унга 2014 йилда Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги Андижон давлат университетининг фахрий профессори илмий унвони берилди.
Унинг «Соғинч» (1975) дастлабки шеърий тўплами, «Яшил барг» биринчи ҳикоялар тўплами нашр этилган, «Кўнгил кўчалари» (1979), «Ишқинг тушса» (1981), «Орзумандлар» (1982), «Нотаниш гул» (1986), «Тоғ йўлида бир оқшом» (1987), «Соҳилдаги сув париси» (1993), «Қизил гуллар» (1995), «Соҳибжамол аёл сири» (1996), «Кулгибахш умр» (1997), «Бобурийлардан бири» (2000), «Бахт қуши ёки ушалган орзулар» (2001), «Хамир учидан патир ёхуд кулча ҳикоялар» (2005), «Сайланма» (1-китоб, 2006) каби насрий ва шеърий асарлар ёзган.
Сафарномалар ёзган («Ҳинд сориға», «Буюклар изидан» ва бошқалар) ва Пушкин, Ҳейне, Петефи, Брюсов каби шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Қамчибек Кенжа «Шуҳрат» медали, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими», «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвонлари билан тақдирланган.