Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Приморедаги колонияда 10 нафар ўзбекистонлик аёл сақланаётгани маълум бўлди
Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси ходимлари Россиянинг Приморе ўлкасида жойлашган жазони ижро этиш муассасасига ташриф буюриб, у ерда жазо ўтаётган ватандошлар билан консуллик учрашуви ўтказди. Учрашув давомида мазкур колонияда 10 нафар Ўзбекистон фуқароси сақланаётгани маълум қилинди.
Маълум қилинишича, ушбу муассаса аёллар учун мўлжалланган умумий тартибдаги жазони ижро этиш колонияси ҳисобланади. Айни вақтда у ерда 800 нафар маҳкум жазо ўтамоқда, шундан 95 нафари хорижий фуқаролар бўлиб, 10 нафари Ўзбекистон фуқароларидир.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад ватандошларнинг сақланиш шароити, соғлиғи ва умумий ҳолати билан яқиндан танишиш, шунингдек, уларга консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатишдан иборат бўлди.
Суҳбат давомида маҳкумаларнинг яшаш шароити, тиббий ҳолати ва ҳуқуқий масалалари ўрганилди. Уларга амалдаги қонунчилик, ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан тушунтиришлар берилди, келиб тушган мурожаатлар ҳам кўриб чиқилди.
Шунингдек, консуллик ходимлари чет давлатлардаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этиш Ўзбекистон қонунчилигига кўра жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигини алоҳида таъкидлади.
Мулоқот чоғида маҳкумалар жазони Ўзбекистонда давом эттириш, яъни экстрадиция қилиш имкониятини кўриб чиқишни сўрашди. Бироқ ҳозирча Ўзбекистон ва Россия ўртасида бу масалани тартибга солувчи ҳуқуқий асос мавжуд эмаслиги қайд этилди.
Ташриф давомида юртдошлардан бири номидан унинг вояга етмаган фарзандига вақтинчалик васийликни расмийлаштириш бўйича ҳам тегишли чоралар кўрилди. Бу болани мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш учун зарур экани айтилди. Тегишли ҳужжатлар яқин кунларда Ўзбекистондаги қариндошларига юборилиши режалаштирилган.
Учрашув якунида фуқароларга, уларнинг ҳуқуқлари бузилган ёки турли муаммолар юзага келган тақдирда, Ўзбекистоннинг Владивостокдаги Бош консулхонасига мурожаат қилиши мумкинлиги маълум қилинди.
Мавзуга оид
18:13 / 03.05.2026
Покистонда 21 йил ноқонуний яшаган ўзбекистонлик аёл ватанга қайтарилди
14:07 / 23.03.2026
Измирда 4-қаватдан тушиб кетган 22 ёшли ўзбекистонлик аёл вафот этди
08:15 / 13.12.2018
Камчаткалик шифокор самолёт бортида ўзбекистонлик аёлнинг ҳаётини сақлаб қолди
22:22 / 01.05.2018