Ўзбекистон | 23:00 / 10.06.2026
1254
3 дақиқада ўқилади

Швеция ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига очилмоқда

10 июнь куни ТИВда Швеция делегацияси билан музокаралар бўлиб ўтаркан, миграция бўйича иккита ҳукуматлараро ҳужжат имзоланди. Уларга мувофиқ, Швецияга меҳнат муҳожирларини қонуний жўнатиш кенгайтирилади. Шунингдек, Стокголм кончилик саноати бўйича ўз ечимлари ҳамда ускуналарини таклиф этмоқда.

Швеция қироллиги ташқи ишлар вазирлигининг халқаро ривожланиш ҳамкорлиги ва ташқи савдо бўйича давлат котиби Диана Янсенинг медиага маълум қилишича, бу давлатдан асосан учта йўналиш – телекоммуникация, соғлиқни сақлаш ҳамда кончиликка асосий инвестициялар тикилади.

Музокараларда икки томон комплекс алоқаларни муҳокамадан ўтказди. Дипломатик идораларнинг узоқ муддатли диалоги ортидан асосий натижа – миграция бўйича икки муҳим ҳужжатнинг имзоланиши бўлди. Яъни Швеция ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида миграция ва мобиллик битими, қонуний миграция ва академик алмашинувларни осонлаштиришга йўналтирилган миграция ва мобиллик пилот дастурини ишга туширувчи аҳдлашув декларацияси имзоланди.

- Ўзбекистон томони билан нимани гаплашдингиз ва бу ҳужжатлар нимани англатади ўзи?

- Мен Ўзбекистонга бизнес делегациясини ҳам олиб келдим, шунинг учун савдо масалаларига катта эътибор қаратилди. Имзоланган махсус келишувга келсак, бу миграция тўғрисидаги битимдир. У мамлакатларимиз ўртасида тартибга солинган ва мунтазам миграция оқимларини йўлга қўйишга ҳуқуқий асос бўлиши керак, - дейди давлат котиби Диана Янсе.

Ўзбекистон Миграция агентлиги раҳбари Беҳзод Мусаевга кўра, бошқа Европа давлатлари сингари Швецияда ҳам айниқса, IT мутахассислари ҳамда тиббиёт ходимларига талаб кучли.

Швеция ТИВ давлат котибининг қўшимча қилишича, миграция расмий Стокголм учун ҳам устувор вазифа. Шунингдек, Швеция кончилик бўйича ҳамкорликка жиддий интилмоқда.

- Миграция бўйича Ўзбекистон билан режаларни амалга ошириш қанчалик осон?

- Швеция Адлия вазирлиги ва сиздаги Миграция агентлиги келишувдан максимал фойдаланади. Иккала ҳукумат учун ҳам бу устувор вазифа. Ҳужжат мазмун билан бойитилиши керак.

-Швеция Қироллиги учун Ўзбекистонга сармоя киритишда қайси йўналишлар қулай?

  • Инвестиция бўйича ўзгаришлар катта. Биз барқарор кончилик бўйича дунёда етакчимиз. Ўзбекистон кончиликнинг эски усулларидан қутулмоқчи, замонавий хавфсиз ва экологик стандартлар асосида ишлашни истайди. Швеция нафақат тажриба, балки ускуналар бўйича ҳам кўп нарсани таклиф қилолади. Шу боис ҳам Ўзбекистон кончилик компанияларимиз иш олиб бормоқда, - дейди Швеция ТИВ вакили.

Маълум бўлишича, Швециянинг дунёга машҳур фармацевтика компаниялари билан баъзи режалар бор. Бу давлат биотехнология бўйича ҳам етакчилардан, ҳамкорликда потенциали юқори соҳа. Стокголм Ўзбекистондан кўпроқ маҳсулот сотиб олишни истайди, бу мақсадда Миллий савдо кенгаши ишламоқда.

Шоҳрух Мажидов
Муаллиф Шоҳрух Мажидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид