Жамият | 08:50
978
1 дақиқада ўқилади

Навоийда кўп қаватли уйда ёнғин чиқди

Навоий шаҳридаги кўп қаватли турар жой биносида содир бўлган ёнғин оқибатида саккизта хонадон зарарланди. Фавқулодда вазиятлар хизмати ёнғинни бир соатдан ортиқ вақт ичида бартараф этди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, 2 июнь куни соат 04:19 да Навоий шаҳрининг Кимёгар маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйнинг том қисми ёнаётгани ҳақида хабар келиб тушган.

Ҳодиса жойига еттита ёнғин-қутқарув бўлинмаси ва иккита автонарвон жалб қилиниб, қутқарувчилар соат 04:23 да етиб борган. Ёнғин соат 04:35 да қуршаб олинган ва соат 05:35 да тўлиқ ўчирилган.

Дастлабки маълумотларга кўра, тўққиз қаватли уйнинг тўққизинчи қаватида жойлашган саккизта хонадоннинг том қисми, шифтлари ва ички ҳудуди жами 300 квадрат метр майдонда ёнган.

Ёнғин оқибатида жабрланганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган. Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид