Ўзбекистон | 18:46 / 07.05.2026
547
3 дақиқада ўқилади

Апрел ойи Ўзбекистонда ўртача илиқ ўтди – Ўзгидромет

Ўтган апрел ойи Ўзбекистонда илиқ ўтиб, ҳарорати меъёрдан 1–2,6 даража юқори бўлди. Энг иссиқ кунларда кундузи ҳаво ҳарорати +28…+33 даражагача кўтарилди, энг салқин кунларда эса +13…+18 даражагача пасайди. Аксарият ҳудудларда ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам бўлди.

Фото: Kun.uz

2026 йилнинг апрел ойи ўртача илиқ бўлиб, сўнгги йилларда илиқ апрел ойлари қаторини давом эттирди. Ойнинг ўртача ҳарорати барча жойларда иқлимий меъёрдан 1–2,6 даражага юқори бўлди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Ойнинг энг илиқ кунларида ҳаво ҳарорати +28…+33 даражагача, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда эса +34…+36 даражагача кўтарилди.

Бироқ ўтган апрел 2025 йилнинг апрелига нисбатан салқинроқ бўлиб, у Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида энг илиқ апрел ойлари учлигига кирди ва республиканинг кўпчилик ҳудудларида ойлик максимал ҳарорат рекордларини ўрнатди. 15 апрелдан 18 апрелгача бўлган давр энг совуқ бўлиб, бунда ҳаво ҳарорати кечалари +5…+10 даража, кундуз кунлари +13…+18 даража бўлди.

Апрелдаги ҳарорат тартиби боғларнинг ялпи гуллаши, шунингдек, экиш кампаниясини ўтказиш ва экилган экинларнинг дастлабки ривожланиши учун қулай бўлди, дейилади шарҳда.

Ўтган апрел ойи нисбатан қурғоқчил бўлди. Республика ҳудудининг катта қисмида апрел ойида ёғингарчилик миқдори меъёрдан кам бўлди.

Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий вилоятларида ва Бухоро вилоятининг катта қисмида, яъни иқлимий меъёрлари юқори бўлмаган ҳудудларда, апрел ойидаги ёғингарчилик ўртача кўп йиллик қийматлардан юқори бўлди.

Ушбу фонда Самарқанд вилояти ҳамда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг тоғ олди ва тоғли ҳудудлари ажралиб турди, бунда иқлимий меъёрлар нисбатан юқори бўлишига қарамай, ўтган апрел ойида ёғингарчилик миқдори меъёрдан юқори ёки меъёрга мос бўлгани кузатилди.

Айрим кунларда республика бўйича баъзи жойларида ёғингарчилик миқдори бир кеча-кундузда 15 миллиметрдан 35 миллиметргача, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларининг тоғ олди ҳудудларида 40–50 миллиметргача (кўпинча бир неча соат ичида) бўлган кучли жала ёмғирлар ёғиши кузатилди, бу ойлик меъёрнинг 30 фоиздан 70 фоизгачани ташкил этди.

Қорақалпоғистон Республикасининг айрим шимолий ҳудудларида ва Қизилқум чўлида (Қўнғирот, Жаслиқ, Жонгелди метеостанциялари) ёғингарчилик миқдори меъёрдан 120−220 фоизни ташкил этган кучли жала ёмғирлар ёғиши кузатилди.

Ёмғирлар тез-тез момақалдироқ, баъзи жойларда кучли шамоллар, айрим туманларда эса дўл ёғиши билан кузатилди. Бу ойда ёмғирлар ёғиши республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқини ҳодисаларининг фаоллашишига сабаб бўлди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид