Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Суд жараёнларида адвокатлар ваколатлари кенгайтирилиши мумкин
Ўзбекистонда жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнида адвокатларнинг иштироки ва таъсирини кучайтиришга қаратилган қонунчилик ташаббуси илгари сурилмоқда. Қонун лойиҳасига кўра, ҳимоячиларга қўшимча процессуал ҳуқуқлар берилиб, суд муҳокамаларида томонлар тенглигини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилади.
Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди ва депутатлар томонидан маъқулланди.
Ҳужжат билан Жиноят-процессуал кодекси ҳамда «Адвокатура тўғрисида»ги қонунга бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Уларнинг асосий мақсади суд-ҳуқуқ тизимида томонларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги принципларини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Лойиҳада жиноят ишини судга юборишда айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан бир қаторда ҳимоячининг фикрини ҳам тақдим этиш тартибини жорий этиш назарда тутилган. Бу эса судяга иш бўйича ҳар икки томоннинг позицияси билан олдиндан танишиш имконини беради.
Шунингдек, адвокатларга дастлабки тергов ёки суриштирув якунланганидан кейин беш сутка ичида «ҳимоя фикри»ни тақдим этиш ҳуқуқи берилиши таклиф қилинмоқда. Ушбу ҳужжатда айбловга муносабат, ҳимоя тарафининг далиллари, жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар, судга чақирилиши лозим бўлган шахслар ҳамда бошқа муҳим маълумотлар акс эттирилиши мумкин.
Қонун ташаббускорларининг таъкидлашича, мазкур ўзгартишлар суд муҳокамаларида процессуал мувозанатни таъминлаш, адвокатларнинг ролини кучайтириш ва одил судлов сифатини янада оширишга хизмат қилади.
Муҳокамалар якунлари бўйича қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.