Ўзбекистон | 09:45
825
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 172 минг гектар саноатлашган боғлар барпо этилади

Ўзбекистонда 2026–2028 йилларда 172 минг гектар майдонда саноат усулидаги интенсив мевали боғлар ташкил этилади. Бу борада Президентнинг тегишли фармони қабул қилиниб, боғдорчилик соҳасини молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги механизмлари жорий этилди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

“Саноат усулидаги интенсив мевали боғлар барпо этиш ва эскирган боғларни янгилашни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, мамлакатда замонавий боғдорчиликни ривожлантириш ва эскирган боғларни босқичма-босқич янгилаш чоралари кўрилади.

2026 йил 1 июлдан бошлаб эскирган боғларни яроқсиз деб топиш ва улар ўрнида саноатлашган боғлар ташкил этиш бўйича хулоса бериш ваколати Агросаноатни ривожлантириш агентлигига ҳам берилади.

Шунингдек, агентлик хулосаси берилганидан кейин 12 ой давомида янги боғ ёки токзор барпо этилмаса, мазкур ер майдонлари учун ер солиғи ва сувдан фойдаланганлик солиғи ставкалари 3 бараварга оширилади. Агар 24 ой ичида ҳам янги боғлар ташкил этилмаса, ушбу ерларга сув бериш тақиқланади.

Фармон билан боғдорчилик соҳасини молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ҳам белгиланди. Хусусан, тадбиркорларга ҳар гектар учун 120 миллион сўмгача бўлган кредитлар 7 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 14 фоиз ставкада ажратилади.

Шунингдек, хориждан “in-vitro” усулида етиштирилган сертификатланган мевали кўчатларни импорт қилиш учун ҳам имтиёзли кредитлар тақдим этилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид