Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳужум қилмаслик пакти: Саудия янги тартибни таклиф қилмоқда
Яқин Шарқдаги хавфсизлик муаммолари янги ёндашувларни талаб қилмоқда. Саудия Арабистони илгари сураётган ўзаро ҳужум қилмаслик пакти Эронни ҳам қамраб олади. Лойиҳа Теҳроннинг манфаатларига жавоб бериши мумкин, лекин АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базалари ва Исроилнинг сиёсати бу ташаббуснинг тўлиқ амалга ошишини сўроқ остида қолдиради.
— Саудия ташаббус қилаётган Яқин Шарқ давлатларининг ўзаро ҳужум қилмаслик пактига минтақанинг қайси давлатлари қўшилмаслиги мумкин?
Камолиддин Раббимов: АҚШ–Эрон уруши минтақадаги кучлар мувозанати ва сиёсий тизимлар ҳақидаги тасаввурларни жиддий ўзгартирди. Унгача шаклланган қарашларга кўра, Эрон жуда заиф давлат сифатида талқин қилинар эди. Ички ижтимоий норозиликлар кучайгани сабабли ташқи босим бўлса, мамлакат сиёсий тизими “қоғоздан қурилган уй” каби тез қулайди, деган фикр мавжуд эди. Аммо воқеалар бундай сценарий асосида ривожланмади.
Энди Саудия Арабистони шуни англамоқдаки, Эрон минтақада узоқ муддат ва таъсири сақланиб қоладиган асосий омиллардан биридир. Яъни Эрон кўпчилик ўйлагандек мўрт ва беқарор давлат эмаслиги намоён бўлди.
Шу сабабли Риёд янги минтақавий хавфсизлик тизимини шакллантириш зарурлигини илгари сурмоқда. Бу тизим Эронни муҳим геосиёсий омил сифатида ҳисобга олиши, шунингдек, АҚШ ва Исроилга ҳаддан ташқари боғлиқликни камайтиришга қаратилиши кераклиги таъкидланмоқда.
Бу ташаббус маълум маънода совуқ уруш давридаги Ҳелсинки келишувларини эслатади. 1975 йилда имзоланган ушбу келишув Совет Иттифоқи ва Европа давлатлари ўртасида тўғридан тўғри ҳарбий тўқнашувнинг олдини олишга хизмат қилган эди. Томонлар ўзаро алоқа каналлари, музокара механизмлари ва ишончни мустаҳкамловчи воситаларни яратишга келишиб олган. Асосий мақсад – уруш хавфини камайтириш ва низоларни дипломатик йўл билан бошқариш эди.
Бугунги кунда Саудия Арабистони ҳам шунга ўхшаш моделни таклиф қилмоқда. Риёднинг позициясига кўра, Саудия ҳудудидан Эронга қарши ҳужум уюштирилмаслиги керак, Эрон эса ўз навбатида Саудия Арабистонига таҳдид солмаслиги лозим. Шу асосда ўзаро ҳужум қилмаслик пакти ғояси илгари сурилмоқда. Ҳозирча бу лойиҳа амалий босқичга ўтмаган, аммо минтақадаги мусулмон давлатлари ўртасидаги координацияни кучайтиришга қаратилган сиёсий ташаббус сифатида кўрилмоқда.
Мазкур келишувга Қатар, Баҳрайн ва Уммон каби давлатлар қизиқиш билдириши мумкин. Бироқ Бирлашган Араб Амирликларининг ҳозирча эҳтиёткор позицияда қолаётгани кузатилмоқда. Чунки сўнгги уруш фонида Абу-Даби хавфсизлик масалаларида АҚШ ва Исроил билан ҳамкорликни кучайтиришга мойиллик кўрсатди.
Табиийки, Эрон ҳам бундай келишувдан манфаатдор. Чунки бу унга минтақадаги легитим ва узоқ муддатли ўйинчи сифатида тан олиниши имконини беради.
Шуҳрат Расул: 2019 йилда Эрон Кўрфаз давлатларига минтақада ўзаро ҳужум қилмаслик ва ҳарбий босимни камайтириш бўйича келишув таклиф қилган эди. Бироқ ўша даврда бу ташаббус амалга ошмади. Бунинг асосий сабаби Яман уруши фонида юзага келган кескинлик эди, яъни Эрон томонидан дастакланувчи ҳусийлар Саудия Арабистони нефт инфратузилмаларига ракеталар билан ҳужумлар уюштирган эди. Саудия Арабистони ўша музокараларда бу масалани кун тартибига қўйиб, Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган проксилар ҳам келишув доирасига киритилиши кераклигини талаб қилган.
Эрон эса прокси кучларни алоҳида томон сифатида расмий келишувга киритишни рад этгани сабабли, музокаралар натижа бермаган. Бугунги кунда эса вазият ўзгариб, Эрон яна ўзи шунга ўхшаш ташаббуслар билан чиқмоқда. Бу минтақавий геосиёсатда сезиларли силжиш юз бераётганини кўрсатади.
Лекин АҚШ минтақадаги ҳарбий базалари орқали “хавфсизлик соябони”ни таъминлашни ваъда қилган бўлса-да, уруш шароитида Кўрфаз давлатлари Patriot, THAAD ва бошқа ракетага қарши тизимларга бўлган эҳтиёж кучайган пайтда, уларни бермади. Натижада араб давлатларидаги айрим нефт ва газ инфратузилмалари зарбаларга учради.
Бу ҳолат Кўрфаз монархияларида АҚШнинг хавфсизлик кафолатларига нисбатан саволларни кучайтирди. Аксинча, АҚШ ўз ресурсларини кўпроқ Исроилни ҳимоя қилишга йўналтиргани ҳам минтақадаги айрим давлатларда норозилик уйғотди.
Шу билан бирга, АҚШ ва айрим Кўрфаз давлатлари ўртасидаги муносабатларга таъсир қилган сиёсий ва дипломатик кескинликлар ҳам мавжуд. Бу жараёнларда АҚШ раҳбариятининг айрим кескин риторикаси ҳам минтақавий ҳамкорлик муҳитига салбий таъсир кўрсатган.
Бирлашган Араб Амирликлари эса бу жараёнда нисбатан мустақил стратегия юритмоқда. У Исроилдан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини харид қилди ва инфратузилмасини мустаҳкамлашга интилмоқда.
Бундан ташқари, БАА янги нефт қувури лойиҳаси орқали ўз экспорт йўналишини диверсификация қилмоқда. Бу қувур ишга тушса, БАА нефтининг катта қисми Ҳўрмуз бўғози ўрнига Қизил денгиз орқали экспорт қилиниши мумкин бўлади. Натижада, БААнинг геосиёсий позицияси ҳам, Эрон билан муносабатлардаги мувозанати ҳам маълум даражада ўзгариши эҳтимол қилинади. Бу жараён эса вақт талаб этади.
Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
21:37
Саудияда Қурбон ҳайити санаси эълон қилинди
20:41
АҚШ музокараларни қайтадан бошлаш учун Эронга бешта шарт қўйди - ОАВ
20:50 / 16.05.2026
Франция Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодасига қарши тергов бошлади
15:07 / 16.05.2026