Спорт | 12:46 / 09.04.2026
4128
2 дақиқада ўқилади

Жавоҳир Синдоров яна дуранг ўйнади

Ўзбекистонлик шахматчи Жавоҳир Синдоров Маттиас Блюбаум билан ҳам дуранг ўйнади, лекин 9 имкониятдан 7 очко жамғариб, пешқадамликни сақлаб қолмоқда ва энг яқин таъқибчисидан 1,5 очко олдинда бормоқда.

Фото: FIDE

Ўзбекистонлик гроссмейстер Жавоҳир Синдоров 8 апрел куни Номзодлар турнирининг 9-турида қора доналарда ўйнаб, германиялик Маттиас Блюбаум билан дуранг қайд этди.

Синдоров дебютда катта устунликка эга бўлди, бироқ 25-юришга келиб компютер Жавоҳирнинг ғалаба қозониш имкониятини 4 баллга баҳолаётганди. Аммо, айнан 25-юришда Синдоров фарзин b7 юришини кўрмай қолди. Оқибатда фарзинлар ва баъзи енгил сипоҳлар алмашиб, партия тенг эндшпилга ўтди ва дуранг билан якунланди.

Қаторасига иккинчи турда юта олмаганига қарамай, Жавоҳир Синдоров 7 очко билан пешқадамликни сақлаб қолмоқда.

Бу тур доирасида 4,5 очко билан 2 ва 3-ўринни эгаллаб турган Фабиано Каруана ва Аниш Гири ўртасида кечган тўқнашувда нидерландиялик шахматчининг қўли баланд келди. Натижа Гири 5,5 очко тўплаган ҳолда Синдоров билан орадаги фарқни 1,5 очкога қисқартирди.

Синдоров бугун 10-партияни оқ доналарда ҳиндистонлик Рамешбабу Праггнанандҳага қарши ўтказади.

Синдоров навбатдаги дурангдан кейинги интервюсида айтишича, қарорига турнир жадвалидаги ҳолати ва янада ишончлироқ ўйнаш истаги таъсир қилган. У турнир бошида бўлганида кўпроқ жасорат кўрсатган бўлиши мумкинлигини билдирди.

«Менимча, биз биринчи турда ўйнаганимизда, бу йўлни топган бўлардим. Аммо бугун иложи борича пухта ўйнашга ҳаракат қилдим. Эндшпилда шунчаки битта пиёда ютиб олдим ва шу руҳда давом этмоқчи эдим, лекин унинг f5 юришини бутунлай кўздан қочирибман. Бу юриш жуда кучли бўлиб чиқди», – деди Синдоров Chess24’га берган интервюсида.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид