Жаҳон | 16:12
13079
6 дақиқада ўқилади

Чумолилар ерга қулаб, комага тушган парашютчи аёлни қандай қутқарганди?

1999 йилда америкалик парашютчи аёл 4,4 минг метр баландликдан пастга сакрайди. Шунда унинг асосий парашюти очилмайди. Аёл ерга 200 метр қолганда захира парашютини очади, бироқ унинг иплари ўралиб қолади. Оқибатда аёл соатига 130 км тезликда ерга келиб урилади ва комага тушади.

Дунёда ҳар куни турли инсонлар билан турли ғаройиб ҳодисалар содир бўлади. Кимдир мўъжиза туфайли тирик қолади, бошқа биров оддий зирапча кириши ортидан вафот этади.

Ҳозир ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз, америкалик парашютчи аёл Жоан Мюррей ҳам ўлим билан тугаши керак бўлган вазиятда мўъжиза туфайли омон қолади. Аниқроғи, унинг ҳаётини чумолилар қутқариб қолади.

Парашют спорти билан шуғулланган банк ходими

1952 йилда туғилган Жоан Мюррей улғайганидан сўнг иқтисодчи касбини эгаллайди ва Шимолий Каролинанинг Шарлотт шаҳридаги банкларнинг бирида ишлайди.

У 30 ёшгача ҳеч қандай экстремал спорт тури ёки бошқа ишлар билан шуғулланмайди ва одатий ҳаёт кечиради. 30 ёшдан ўтганда эса негадир парашютдан сакрашга қизиқиб қолади.

Аёл аввал парашютдан сакраш бўйича машғулотларга қатнашади. Сўнг аста-секин турли баландликлардан сакрай бошлайди.

1990-йилларнинг иккинчи ярмига келиб Жоан Мюррей тажрибали парашютчи бўлиб қолган ва йилига ўртача 25-30 та сакрашни амалга оширарди.

Парашютдан сакраш Жоан учун шунчаки ёқтирган машғулоти эмас, балки қобиғидан чиқиб, эркинликни ҳис қилиш, кундалик одатий зерикарли ҳаётдан қочиш эди.

Соатига 130 км тезликда қулаш

1999 йил 25 сентябр куни 37 ёшли Жоан Мюррей навбатдаги сакрашни амалга ошириш учун белгиланган аэродромга етиб боради. Ўша куни Шимолий Каролинада ҳаво очиқ, енгил шабада эсиб турганди.

Ўша йили у жами 36 марта парашютда сакраган ва навбатдагиси 37-сакраш эди. Аёл парашютни тақади, унинг боғичларини синчиклаб текширади. Захира парашютни кўздан кечиради. Ҳар иккала парашют тўғри тақилган, арқонлари жойида эди.

Самолёт Ер сатҳидан 4 400 метр баландликка чиққанда аёл пастга сакрайди. Жоан маълум вақт эркин учиб тушади ва парашютни очмоқчи бўлади. Бироқ у очилмайди.

Жоаннинг пастга учиб тушиши янада тезлашади. Шунда аёл захира парашютни очади. Ўша пайтда ергача тахминан 200 метр атрофида масофа қолганди.

Захира парашют очилган заҳоти унинг арқони ўралиб қолади ва Жоан пастга катта тезликда учиб туша бошлайди. Орадан бир неча сония ўтиб аёл соатига 130 км тезликда ерга келиб урилади.

Бундай учиб тушиш муқаррар ўлим билан тугаши лозим эди. Аёлнинг қовурғалари, умуртқаси ва бошқа суяклари синади, бироқ у тирик қолади. Фақат ерга келиб урилганда у ҳушини йўқотади.

Унинг тирик қолишига аёл қаттиқ ерга эмас, балки чумолилар уяси устидаги бўш тўпроққа тушгани сабаб бўлганди.

Халоскор чумолилар

Жоан комага тушган ва унинг юраги жуда секин урарди. У чумоли уяси устига келиб урилар экан, бундан чумолилар безовта бўлишади ва ғазабланишади. Сўнг улар уя тепасида ётган аёлга ҳужум қилади. Чумолилар галаси Жоанга ёпирилиб, унинг танасини чақа бошлайди.

Шу жойда чумолилар аёлни 200 мартадан ортиқ чақади. Аёлнинг танасига чумоли заҳри киради, вазият ёмонлашиш ўрнига бу аёлга наф беради.

Кейинчалик шифокорлар Жоанга чумолиларнинг заҳри танада адреналин ажралишига ва юракнинг тез уришига сабаб бўлганини, ана шу ҳолат унинг тирик қолишини таъминлаганини тушунтириб беришади.

Ҳодиса жойига қутқарув бригадаси ва шифокорлар етиб келганда Жоан чалажон ҳолда, чумолилар чаққани оқибатида бутун танаси қизариб, моматалоқ ҳолда ётганди.

Уни яқин орадаги шифохонага олиб кетишади. Ўшанда Жоанни дастлабки текширувдан ўтказган шифокорлар унинг яшаб кетиш эҳтимолини 2 фоиз деб баҳолайди.

Шифокорлар адашганди, Жоан соғая бошлайди, бироқ тўлиқ тузалиб кетиши анча вақтни талаб қилади. Бунда физиотерапия муолажалари, психолог ҳамда оила аъзоларининг, жумладан икки нафар қизининг қўллаши аёлнинг соғайиб кетишига сабаб бўлади.

Жоан икки ҳафта комада ётади ва ўзига келади. Аёлнинг синган суякларини бутлаш учун 20 марта жарроҳлик амалиёти ўтказилади.

Унга 17 марта қон қуйилади. Синган суякларни қотириш учун аёлнинг танасига кўплаб темир бўлаклари ва таёқчалари тиқилади.

Иродаси кучли аёл

Жоан Мюррей шифохонада бир йилдан ортиқ қолади ва соғлигини бироз тиклайди. Бироқ у барибир ногирон бўлиб қолади. Аёлга ногиронлик нафақасини таклиф этишади.

Жоан нафақага чиқишни рад этади ва банкдаги ишига қайтади. Бироқ узоқ ишлай олмайди ва бир неча йилдан кейин барибир нафақага чиқишга мажбур бўлади.

Аёл бу билан чекланиб қолмайди, у ўзидаги қўрқувларни енгиб ўтади ва қулаб тушганига икки йил бўлганда, 2001 йилда яна ўзида куч топиб парашютдан сакрайди. У бу иши билан ҳаёт фожиадан кучлироқ эканини исботлайди.

Жоан яна парашютдан сакрагач унга ОАВлар эътибор қаратади ва аёл машҳур бўлиб кетади. Унинг бошидан ўтказган ҳодисаларни ҳикоя қилган асари машҳур People журналида чоп этилади.

Ўша ҳикоясида у ҳаётга бўлган қарашлари билан ўртоқлашади ва шундай дейди: “Мен эрталаб пойабзалимни кийишдан ҳам қувонч оламан”.

Шундан сўнг Жоанни турли йиғинларга чақиришади ва у имконсиз ҳолатда қандай қилиб тирик қолганини айтиб маърузалар қилади.

Кейинроқ Жоан Мюррей саратон хасталигига чалинади ва касаллик билан узоқ курашдан сўнг 2022 йил май ойида 70 ёшида вафот этади.

Жоаннинг ҳикояси инсон иродасининг чеки йўқлигига ва табиат инсонга қандай марҳамат кўрсатишини олдиндан айтиб бўлмаслигига ёрқин далил сифатида қолди.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид