Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
АҚШ–Эрон сулҳи: Трампни тўхташга мажбур қилган асосий омил нима?
Ҳўрмуз бўғози блокадаси ва нефт нархининг кескин кўтарилиши – АҚШни Эрон билан келишишга мажбурлаган асосий омил бўлди, дейди сиёсатшунос Ойбек Сирожов. Шуҳрат Расулнинг фикрича, Эрон Форс кўрфази давлатларига берган зарбалар урушнинг тўхташида ҳал қилувчи аҳамият касб этди деб бўлмайди, чунки аксинча, айрим араб давлатлари Трампдан ишни охирига етказишни сўрагани ҳақида хабарлар бор.
Kun.uz'нинг "Геосиёсат" дастурида сиёсий таҳлилчилар жонли эфирда томошабинлардан келиб тушган саволларга жавоб беришди.
— Эроннинг бу натижага эришишида Форс кўрфази давлатларига берган зарбалари ҳал қилувчи рол ўйнадими?
Шуҳрат Расул: Форс кўрфазидаги зарбалар масаласига келсак, Эроннинг ўз мантиғига кўра вазият бошқача ривожланиши керак эди. Уларнинг ҳисобича, аввал араб қўшниларига зарба беради, шундан кейин қўшнилари АҚШга урушни тўхтатиш бўйича босим ўтказиши керак эди. Аммо амалда бунинг акси юз берди. Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар каби давлатлар АҚШни ортга чекинишга эмас, балки ҳаракатни охиригача давом эттиришга ундади (расмий ахборот эмас, бу ҳақдаги хабарлар АҚШ матбуотида чиққан – таҳр.).
Катта нашрларга кўра, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон бу фикрни камида икки марта билдирган. Шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари расмийлари ҳам шу позицияни қўллаб-қувватлаган. Яъни бу давлатлар АҚШга “Тўхтанг, зарбаларни бас қилинг, акс ҳолда биз зарар кўрамиз”, деган чақириқлар билан чиқмаган. Аксинча, улар операцияни давом эттириш тарафдори бўлган.
Ойбек Сирожов: Менинг фикримча, бу ерда Эрон томонидан берилган зарбалар ҳам муҳим рол ўйнади, бироқ энг асосий омил Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши бўлди. Айнан шу ҳолат нефт нархининг кескин ошишига сабаб бўлди. Нефт нархининг кўтарилиши, ўз навбатида бошқа энергия ресурслари, жумладан, суюлтирилган газ нархининг ҳам ошишига олиб келди.
Бу жараёнда зарбаларнинг таъсири ҳам сезиларли бўлди. Тўғри, бу зарбаларга Қатар, Баҳрайн ёки Саудия Арабистони қандай муносабат билдиргани аниқ эмас, бироқ Европа Иттифоқи томонидан АҚШга нисбатан жиддий босимлар бўлгани кузатилди.
Шу ўринда савол туғилади: нега бу сафар Европа Иттифоқи АҚШни тўлиқ қўллаб-қувватламади? Бундан ташқари, АҚШ ички сиёсатида ҳам босим кучайди. Хусусан, ёқилғи нархининг ошиб кетгани Доналд Трамп учун жиддий муаммога айланди.
Умуман олганда, ушбу омилларнинг барчаси ўзаро боғлиқ ҳолда таъсир кўрсатди. Зарбалардан сўнг Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қатар каби давлатлардаги йирик нефт ва газни қайта ишлаш корхоналари фаолияти қисман тўхташига тўғри келди. Шунингдек, Ҳўрмуз бўғозининг ёпилиши сабаб мавжуд нефт захираларини ҳам харидорларга етказиб бериш имкони кескин чеклаб қўйилди.
Тўлиқ суҳбатни YouTubeʼдаги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
23:15 / 09.04.2026
Исроил Ливан билан музокаралар бошлашини эълон қилди
20:59 / 09.04.2026
Эрон ТИВ: Исроилнинг Ливанга ҳужумлари сулҳни бузиш ҳисобланади
19:23 / 09.04.2026
Эрон Ҳўрмуз бўғозидаги миналар жойлашуви схемасини эълон қилди
19:16 / 09.04.2026