Ўзбекистон | 09:41
1777
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда уй-жой коммунал хўжалиги йўналишига янги раҳбар тайинланди

Обиджон Мўминов Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари — Уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Тайинловга қадар у Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги тизимида масъул лавозимда фаолият юритиб келган.

Фото: уй-жой коммунал хўжалиги

Маълум қилинишича, Мўминов Обиджон Одилович пойтахтда уй-жой коммунал хўжалиги соҳасини бошқаришга масъул янги раҳбар сифатида иш бошлади. У Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари ҳамда Уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган.

Обиджон Мўминов 1987 йилда Навоий вилоятида туғилган. У олий маълумотли мутахассис бўлиб, 2013 йилда Навоий давлат педагогика институтини тамомлаган. Шунингдек, 2024 йилда Россия Федерацияси президенти ҳузуридаги Россия халқ хўжалиги ва давлат хизмати академияси Давлат бошқаруви олий мактаби магистратурасини битирган.

Меҳнат фаолияти давомида у қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги тизимида турли масъул вазифаларда ишлаган. Хусусан, ушбу тайинловга қадар Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигида Кўп хонадонли уй-жой фондини бошқариш ва эксплуатация қилиш тизимини мувофиқлаштириш ҳамда реновация лойиҳаларини умумлаштириш департаменти бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган.

Янги тайинлов пойтахтда уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, кўп қаватли уй-жой фондини самарали бошқариш, коммунал хизматлар сифатини ошириш ва реновация жараёнларини тизимли ташкил этишда муҳим аҳамият касб этиши кутилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид